ИЛМНИНГ ФОЙДАЛАРИ

Билим ва унинг юқори поғонаси илм, маънавиятнинг муҳим таркибий қисмларидан бўлиб инсонни камолотга етаклайди, унга ҳурмат ва эътабор келтиради. Билимли кишилар самарали ижодий ва илмий ишлари билан эл орасида ҳурмат топадилар, жамиятнинг ривожланишига ҳисса, халқининг ва ватанининг обрўсига обрў қўшдилар.
Ёшлар билим олиши, салоҳиятли фуқаро бўлиб улғайиши, эл-юрт манфаати учун хизмат қилиши ва илм фан тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиши ҳамма замонларда долзарб саналган масалалардан ҳисобланади. Шу боис мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб ёш авлодни билимли ва эркин фикрлай оладиган шахс қилиб тарбиялаш ижобий ҳал этилиши лозим бўлган асосий вазифалардан бири деб белгиланган эди.
IX-XV асарларда марифатли дунё вакиллари бўлмиш Имом ал-Бухорий, Фарғоний, Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Улуғбек ва Навоийларни ана шу билимлари туфайли нафақат оддий халқ балки, ҳукмдорлар ҳам хурмат кўрсатиб, иззат икром қилганлар. Амир Темур, Жалолидин Мангуберди каби саркардалар душманни енгишда куч-қудратга эмас, энг аввал билимга қараб иш тутганлар, яъни билимни ўз «қурол» лари сифатида ишлатишган.
Биз ҳам аждодларимиз каби илмли бўлиб уни душманга қарши «қурол» сифатида ишлатишимиз лозим.
«Маълумки борлиқ оламнинг мазмуни, моҳияти сифат ва хусусиятлари инсон миясида акс этиб, билмига айланади. Ўша борлиқ ҳақидаги билим йиғилиб илмга айланади, яъни назария яртилади» дейилади фалсафий асарларда. Абдулла Авлонийнинг «Туркий гулистон ёҳуд ахлоқ» асарида илм ҳақида жуда кўп фикрлар берилган. Чунончи, » Илм дунёнинг иззати, охиратнинг шарофатидир. Илм инсон учун ғоят олий ва муқаддас фазилатдир. Зероки, илм бизга ўз аҳволимизни, ҳаракатинизни ойна каби кўрсатур, зеҳнимизни, фикримизни қилич каби ўткир қилур. Савобни гуноҳдан, ҳалолни ҳаромдан айириб берур. Тўғри йўлга раҳнамолик қилиб, дунё ва оҳиратда маънсуд бўлишимизга сабаб бўлур. Илмсиз инсон мевасиз дарахт кабидир…»
Умуман олганда бугунги кунда жамиятда ҳар бир инсоннинг ўз ўрнини топиши, кундалик ҳаётдаги муаммоларини ўзи ижобий ҳал эта олиши учун илмли бўлмоғи лозим. Илмли инсонлар ўзлари илмга, ўқиганларига амал қиладилар бу хусуда Пайғамбаримиз шудай деганлар: «Илмга амал қилгучилардан бўлингиз, нақл ва ривоят қилгучилардан бўлмангиз…» — демишлар. Шунинг учун билимли ва зукко ва олим кишилар ҳар ерда азиз ва мўтабардирлар. Шунинг учун, азиз ёшлар, билимни ҳар соҳасини эгалламоққа интилинг.
Халқимизда «Сабр таги сариқ олтин» деган нақл бор. Сабрли бўлиш инсонни улуғ чўққиларга етаклайди. Баъзи пайтларда сабр инсон тақдирини яхши томонга ўзгартиради. Шоирлардан бири «кутиш дунйодаги энг ёмон нарса» деган экан. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки сабр қилиш ҳам қийинчилик туғдиради. Лекин сабрли бўлиш инсоннинг яхши фазилатларидан саналади. Сабрли бўлиш кўпроқ ёшларга керак. Чунки ёшлар ўзидан катталар гапирганда сабр билан, уларнинг гапини бўлмай тинглаши лозим. «Сабр қилсанг ғўрадан ҳам ҳалво битар» бу мақолнинг мазмуни шуни англатадики сабр инсоннинг камолот чўққисига эришмоғида бир «нарвондир». Айтиш мумкинки сабр қилган инсоннинг толеи баланд бўлади, шунинг учун мен сабрни ўзига толеъ деб биламан!
«Иймон» қувватим. Инсон дунёга келар экан мураккаб ҳаёт йўлидан бориб, жамиятда фаолият кўрсатади. Оллоҳ инсонни яратар экан ҳаёт йўлини танлаш, ризқини қандай усулда топиб ейишни ўз ихтиёрига берган. Айримлар тўғри юриб, ризқини ўз меҳнати билан, пешона тери билан топади, оллоҳ кўрсатган йўлдан юради, Ватанга, оилага, жамиятга фидоий бўлади. Бундай кишиларни биз иймонли кишилар деб атаймиз. Иймонли бўлиш учун инсонда улуғ мақсад бўлмоғи лозим. Бу эзгу мақсадларга эса иймон саломатлиги, эътиқод мустаҳкамлиги билан эришади. Шу ўринда ўринли бир савол туғилади иймон ўзи нима?
«Иймон» арабча сўз бўлиб » ишонч» деган маънони англатади. Иймон -инсон қалбининг гавҳари. Иймонли инсоннинг қалби пок, нияти эзгу бўлади. Ҳамма вақт одамларга яхшилик қилишни ўйлайди.
«Ҳадис»да Пайғамбаримиз Муҳммад алайҳиссалом Оллоҳ томонидан келтирилган барча хабарларга тил билан иқрор бўлиб, дил билан тасдиқлашга иймон деганлар.
«Ватанни севмоқ иймондандир». Бу ҳикмат бугунги кун ёшларини ватанни севиш, уни асраб авайлаш ва риволантириш учун тинмай изланиш олиб боришимиз лозимлигини уқтирадиган чақириқдир. Иймон менга куч-қувват ато этувчи қудратдир.
«Ростгўйлик» шиорим. Ростгўйлик тўғрисида халқимизда жуда кўп мақол, матал, ҳикоя ва ҳатто достонлар ҳам мавжуд. Ростгўйлик ҳақидаги фикрларни биз, нафақат халқ оғзаки ижодида, балки, ёзма манбаларда ҳам жуда кўп учратишимиз мумкин. Масалан: Алишер Навоийнинг «Ҳайрат ул-аброр» достонидаги «Шер билан Дуррож» ҳикоятини оладиган бўлсак, «ростгўйлик» ка қармма-қарши ўлароқ «ёлғончилик» қораланади. Ростгўйлик инсон ҳаёти давомидаги энг муҳим фазилат бўлиб уни ҳар ким, ҳар ерда ўзига шиор деб билмоғи лозим. Зеро инсон ёлғончилик иллати орқали бошига не-не кулфатлар орттирши мумкин.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кунда мустақиллигимиз ёшлари юқоридаги инсоний фазилатларни ўзларига одат қилиб олишлари лозим. Яъни бугунги кундаги энг зўр «Қурол» илм орқали ҳар душманни енгмоғи, сабр орқали толеънинг юксак бўлиши ва бунда уларга иймон унга куч-қувват ато этувчи қудрат бўлиши ростгўйликни ўзларига шиор деб билишлари лозим.

 

А. Жуманиязов
Урганч шаҳар “Охун бобо” масжиди имом ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *