МИССИОНЕРЛИК НИМА

       Миссионерлик (миссия-лотинча юбориш, топшириқ) – бирор динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилиш демакдир. Миссионерлик асосан, христианликка хос бўлиб, бу ҳаракат христианлик Византия имперасида давлат дини сифатида эълон қилиганидан эътиборан олиб борилади.

      Мазкур ҳаракатнинг илк даврида христиан миссионерлари ўзларининг миссионерлик ҳаракатларини Европа ва Яқин Шарқдаги кўп худоликка сиғиниб келган аҳолини якка худоликка тарқиб қилишдан иборат деб кўрсатганлар.

   Бугунги кунда Ўзбекистон мисолида оладиган бўлсак, маҳаллий христиан диний ташкилотларининг «мисионерлик» ҳаракатлари тўғридан-тўғри маҳаллий-туб аҳолини «евангелитазиция» қилишга, яъни ўз динига оғдиришга қаратилгани намоён бўлади.

      Миссонерлик ҳаракатида яна бир ҳолатни алоҳида ажратиш лозим. Бу маълум бир ижтимоий қатламни ажратиб олиш ва шу билан мақсадли иш олиб боришдан иборатдир. Маълумот ўрнида, мусулмонларга қарши йўналтирилган илк миссионерлик ҳаракатларига милодий VIII асрдаёқ дуч келиш мумкин. Турли ғарб манбаларида Андалусия подшоҳи Абдулазиз (713-716)ни насроний қилишга хотини Эгинола урингани айтилади. Бу аёл ғарблик илк миссионер ҳисобланади. «Франция роҳиби» номини олган челонялик Аббат Хуг эса 1074 ва 1078 йиллари Андалусияда Сарагоссанинг мусулмон раҳбарига икки мактуб ёзиб, уни насронийликка даъват қилади. Яна бу асрда Папа VII Грегорий ҳам Шимолий Африка мусулмонларига қарши яширинча миссионерлик ҳаракатлари уюштирган.

      Муқаддас ислом дини ақидаларини бузган ҳолда талқин қилиш ва уни оммага етказиш жиноятдир. Мазкур маълумотларни кенг жамоатчиликка етказишда миссионерларнинг “ҳиссаси” беқиёс. Улар ўзларининг гўёки, ҳақ эканини асослаш учун Қуръондаги қуйидаги оятдан жуда кўп ўринларда фойдаланишлари кузатилган: “Агар улар Таврот, Инжил ва Парвардигорлари томонидан уларга нозил қилинган нарса (Қуръон)га риоя қилишганида, тепаларидан (маънавий) оёқлари остидан (моддий) таъминланган бўлур эдилар…” (Моида, 66).

   Қайд этилган оятни ўзларининг манфаатларига мос тарзда талқин қилиб, улар мусулмонлар онгига Қуръон ҳам Таврот ва Инжилга амал қилишни буюрмоқда, деган ғояни сингдиришга ҳаракат қиладилар. Аммо уларнинг бундай даъволари мутлақо асоссиздир. Миссионерлар ўз мақсадларига эришиш йўлида ҳеч нарсадан тап тортишмайди. Мазкур ҳолатда ҳам шундай йўл тутилаётганини қайд этиш лозим. Чунки улар ўз манфаатларига хизмат қилмагани учун ушбу оятнинг бир қисмини “унутиб қўядилар”. Эътибор берилса, оят ўзининг тўлиқ шаклида ва мусулмонлар уламолари тафсирида мутлақо бошқача мазмун касб этади:

“Агар улар Таврот, Инжил ва Парвардигорлари томонидан уларга нозил қилинган нарса (Қуръон)га риоя қилишганида, тепаларидан (маънавий), оёқлари остидан (моддий) таъминланган бўлур эдилар. (Дарвоқе), улар ичида мўътадил (имонли) тоифа ҳам бор. (Лекин) улардан кўпчилигининг қилаётган ишлари ўта ёмондир ” (Моида, 66).

          Қуръоннинг муқаддаслигини инкор этиш, унда гўёки, изчиллик ва давомийлик йўқлиги, нотўғри маълумотлар ва зиддиятлар кўплигини “ёритиш” ҳам миссионерлар тарғибот йўлининг таркибий қисми ҳисобланади.

        Миссионерлик жамият кушандаси, инсон эътиқодига нисбатан қилинган қарши ҳаракатлар намунаси. Ҳали ҳануз дунёнинг кўплаб мамлакатларида миссионерлик ҳаракатлари авж олиб, унинг жабрдийдалари сони тобора ортмоқда. Ахборот асрида бизни кўплаб таҳдидлардан ҳимоя қилувчи ягона омил – маънавий жасоратдир. Эътиқоди мустаҳкам, иродаси бақувват ва мустақил фикрига эга инсон бу каби таҳдидлар домига тушмайди, ўз йўлидан адашмайди. Шундай экан, миссионерлик ғояси тарғиботчиларининг пуч ваъдаларига ишониб қолишдан сақланайлик.

 

                                                                                  П.Бобожонов

Шовот тумани “Қори эшон бобо” масжиди

 имом-хатиби

 

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *