МАЪНАВИЙ ТУБАНЛИК ИНСОНИЙЛИКНИ ЙЎҚОТИШДИР

Дунёдаги ҳар бир халқнинг ўзига хос анъаналари, урф-одатлари миллий қадриятлари бор. Муайян заминда куртак очиб, неча юз йиллар давомида шаклланган ва сайқал топган маънавий мезонлар шу миллатнинг, шу халқнинг бебаҳо бойлиги ҳисобланади. Бинобарин, ҳар бир инсон комиллик даражасига эришиш учун ўз миллатининг маънавиятини билиши, маънавий жавоҳирларини англамоғи, шунингдек, аждодлар дини, тафаккур тарихи, руҳий кечинмалари ва маънавий меросини ўрганмоғи зарур.

Инсон жамияти юксалган сари бу маънавий жавоҳирлари ҳам муштараклик, ҳам ўзига хос қонуниятлари асосида тараққий этиб, миллат ва мамлакатнинг ўрни, дунёқараши ва қадр-қимматини белгилаб беради. Кўпинча суҳбат чоғида айрим зиёлилар номаъқул мусиқа, номаъқул фильмларнинг, миллатимиз руҳиятига, маънавиятига зид урфларнинг ёшларга, умуман одамлар онги ва қалбига салбий таъсири ҳақида куюниб гапириб қолишади.

Дарҳақиқат, на маъно на мазмун бўлган, инсоний ҳислардан кўра, кўпроқ паст инстинктларни қўзғовчи қўшиқ, ғоявий бўш, ҳатто зарарли фильм каби “оммавий маданият” намуналарига ҳаётимизда кўп дуч келамиз. Давлатимизда илгари сурилган “ғояга қарши ғоя, фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши фақат маърифат билан бахсга киришиш мумкин”, деган фикрнинг мазмун-моҳияти теранлиги ва доимо долзарблиги шундаки “оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик ортириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди”

Хуллас, инсон маънавий ҳаётида инқироз тушкунлиги туфайли бузғунчилик, оммавий невроз, ахлоқсизлик, тажовузкорлик каби ҳолатлар намоён бўлиб, тобора хатарли тус олмоқда. Зеро, глобаллашув жараёни, замонавий коммуникация тармоқларининг жадал ривожланиши, маданиятлараро, инсонлараро мулоқот кенгайиб бораётган бир паллада Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, аждодларимиз қолдирган бой маънавий-маданий меъросни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга беками-кўст етказиб бериш, ёшларимизни ақлли, доно, бахтли ва баркамол этиб тарбиялаш ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Мустақил ривожланиш йўлини танлаб янги жамият қураётган ҳар бир миллат учун ахлоқ ва миллий маданиятни сақлаш ва янада ривожлантириш – энг долзарб ва устувор вазифадир. «Оммавий маданият» турли хил кўринишларининг ёшлар орасида тобора кенг тарқалиши асосан кийинишда, қизиқишларда, бўш вақтни ўтказишда, дидларнинг саёзлашувида, миллий қадриятларга муносабатда намоён бўлмоқда. Булар эса беҳаёлик ва зўравонлик, миллий қадриятларга ва ижтимоий манфаатларга беписандлик билан муносабатда бўлиш каби иллатларни келтириб чиқармоқда.

Кечагина одамларнинг кулгусига сабаб бўлган антиқа кийимларни бугун ўзимизнинг миллий либосларимизга алмаштириб юбораётган ёшлар, куни кеча телевиденияда олиб берилганда, оила катталарининг жиддий эътирозига сабаб бўлган сериаллар бугун оммавий ҳолатда кўриладиган кинолар қаторига кириб қолганлиги ёки эндигина тили чиқаётган болаларнинг қандайдир алламбало сўзлар билан ўзгаларни ҳақорат, қилиши бизнинг ўзбекона ҳаётга мутлақо бегона ва янгидан, кутилмаган томонлардан кириб келаётган иллатлар ҳисобланиши борасида ва уларнинг айни пайтда менталитетимизга бераётган оғир зарбалари ва оқибатлари борасида ўйласак инсонни юрак бағри эзилиб кетади.

Бу ўринда таъкидланаётган нарса шуки, эътиборли бўлиш лозим бўлган томонларга назар ташлаш ва уларга ўз ҳолича, муносиб равишда қаралишидир. Ғазал мулкининг султони бўлмиш бобомиз Алишер Навоий “Дўстлар фикридин ва душман макридин бепарволиғ жоиз эмас ва бу иш надоматтин ўзга натижа бермас” дея, бу мавзуга доир ўзларининг фикрларини зоҳир айлаганлар.  Фарзандларнинг келажакда қайси тоифадаги кишиларга ўхшаб қолиши ҳақида жаноб Расулуллоҳдан (с.а.в) ушбу ҳадиси шариф ворид бўлган:

“Хар бир фарзанд мусулмон фитратида туғилади, лекин уни яхудийга айлантириб юборадиган хам, насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган хам унинг ота-онасидир” (Имом Бухорий ривояти).

Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ умумбашарий ва демократик қадриятларни чуқур ўзлаштирган ҳолда барпо этилаётган ҳуқуқий ва демократик жамият қуриш йўли бугун ўзини тўла оқламоқда. Бунга муносиб бўлиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир. Буюк аждодларимиз қолдирган бой маданий ва маънавий меросни, мардлик ва жасоратни аллақандай «оммавий маданият»га алмаштиришга эса ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Маънавият қанчалик юксак бўлса, инсон қалбида ёвузлик, ва жоҳиллик каби иллатларга ўрин қолмайди. Маънавияти қашшоқ кимса эса нафақат ўзи оиласига ва яқин кишиларига, балки жамиятга ҳам кулфат ҳамда фалокат келтиради. Шу сабабли, улуғ донишмандларимиз маънавият инсон камолотининг олтин бешиги дейишган.

Х.Матяқубов

Хонқа туман бош имом- хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.