МИССИОНЕРЛАР МАҚСАДИ МОЛ, АМАЛИ ФИТНАДИР

      Ҳозирги кунда диёримиздаги айрим ҳудудларда мусулмон фарзандларимизни бошқа динларга оғдириш, яъни миссионерлик ҳаракатлари учраб турибди. Соф ақида нима эканидан бехабар, хақ билан ноҳақликни англаб етмаган баъзи одамлар ўз динларидан кечиб кетишлари жуда ачинарлидир. Бу эса жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобланмиш оилада ҳар хил низолар келиб чиқишига сабаб бўлмокда. Уларнинг ўз эътиқодларидан юз ўгиришларининг биринчи сабаби ислом ақидасини яхши билмасликлари бўлса, иккинчиси миссионерлар томонидан турли хил кўринишдаги моддий рағбатлантиришлардир. «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасида: «Давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлайди. Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракат (прозелетизм), шунингдек, бошқа ҳар қандай миссионерлик ҳаракати ман этилади», дейилган.

       Демак, диний конфессиялар ўртасида турли хил нохушликларни келтириб чиқармаслик, бир дин вакили томонидан бошқа динларни камситилишини олдини олиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан миссионерлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқлаб қўйилган. Ҳозирда республикамизда фаолият кўрсатаётган турли хил ташкилотлар ниқоби остида иш олиб бораётган миссионерларнинг мақсади нима? Улар, аввало, вазиятни, кишиларни, амалдорларни, уларга чиқиш йўлларини яхшилаб  ўрганадилар. Кейин эса аста-секин инсоний ёрдам, тиббий хизмат, хайру эхсонга ўхшаш нарсалардан гап очадилар. Кўлидан иш келадиганларга совғалар улашадилар. Аста-секин у ер-бу ердан одамларни тўплаш бошланади, оддий суҳбат, чой ичиш, видеофильм кўриш, кичкинагина совға ва совғага қўшиб суҳбатдошнинг она тилидаги миссионерликни тарғиб қилувчи китоб беришади. Қарабсизки, етти пушти мусулмон бўлиб келган бир шахс миссионерларнинг қурбонига айланади.

        Миссионерларнинг асл мақсади динга киритиш эмас, балки мусулмонларни диндан чиқаришдир. Миссионерлик фаолияти билан шуғулланаётган кишилар умуман тарафдорларининг ахлоқини яхшилаш билан шуғулланмайдилар. Аксинча, улар хулқни бузадиган ишларни ёйишади. Турли хил ўйинлар ташкил қилишади, ресторанлар очиб, тунги кўнгилхушликлар уюштиришади.

      Миссионерларнинг мулойим, сахийлигига алданиб, уларнинг тузоғига илинган кимсалар аслида исломий ҳаётдан анча йироқ, унинг ҳаётбахш таълимотидан бехабар кишилардир. Акс ҳолда, улар минг йиллар давомида ота-боболари асраб-авайлаб келган муқаддас динини арзимас нарсага, дунё матосига сотмаган, бундай нодонлик ва жаҳолатга йўл қўймаган бўлар эдилар. Бугунги тахликали замонда миссионерларнинг иштаҳалари чакки эмас. Ўз юртларида, дунёнинг бошқа жойларида ҳунарлари ўтмаганидан кейин, қулай жой ва фурсат топиш  мақсадида дунёнинг турли минтақаларида изғиб юрган миссионерлардан огоҳ бўлайлик. Аслида инсон оила, маҳалла, жамиятдан айри яшай олмайди. Шу сабабли, ўзимизга жиддий эътибор қаратмоғимиз, эътиқод ва иродамизни бўшаштирмаслигимиз ва қолаверса, ён-атрофимиздаги кишиларга нисбатан масъулиятимизни ҳис этишимиз лозим.

 

Матниязов Мухаммадамин

Боғот туман   «Одина эшон бобо” масжиди   имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *