ТАЪЛИМ ВА МАЪРИФАТ – ТИНЧЛИК ВА БУНЁДКОРЛИК ЙЎЛИ

Муқаддас динимизнинг ер юзига нозил бўлишининг “Ўқи” калимаси билан бошланганининг ўзи, илм ўрганишнинг фарзлигига, амалларнинг афзали эканлигига инкор этиб бўлмас далилдир. Қолaверса, айнан шу буйруқни маҳкам ушлаган ва ақлларини ўқиш, ўрганиш, изланишга астойдил ишлатган халқларнинг дунё саҳнасида етишган даражалари, мавқеълари ҳам илмнинг, ўқиш ва ўрганишнинг энг муҳим ва афзал амал эканига ҳаётий далилдир. Бас шундай экан, мусулмонлар ҳам ғафлат уйқусидан уйғониб, масала талашиш, мазҳаб талашишларни ташлаб, илм-фан билан астойдил шуғулланишлари шарт.

Айтиш мумкинки, бугунги куннинг энг долзарб, устувор вазифаси ёшларимизни дунё стандартлари даражасида, керак бўлса унданда юқори даражада билимли қилиб тарбиялашдир. Токи, шу соҳадаги илғорликка етилмас экан, фақатгина ўтган буюк аждодларимиз билан фахрланиб, бугунги ожизлигимизни чучук гаплар билан яшириб, ўзимизни алдаб юраверишга мажбурмиз. Шундай экан, бугунги энг катта хизмат, энг катта жиҳод, энг катта кураш илм-фан майдонидаги курашдир. Фақат шу майдондаги ғалаба бугунги куннинг ҳақиқий ғалабаси бўлади.

Шу мақсадда, қалбида заррача умматнинг ғами, халқнинг дарди бор юртдошларимизнинг барчаси ўзларининг бор имкониятларни, ҳаракатларини шу соҳага сафарбар этишлари керак. Миллатимизнинг ичдан емирилишига сабаб бўлаётган, дунёю-охират учун фақат зарарли бўлган риёкорона маросимпарастликлардан воз кечишимиз, ноўрин сарфланаётган беҳисоб маблағларни, ҳимматларни келажак авлод таълими, юксалиши йўлида ишлатишга буришимиз лозим.

Шундай умуммиллий сафарбарлик билангина қисқа муддат ичида халқимиз сезиларли натижаларга эришиши, ўзига муносиб ўрнини эгаллаши, ўзини кимларнинг авлодлари эканини амалда исбот этиши мумкин. Бинобарин, мусулмонларнинг бугунги аҳволи ҳар бир фикрли, ақлли, соғлом дидга эга одамни ўйлашга, ўз ўйларида, фикрларида кескин бурилишлар ясашга мажбур этади. Акс ҳолда ўша таназзул, тафриқа ва қолоқлик ботқоғига ботаверишдан бошқа чора йўқ.

Бунинг учун дин ва дунё илмларидан бохабар, ҳар хил таассублардан холи, диннинг моҳиятини, бутун оламларга раҳмат бўлиб келганини тушунган, инсон зотини энг юксак ахлоққа, маданиятга эриштирувчи неъмат эканига иймони мустаҳкам, зиёли, аслни сохтадан ажратиш, қўшимчалардан тозалаш салоҳиятига эга, қалби Аллоҳнинг бандаларига бўлган меҳр-мурувватга тўла инсонлардан иборат бир ишчи гуруҳ уюштирилиши керак. Бу ишчи гуруҳ келажак авлодни қўшимчалардан тозаланган, ҳақиқий асл ислом руҳида тарбияловчи замонавий, гўзал ва мукаммал бир дарс системасини ишлаб чиқишлари зарур.

Албатта, халқимиз орасида юқори интеллектдаги, зиёли олимлар етарли. Диний уламоларимиз ичида ҳам ҳозирги ҳолатдан кўнгли тўлмаётган, ўз тушунчалари ва дунёқарашларининг воқеъликка тўғри келмаётганидан ҳайрон юртдошларимиз, мусулмонларимиз дардига малҳам бўлгудай бирор иш қилиш умидидаги оқкўнгил, софдил одамларимиз бисёрдир. Бу иккала тоифа олим ва уламолар биргаликда, баҳамжиҳат ҳаракат қилсалар ниҳоятда самарали натижаларга эришиш мумкин.
Зеро, ёшликда олинган таълим, тушунча тошга ёзилган хатдай бир умрга инсон онгида сақланиб, унинг бутун умри давомида ҳаёт йўлини белгиловчи муҳим омил бўлиб қолади. Шунинг учун мактабларда асл исломнинг асослари, ғоялари ҳақида мукаммал тушунча берилиши керак.

Бу ёшларни кейинчалик ҳар хил шубҳали, реакцион, экстремистик оқимлар ва гуруҳларга эргашиб кетишдан сақлаб қолади. Акс ҳолда, инсонпарвар, тинчликсевар, асл ислом ҳақида ҳеч қандай тушунча олмаган мусулмон фарзандлари бир кун келиб ўз руҳоний эҳтиёжларини қондирмоқчи бўлган вақтда дуч келган оқимларга эргашиб кетаверадилар.

Агар бу кучни бошқаришга, тўғри йўлга солишга ҳаракат қилмай ўз ҳолига ташлаб қўйилса қандай мудҳиш оқибатларга олиб келишига узоқ ва яқин тарих давомидаги кечмишлар, хусусан бевосита қўшни давлатларда бўлиб ўтган даҳшатли биродаркушлик урушлари ёрқин далилдир. Шунинг учун мавжуд фаол ва ўта катта таъсирга эга бу кучни, энергияни ёшликдан тўғри ва фойдали ўзанга буриш, эътибордан четда қолдирмаслик, доимий назоратда ушлаш ва бошқариш лозим.

Бу муҳим ва катта кучни диннинг моҳиятини тушунмай нотўғри талқин этувчи, мутаассиб, жиғилдон қулига айланган, калтабин хурофотчилар қўлига бериб қўйилгани, ҳамда бу бирор яхши иш устида ҳеч қачон боши бирлашмаган, бирлашмайдиган мутаассибларнинг тумтарақай ҳаракатлари туфайли юрт осойишталиги бузилиб, узлуксиз безовталиклар юзага келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Халқнинг қалбини, онгини, тушунчасини бундай чалғитувчи, тараққиётдан, юксакликка интилишдан тўсувчи қузғунлар чангалидан қутқариш лозим.

Бу нодон, жоҳил, мутаассиб “дин жонкуярлари”нинг бутун ислом оламини ички зиддиятлар ботқоғига ботириб энг қолоқ ва жоҳиллар юртларига айлантириб, ҳаммани эсанкиратиб юраётганларини унутмаслик керак.

Ибн Сино, Улуғбек, Бухорий, Термизий, Хоразмий, Фарғоний, Беруний ва Навоий авлодлари бўлган халқимизнинг қалбига, онгига, иймону иродасига ишониб, суяниб, оқилона тадбир билан тўғри ўзанга қайтариб, барчани, барча қувватни халқимиз онги, савияси, таълимини юксалтиришга сафарбар этилса, қисқа вақт ичида бу халқ орасидан минглаб Ибн Синолар, Улуғбеклар, Бухорию-Термизийлар, Хоразмию-Фарғонийлар, Берунийлар ва Навоийлар етишиб чиқиши, халқимиз ҳам илғор халқлар қаторидан жой олиб, оламни яна ўз ютуқлари билан лол қолдиришлари шубҳасиз.

Фақат бунга халқ онгида ишонч уйғотиб, фидоийлик билан астойдил ҳаракат қилиш керак. Дарвоқеъ, бундай оқилона тадбир одамларимизнинг давлатга, давлат сиёсатига бўлган ишончини, ҳурматини оширади. Халқ орасида якдилликни, бирликни, жипсликни юзага келтиради.

Бундай хайрли иш устида турган одамлардан моддий ва маънавий юксалишга сабаб бўлганлари учун халқ жуда миннатдор бўлиши, дунёю охират муваффақияти гарови бўлган бу тадбир асосчиларининг номлари юртимиз тарихи саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан ёзилиб қолиши шубҳасиз.

Демак, юрт манфаатини, халқ манфаатини, тинчлигини, юксалишини мақсад қилган, халқимизнинг ҳам моддий, ҳам маънавий ривожини кўзлаган барча ватанпарвар, умматпарвар юртдошларимиз шу йўлда биргаликда астойдил ҳаракат қилишлари лозим.

Хайрулло Адамбоев

Янгибозор тумани бош имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *