ТИНЧЛИК ОЛИЙ НЕЪМАТ

       Маълумки, инсоният ҳаёти давомида турли мафкура ва маслаклар ўртасидаги зиддият ва қарама-қаршиликларни бошидан кечирган. Бунинг оқибатида ўзаро келишмовчиликлар, нотинчликлар юзага келиб турган. Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқ. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз (сав) ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар“Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”. (Имом Бухорий ва Имом Термизий).

   Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари балки, унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим. Улуғ неъмат — мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикдан хотиржамликка берилиш, огоҳлик ва сезгирликни йўқотишга мутлақо ҳаққимиз йўқ. Уни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш фақат муайян соҳалар ходимларининг вазифаси, деганлар қаттиқ янглишади. Бу йўлда барчамиз янада жипс бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз керак. Ўз уйингни ўзинг асра, деган гапда ҳикмат кўп, унинг маъноси кенг. Зеро, тинчлик учун доимо курашиш керак, уни ҳеч ким яратиб бермайди. Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради

   Халқимизнинг янг яхши кўрган ва энг кўп такрорлайдиган дуоси “Илоҳо, хонадонларимизни тинч ва осойишта, юртимизни обод қил” деган дуодир. Доно халқимизнинг “Қўшнинг тинч – сен тинч”, “Бир кун уруш бўлган жойдан қирқ кун барака кетади”, “Тинчлигинг – хурлигинг”, “Уруш томошабинга осон” каби мақолларда ҳам тинчлик қанчалик бебаҳо неъмат экани айтилади. Оқсоқоллар насиҳатида, оналар айтган аллаларида бежиз тинчлик, хотиржамлик кўп тилга олинмайди.

    Барчамиз ҳозирги пайтда юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаб, ён-атрофимизда бўлаётган ҳодисалардан огоҳ бўлиб, аҳоли ўртасида тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етиш, дунёнинг турли мамлакатларида давом этаётган нотинчликлар хусусида, уларнинг асл сабабларини янада яхшироқ тушунмоқдамиз. Албатта, мамлакатимизда рўй бераётган ривожланиш ва тараққиёт юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамликнинг эвазига бўлаётганини, тинчлик эса ўз-ўзидан, осонликча бўлмаслигини унутмаслик керак. Кези келганда таъкидлаш жоизки, бу ютуқлар қандай қўлга киритилгани, халқимизга хос бўлган сабр-бардош, мамлакат келажагига қатъий ишонч, ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлиб яшаш, тинчлик-тотувликни асраш, бағрикенг бўлиш, ўзаро меҳр-оқибат кўрсатиш каби улуғ фазилатлар ҳақида аҳолимизга, хусусан, ўсиб келаётган ёш авлодга сўзлаб беришимиз лозим. Токи, бугунги мураккаб шароитда тинчликни асраш учун огоҳлик, сезгирлик, ҳушёрлик ҳар қачонгидан кўра муҳимлигини тўлиқ тушуниб етсинлар.

     Афсуски, Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати бўлмиш тинчликдан ҳамма ҳам баробар баҳраманд эмас. Чунки, дунёнинг турли бурчакларида террорчилар томонидан ноҳақ қон тўкилишлар содир этилмоқда. Шундай мудҳиш воқеаларнининг қабиҳ ниятли бузғунчи гуруҳлар томонидан амалга оширилиши бутун дунё тинчликсевар халқлари қатори Ўзбекистон халқининг ҳам қалбини ларзага солади. Шунинг учун ҳам биз доимо тинчлик ва меҳр-оқибатни ўзида мужассам этган муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этишни долзарб вазифа сифатида биламиз. Шунингдек, ислом динини ниқоб қилиб, ўзларининг ғаразли мақсадларига эришишга уринаётган ҳаракат ва кучларга қарши доимо сергак ва ҳушёр туриш зарурлигини яна бир бор таъкидлаймиз.

     Огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш тинчликни таъминлаш, турли хил кўнгилсизликлар ва хавфу хатарларнинг олдини олишнинг зарурий шарти ҳисобланади. Зеро, ғофиллик ва бепарволик турли нохушликларга замин яратади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло тафаккур қилмайдиган, ўзининг ким эканини англаб етмайдиган, бугуннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси ҳақида қайғурмайдиган, бепарво ва беғам кимсаларни “Аъроф” сурасининг 179-оятида: яъни: “Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан «англамайдилар». Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан «кўрмайдилар». Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан «эшитмайдилар»*. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир”, деб таърифлайди.. Ислом оламининг эътиборли уламолари томонидан мўътабар манбалар асосида берилаётган раддияларни тан олмаётган турли йўналиш ва фирқаларнинг аъзоларини ҳам юқоридаги оятда келтирган кимсаларга қиёслаш мумкин.

    Тинчлик улуғ неъмат деб эълон қилган динимизда бу йўлда нафақат амал билан, балки сўз билан ҳам зарар келтиришдан қайтарилган, Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қилганлар: “Ҳақиқий мусулмон бу мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлишликларидир”.

    Дарҳақиқат, мусулмон киши жамият учун фақат яхшиликни раво кўрмоғи, ёмонликлардан тийилмоғи ва бошқаларга азият беришдан йироқ бўлмоғи зарур. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, сўз, яъни тилдан етадиган озор қўлдан етадиган зарардан аввал зикр этилиши, қўл билан бошқаларнинг фақат бу дунёси-саломатлиги, оиласи, мулкига зарар етказиш мумкинлигига, тил билан инсонларни турли бузғунчи ғояларга тарғиб қилиш, уларни тўғри йўлдан чалғитиш орқали икки дунёсини барбод этиш мумкин.

   Урушлар туфайли инсонлар ўртасида меҳр-оқибат, одамгарчиликунутилади, бошланган хайрли ишлар, улуғ мақсадлар ўлда-жўлда қолиб кетади. Барчанинг ҳаётидан ҳузур-ҳаловат, турмушидан ором-фароғат кўтарилиб кетади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларини бўлар-бўлмас сабаблар билан урушлар чиқаришдан, тор манфаатлар йўлида бир-бирларига қурол кўтаришдан қайтарган. Буюк Парвардигорнинг амрларидан чекинган инсонлар бир-бирларига қурол кўтариб жанг қилишади, қанчалаб одамларни ҳалок қилишади ёки асир олиб хўрлашади.

    Дунёда уруш олови ёқилиб турган мамлакатлар кўп, Аллоҳга шукурлар бўлсинки, бизнинг юртимизда бунақа ҳолатлар йўқ. Аллоҳ таъоло ҳамма вақт тинчлигимизни боқий қилиб,осмонимизни мусаффо айласин.

 

                                                                                                          Т.Ваисов

Урганч туман “Қамбар бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *