МАСЖИД- ФАЗИЛАТЛИ УЛУҒ МАСКАН

Масжид мўмин-мусулмонлар учун намозларини жамоат билан адо этиш жойи ҳисобланади. Масжид Аллоҳнинг тоати ва зикри билан машғул бўлинадиган макон бўлгани учун ҳам «Байтуллоҳ» дея васф қилинади. Қуръони каримда масжидларнинг фазли ва аҳамияти ҳақида кўплаб ояти карималар келган. Жумладан, Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин». (Тавба сураси, 18-оят);

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом масжид фазилати ҳақида кўплаб ҳадислар айтганлар, яъни: «Ким уйида таҳорат қилиб, Аллоҳнинг уйлари (масжидлар)дан бирига Аллоҳнинг фарзларидан бирини адо этиш учун юриб борса, унинг икки қадамидан бири ила хатоси ўчади, бошқаси билан даражаси кўтарилади» (Имом Муслим, Термизий ва Насоийлар ривояти);

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Масжиддан қанча узоқ бўлганнинг ажри шунча улуғ бўлур», дедилар (Имом Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган).

Шунинг учун мусулмонлар масжидларни икром-эҳтиром қилишлари, уларда макруҳ саналган амалларни қилмасликлари, унинг тозалиги ва ободлиги учун аҳамият беришлари лозим бўлади. Масжиднинг одоблари қуйидагилардан иборат:

Масжидга бораётган намозхон суннатга мувофиқ кийиниб, ўзини ҳар томонлама поклаб – тозаланиб бориши керак. Масжидга борувчиларнинг айниқса тишларини тозалаб, ўзлари ва либосларидаги нохуш ҳидларни йўқотиб боришлари зарур.

Фазилати ва аҳамияти ана шундай улуғ бўлган масжидларга бориш ва уларда бўлишнинг ҳам тартиб-қоидалари борки, мусулмонларнинг шу тартиб интизомларга риоя қилишлари матлубдир. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки, қачон бир одам масжидга келса, албатта оёқ кийимининг остига қарасин, агар унга нажасот ёки ифлослик теккан бўлса, уни ерга ишқаб яхшилаб тозаласин.

Масжидга кетаётганда одоб ва тавозеъ билан қадам ташлаш, салом берувчиларнинг саломига алик олиш, йўлда мусулмонларга ҳалал берувчи тош,

шох-шабба, тикан ва бошқа нарсаларни четга олиб қўйиш ҳам зарур вазифалардандир.

Масжидда бўлишнинг ҳам ўзига хос тартиб-одоблари бор:

Масжидга кирган намозхон унинг ичида ғоятда одоб ва тавозеъ билан ўтириши лозим. Масжидда инсониятни юқори ва олий даражага кўтариб, уни поклайдиган амалларгагина рухсат этилади. Масжидда Аллоҳнинг зикри, яъни тасбеҳ, таҳлил, такбир ва қироат қилиш, ҳамда одамларни яхши амалларга тарғиб қилиб, ёмон ишлардан қайтарилади. Термизий ва Насаий келтирган ривоятда шундай дейилган

Фиқҳий китобларимизнинг бирида шундай нақл қилинади: «Мўмин киши масжидда гўё балиқ сувда яйрагандек чунон хурсанд бўлғай, мунофиқ киши эса қуш қафасга тушиб қолгандек ғамгин бўлар». Яна шундай деб айтилади: «Масжид барча парҳезкорларнинг (тақволиларнинг) уйидир, демакки, қачон масжидга кирсанг, ундан чиқишга шошилма!»

Аллоҳга шукрки, ҳозир мустабид даврдаги каби масжидларимиз қаровсиз ва эгасиз ҳолатда эмас. Бугунги кунда масжидларда диний таълим муассасаларини битирган малакали имом-хатиблар ишлаб келмоқдалар. Масжид меҳроби улуғ жой бўлиб, у ерда маъруза қилишга имом-хатиблар ёки унинг ноиблари маъруза қилишга ҳақлидир. Ҳар қандай кимсаларнинг масжид меҳробида туриб маъруза қилишга ҳаққи йўқ. Шунингдек, масжидларда турли ғаразли, эътиқоди бузуқ кимсаларнинг фитна чиқаришларига йўл қўймаслик, нафақат масжид ходимлари балки қавмнинг ҳам вазифаси саналади.

Масжидлар Ислом оламида катта аҳамият касб этади. Унинг динимиз тарихида тутган ўрни беқиёс. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис салом замонларидан буён масжидларда жамоат бўлиб намоз ўқилади, ваъз-иршодлар қилинади, илм ва дин аҳкомлари ўрганилади, ҳидоятга, ахлоқ-одобга чақирилади, икки дунё саодатини сўраб дуолар қилинади. Шу боис, масжидга қадам босган ҳар бир киши масжид одоби ва тартибларига риоя қилмоғи, Аллоҳнинг уйида унинг меҳмони эканини ҳис этиб, фақат Аллоҳ таолонинг зикри билан машғул бўлиши, барча номаъқул ишлардан четланиши лозим бўлади.

Бобожонов Алишер

Гурлан тумани Усмон Саид бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *