ҲАМКОРЛИК ВА ҲАМЖИҲАТЛИК ЗАРУРИЯТИ

Сир эмаски тинчликдек буюк неъмат бугунги кунда дунёнинг барча жойида ҳам топилавермайди. Эрталаб уйғонганида кечгача етиб боришига ишончи йўқ, ота-она ва қариндош уруғларидан кўпчилигини йўқотган, шаҳрида минг бир фитналар шамоли эсиб, бомбалар ёмғири ёғаётган, асосий дарди ширин жонини асрашгина бўлиб қолган, ёш бегуноҳ гўдакларнинг қонлари кўчаларни бўяган, ўлмаслик овқатини топиш амри махол бўлган, боришга жойи қолмаган инсонларнинг борлиги бизни ҳар доим ҳушёрлик сари ундаб, жаннатмакон юртимиздаги тинчликнинг қадрига етмоғимиз ва уни кўз қорачиғимиздек асрамоғимиз зарурлигини эслатиб туради. Пайғамбаримиз (с.а.в) Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда айтганидек, “Икки энг азиз неъмат борки, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир.” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти). Мана неча асрлардан буён диёримизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона оила фарзандларидек аҳил яшаб келмоқдалар.

Давлатимиз раҳбари шу нарсани эътироф қилиб айтадиларки: “Ўзбекистоннинг бойликлари кўп, лекин бизнинг энг катта бойлигимиз, энг юксак қадриятимиз – жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликдир”.

Ислом дини ўзидан аввалги самовий динларни (яҳудийлик, насронийлик) шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувватлар кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига ва ҳатто ораларида яшайдиган ажнабийларга, аҳли зимма (бошқа дин вакиллари)га ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлишди. Чунки, бу Аллоҳ таолонинг амри эди, Унинг расули умматга берган кўрсатма эди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй мўминлар, бирон қавмни ёмон кўришингиз ҳаддингиздан ошишингизга тортмасин” (Моида, 2-оят).

Ва яна: “Барчаларингиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва (фирқа-фирқа бўлиб) бўлинмангиз!” (Оли-Имрон, 103-оят).

Пайғамбаримиз (с.а.в) бу борада бутун инсониятга ибрат-намуна бўлдилар. У зот Мадинага ҳижрат қилганларида давлат ишларидаги биринчи амаллари ўша ерлик яҳудийлар билан уларнинг ақидаларини ҳурмат қилишга асосланган аҳднома тузиш бўлди. Жаноб Расулуллоҳ аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабатда бўлар, ҳадя бериб, улардан ҳам қабул қилардилар. Мадинага Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганида, уларни масжидга тушириб зиёфат бердилар ва хизматларини қилдилар. Ҳаттоки Нажрон насронийлари келганида, уларга масжиднинг бир томонида ибодат қилишга ижозат бердилар. У зот: “Чин мусулмон шундай кишики унинг қўли ва тилидан бошқалар озор кўрмайдиган инсондир”, деб айтганлар.

Ҳазрати Умар ибн Хаттоб (р.а) ўзга дин вакилларига меҳр-муруввати ва адолатпарварлиги билан Ислом дунёсидан ташқарида ҳам маълум ва машҳур эди. Ҳазрат Умарнинг Қуддус ва Лудда насронийлари билан имзолаган хавфсизлик шартномасига мувофиқ шаҳардаги черковлар бузиб ташланмаслиги, мусулмонлар насронийларнинг ибодатхоналарини эгаллаб олмаслиги ва уларда ибодат қилмаслиги кафолатланган эди.

Бу борада дастлаб роҳиб бўлган англиялик тарихчи Карен Армстронг “Муқаддас уруш” китобида шундай ёзади: “Муҳаммад (алайҳиссалом) фақатгина Макка мушриклари билан эмас, бир пайтнинг ўзида маҳаллий яҳудий қабилалари ва улар билан тил бириктириб ҳужумни режалаштирган Шом насронийлари билан ҳам урушишга мажбур бўлган эди. Аммо бу унинг қалбида душманларига нафрат туғдирмади, уни аҳли китобни (яҳудий ва насронийларни) лаънатлашга олиб келмади. Мусулмонлар ҳаётларини ҳимоя қилишга мажбур бўлишди, лекин ўз душманларининг динига қарши муқаддас урушга кирганлари йўқ. Борди-ю, урушишга мажбур бўлиб қолишса, инсонпарварликни унутишмасди. Улар диний хизматчиларни, роҳибларни безовта қилишмасди, урушда қатнашмаётган, ожиз кишилар, аёллар, ёш болалар, кексаларга тегмас, уларга зарар етказмас эди. Улар тинч аҳолини ўлдиришмаган, бино ва уй-жойлардан ҳеч бирини вайрон қилмаган”.

Бугунги кунда айрим қўшни мамалакатларда тарихдан сабоқ чиқармасдан ҳали хануз миллатчиликни давом этиши, фан техника тараққиёт этган бир даврда ҳам юз бериши ачинарли ҳолат бўлиб, бу нарса оғир оқибатларга олиб келмоқда. Айрим ҳолатларда эса миллатлар ўртасида жанжал чиқариш, уларни ўртасини бузиш ва шу орқали ташқаридан туриб давлатлар ривожини издан чиқаришга қаратилган ҳаракатлар ҳам борлигини унутмаслик керак. Миллатчилик бир халқнинг ҳақ-хуқуқларини поймол бўлиб, унинг эркини йўқолишига олиб келади. Муҳтарам юртбошимиз томонларидан 2014 йил 9-май куни хотира майдонида билдирган фикрлари бу нарсага нихоятда ойдинлик киритиб берди. Шуларни эътиборга олганда мустақиллик шарофати билан халқимизнинг асрий орзулари ушалди. Жумладан, мустақил Ўзбекистонимизда яшаётган ҳар битта миллатларнинг ҳақ-хуқуқлари кафолатланиб, барча миллатларнинг тенглиги конституция билан белгилаб қўйилди. Ҳар бир миллат вакиллари ўз миллий урф-одатлари, диний маросимларини тўла-тўкис бажаришига имкон яратилди. Мамлакатимизда яшаётган миллатларнинг миллий марказлари фаолият юргизилиб, уларнинг ўзбек миллати билан баб-баробар тенг хуқуқли яшаб мехнат қилиш имконияти яратиб берилди.

Қолаверса бош қомусимизда ҳам мамлакатимизда яшаётган барча миллат вакиллари миллати, тили, эътиқоди, ижтимоий холатидан қатъий назар Ўзбекистон ҳалқини ташкил қилиши ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, шунингдек эътиқод эркинлиги мустаҳкамланганлиги белгилаб қўйилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар”. Шунингдек, конституциянинг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” деб белгиланган. Асосий қонунимизда ушбу ҳуқуқнинг акс эттирилиши мамлакатимизда инсонларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги таъминланишининг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Мустақиллик йилларида республикамизда юзлаб масжидлар, черковлар, синагога ва ибодат уйлари қурилди ва қайта таъмирдан чиқарилди. Улар қаторида Тошкентдаги “Ҳазрати Имом” мажмуи, вилоят марказларидаги жомеъ масжидлар, Тошкентдаги Рус православ черковлари, шунингдек, буддавийлик ибодатхонаси, Самарқанддаги Арман Апостол черкови, Корақалпоғистон Республикасидаги “Султан Увайс бобо” ва “Мухаммад Норимжоний” зиёратгоҳлари, “Пантейлемон” черкови ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Буларнинг барчаси динлараро бағрикенглик ва миллатлараро тотувликнинг кўриниши бўлди десак муболаға бўлмайди.

        Бугун мамлакатимизда 130 дан зиёд миллатга мансуб фуқароларимиз 16 та диний конфессияга эътиқод қилиб келмоқдалар. Аҳолимизнинг миллий анъаналари ва диний эътиқоди учун шарт-шароит яратиш конституциямиз билан кафолатланиб, халқимиз тенг ҳуқуқлилик асосида демократик, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлида ягона оила сингари бирлашганлар. Муҳтарам Юртбошимиз: “Мусулмонлар ва насронийларнинг Ўзбекистон заминида биргаликда ҳамнафас бўлиб яшаши диний-маънавий тотувликнинг нодир тимсоли ва барча дин вакилларига нисбатан бағрикенгликнинг энг яхши намунаси деб ҳисобланишига арзигуликдир”, деб таъкидлаган эди. Албатта, қаерда тотувлик бўлса, ўша жойда, тинчлик ва осойишталик бўлади. Қайси жойда тинчлик ва осойишталик барқарор бўлса ўша ерда тараққиёт, халқлар фаровон, авлодлар баркамол бўлади.

Отажонов Давронжон

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус

ислом билим юрти 4-курс талабаси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *