ИНСОН ҲАЁТИ ҲИМОЯДАДИР

Инсон қадри азиз, шаъни, ор-номуси дахлсиздир. Динимиз инсон қадрини эъзозлайди, кишиларни хўрлашдан, қул қилишдан қатъий қайтаради.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир қулни озод этса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида қутқарилган инсоннинг ҳарбир аъзоси баробарига халоскорининг аъзоларини дўзахдан қутқаради”, деб марҳамат қилганлар.

Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу хабарни эшитган саҳобалар қулларини озод қилишга шошилишган. Абу Бакр Сиддиқ (розийаллоҳу анҳу) каби улуғ саҳобалар пулларини сарфлаб бўлса ҳам қул озод этганлари маълум.
Ислом ҳур инсонни сотишни тақиқлайди. Чунки ҳур киши сотиладиган мол эмас.
Абу Ҳурайра (розийаллоҳу анҳу) Пайғамбаримиздан ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Мен қиёмат кунида уч тоифа кишига Менинг номим билан қасам ичиб, сўнг хиёнат қилган; ҳур одамни сотиб, пулини еган; бир инсонни ишлатиб, ҳаққини бермаган кишига даъвогар бўламан”, деб хабар беради.

Афсус, ҳамюртларимиз орасида бугун ҳур одамларни алдаб сотиш билан шуғулланувчи виждонсизлар учраяпти. Уларнинг одамлар ҳақ-ҳурматини поймол этиб, ёлғон ваъдалар билан, арзимас матоҳ каби сотиб юборишлари нақадар қабиҳ ишдир. Бундай кимсаларнинг нопок қилмишлари боис ўзга юртларда азоб чекаётганлар оз эмас.
Ҳақ-ҳуқуқларини яхши билмайдиган, тинчлик, тансиҳатлик каби неъматлар қадрига етмай, орзу-ҳавасларга, хом-хаёлларга берилган кишилар тилёғламачиларнинг қармоғига илиниб қолишяпти.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларидан бирида:
“Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганида оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсин, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”, деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Икки неъмат бор, инсон кўп ҳолатларда уларнинг қадрига етмайди: тинчлик ва тансиҳатлик, деганлар.
Одам савдоси энг ёмон ишлардан бўлгани боис, мамлакатимизда бу қабоҳатга чек қўйиш мақсадида жиддий кураш олиб бориляпти. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш борасида муҳим ишлар амалга оширилмоқда.

Очиқкўнгил юртдошларимизга, катта ҳаёт остонасида турган ёшларга: “Қадрингизни билинг, илм ва ҳунар ўрганинг”, деймиз. Ҳақиқатни билган, қалби уйғоқ киши нафсини жиловлай олади. Ризқ Аллоҳдан эканига имон келтириб, ёмонларнинг ваъдасига алданмайди.

Янгибозор тумани « Шайх Абдуллайи Боғдоджон

бобо » масжиди имом хатиби Бўронов Хасан

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *