БАҒРИКЕНГЛИК ВА ҲАМЖИҲАТЛИК

Бугун юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари умргузаронлик қилмоқда. Энг муҳими, халқимизнинг аҳиллиги, ҳамжиҳатлиги, шу муқаддас заминда яшаётган барча миллат вакилларида бағрикенглик маданияти йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётир.

Ифтихор билан айтишимиз мумкинки, жамият ҳаётининг барча жабҳасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ўз самарасини бераяпти. Бинобарин, истиқлол йилларида Ватанимизда яшаётган турли миллатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, тенгҳуқуқлилик ҳамда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, унинг қонуний асосларини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур тамойиллар Конституциямиз ва қонунларимизда ўз аксини топган бўлиб, унга кўра, Ўзбекистон ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ҳамда элатларнинг тиллари, урф-одатлари, анъаналари ҳурмат қилиниши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, бир хил ҳуқуқ ҳамда эркинликларга эгалиги, қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилган. Табиийки, диёримизда умргузаронлик қилаётган турли миллат вакиллари орасида Ўзбекистон Қаҳрамонлари, сенаторлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, йирик корхона ва ташкилотлар раҳбарлари борки, улар мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келишаётир. Буларнинг барчаси юртимиздаги демократик тамойилларнинг амалий ифодаси тасдиғидир.

Ўзбекистондаги миллатлараро тотувлик ҳамда барқарорлик хорижлик сиёсатшунослар ва меҳмонлар томонидан ҳам юксак баҳоланмоқда. Жумладан, Нью-Йорк давлат университети профессори, Глобал илмий тадқиқотлар маркази директори Парвиз Морвиж шундай ёзади: “Ўзбекистонда истиқлол йилларида тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида амалга оширилаётган улкан ишлар бераётган юксак самаралар ҳар қандай одамнинг ҳавасини келтиради”.

Албатта, бундай самимий дил изҳорлари ва холис эътирофлар ҳар биримизнинг қалбимизга ғурур бағишлайди. Ўз навбатида, умрбоқий қадриятларимизни, айниқса, олижаноблик ва бағрикенглик каби инсоний

фазилатларни асраб-авайлаш масъулиятини зиммамизга юклайди. Ўзини шу табаррук замин фарзанди, деб билган юртдошларимизни буюк келажагимиз йўлида бирлашишга, аждодларимизга муносиб ворислар бўлишга, миллий қадриятлар ва анъаналарни асраб-авайлаб, келгуси авлодларга мерос қилиб қолдиришга чорлайди.

Инсоният учун энг катта бойлик — тинчлик, унинг манбаи эса ҳамжиҳатликдир. Ўзаро тотувлик ҳамда дўстлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойиллари барқарор мамлакатда инсон эмин-эркин яшайди, кўзлаган орзусига эришади. Шу жиҳатдан қараганда, бизнинг энг асосий ютуғимиз, Президентимиз таъбири билан айтганда, аввало, Ватанимиз осмонининг мусаффолиги, жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлар ва фуқаролараро аҳиллик ҳамда ҳамжиҳатлик, дўстлик ва бирдамлик муҳитидир. Бу неъматларнинг қадрига етиш ҳамда турли миллат ва элатлар вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил-иноқ яшаётган Ўзбекистонимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Рўзметов О

Боғот тумани Толли бобо масжиди имом-хатиби. в.б

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.