МУСТАҲКАМ ОИЛА САОДАТ САРЧАШМАСИДИР

Ҳар бир инсон оила муҳитида камолга етар экан, оиланинг барқарорлиги, мустаҳкамлиги ва фаровонлиги жамият тараққиётининг энг асосий шартларидандир.

Ислом динида оилага катта эътибор берилиб, уни қандай ташкил қилиш, оила аъзоларининг ҳуқуқлари фарзандлар тарбияси унинг аъзолари ўртасида чиқадиган келишмовчиликларни бартараф қилиш, умуман, оилавий ҳаётнинг барча масалаларига жавоб топиш мумкин. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қиладики: “Унинг аломатларидан (яна бири) — сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (“Рум”сураси, 21-оят).

Оила инсоннинг дунёвий саодатини таъминловчи қўрғондир. Оилада эркак кишининг маъсулияти алоҳида қайд этилган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига ) ўз мол-муликларидан сарф қилиб туришларидир” — деган.

Оила бошлиғи бўлмиш эркакнинг зиммасига муайян вазифалар юклатилган. Яъни, эрнинг ўз хотини олдида ҳам ижтимоий ҳам жисмоний, ҳам молиявий бурчи мавжуд. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:

“…Улар билан тотув турмуш кечирингиз…”

Оила – инсоният тарихининг ҳамма даврларида жамиятнинг асосий бўғини бўлиб келаётган муқаддас даргоҳ бўлиб ҳисобланади. Ҳақ таоло ўзининг пайғамбарлари орқали оила масаласига алоҳида аҳамият бериб, унинг мустаҳкам бўлиши, ундан кўзланган мақсад юзага чиқиши учун ҳар қайси даврга мувофиқ низом ва қонунлар жорий этган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда уйланиб, оила қуриш пайғамбарларнинг суннати эканлигини таъкидлаб бундай дейди: “Дарҳақиқат, сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга хотинлар ва зурриётлар берганмиз” (“Рад” сураси, 38-оят).

Мустаҳкам ва саодатли оилада эр-хотин ўзаро тотув яшаши бир бирининг яхши ва ёмон жиҳатларини кўтариши, айб ва камчиликларини кечириши, тинч ва тотув яшаши лозим. Аллоҳ таоло барча жонзотларни, шунингдек, инсонларни ҳам жуфт-жуфт бўлиб яшашга мос ҳолда яратган. Оила инсон зоти яратилганидан бошлаб давом этиб, инсоният тарихининг ҳамма даврларида ҳар қандай тузум, шароитда ҳам кишиларнинг асосий ва муҳим ҳамда шарафли ишларидан ҳисобланади.

Дарҳақиқат, Ислом дини ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшилари қаторига қўшади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (с.а.в) шундай деб марҳамат қиладиларки: “Сизларнинг ичингиздаги яхши эркак ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман”.

Албатта, ҳар тўкисда бир айб деганларидек, инсон зоти айбу нуқсондан холи эмас. Шундай экан, эркаклар ўз аёлларининг айбларини беркитиб, оиланинг бардавом бўлишлигини кўзда тутган ҳолда уларга панду насиҳат қилиб туришлик буюрилади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қиладилар: “Ҳеч бир мўмин ҳеч қайси мўмина аёлини ёмон кўрмасин. Агар унинг хулқ атворидан бирини ёқтирмаса, бошқа хулқини ёқтириши мумкин”.

Демак, аёл киши оиланинг бир бўғини ҳисобланади. Маълумки, жоҳилият даврида уларга паст назар билан қаралган. Ислом дини уларга катта ҳуқуқлар бериш билан бирга эр томонидан бошпана, озиқ овқат ва уст бош билан таъминланишликни вазифа қилиб қўйган.

Ҳеч кимга сир эмас, бу дунёда ҳар қайси инсон вояга етиб, касб ҳунарга эга бўлиб, ҳаётда ўз ўрни ва келажагини аниқлаб, оила қуришни истайди. Оила ҳаёти ҳеч қачон сидирғасига шоду ҳуррамлик, бахт саодатдан иборат бўлмайди. Турмушда ихтилоф ва ташвишлар, қийинчилик ва етишмовчиликлар, мусибат ва ғам андуҳлар керагича учрайди. Эр хотин биргалашиб қарши курашсагина уларни енгиш осон кечади, оила хотиржамлиги тезроқ қўлга киради.

Ривоят қилинишича, саҳобалар Расулуллоҳ (с.а.в.)дан: “Зиммамизда хотинларимизнинг қандай ҳақлари бор?” деб сўрашганда, У зот (с.а.в.): “Еганингизда уни ҳам едирмоғингиз, кийганингизда кийдирмоғингиз, юзига урмаслик, ёмон сўзлар билан ҳақорат қилмаслик, фақат хонадан чиқмаган ҳолда ўринни бошқа қилиб ётмоқлик”, дедилар. (Абу Довуд ривояти)

Эркак кишининг энг катта бурчи ўз қарамоғидагиларни ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймасликдир. Дарҳақиқат, эркакларнинг зиммасига нафақаи аҳли аёл фарздир. Паёғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларининг бирида: “Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади”, деб марҳамат қилганлар.

Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи бир оила бошлиқлари шу масалада ўз вазифаларини унутиб қўймоқдалар. Ҳатто баъзилари ориятсизлик билан ўз жуфти ҳалолларини аёллар шаънига мос келмайдиган йўллар билан пул топиб келиши учун кўча кўйга чиқариб, ҳатто мардикорчилик қилишга ҳам мажбур қилаётганликлари ҳам сезилмоқда. Бундай ҳолатларнинг пайдо бўлиши ачинарли ҳолдир.

Расулуллоҳ (с.а.в.) Ҳажжатул Вадоъда эркакларга мурожаат қилиб шундай дедилар: “Аёллар ҳаққида Аллоҳдан қўрқинглар, дарҳақиқат улар сизнинг ёрдамчиларингиз бўлиб, сизларнинг улардаги ҳаққингиз шундан иборатки, сизнинг

уйингизга сиз ёқтирмаган бирорта кимса бостириб киришига йўл қўймаслик. Бордию шундай қилсалар уларни жароҳат етказмайдиган қилиб урушиб қўйингиз! Ўз навбатида сизлар ҳам уларнинг яхшилик билан едириб, кийдирингиз”.

Фарзандларни, одатда, оналар эмизиб тарбия қиладилар. Моддий таъминот бўйича аёл эридан унинг тоқати етмайдиган нарсаларни талаб қилиши мумкин эмас. Уламоларимиз айтадиларки, эрининг топганига қаноат қилмасдан, ундан янада кўпроқ нарсалар талаб қилган аёллар гуноҳкор бўладилар.

Динимиз таълимотларида оила қуришга эркак ва аёл бирдек тарғиб қилинган. Оила қурмасдан, таркидунёчилик йўлини тутиш қораланиб, бунинг акси бўлган никоҳ ибодат даражасига кўтарилган. Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) никоҳланиш фақат ўзларининг суннати эмас, балки ўтган барча пайғамбарларнинг ҳам суннати эканини айтганлар.

Ислом таълимотига кўра, оила Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, ҳазрати паёғамбаримиз (с.а.в.) ахлоқлари, чиройли одоб ахлоқ билан зийнатланиш ва пок йўл билан инсоният наслини давом эттириш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида эътибор беради ва никоҳни инсоний алоқаларнинг энг муҳими сифатида юксак қадрлайди. Зеро, оила катта жамиятнинг кичик бир бўлаги ҳисобланади.

Оила таянчи бўлган аёлларимизга чиройли муомала кўрсатиш, ширинсўз бўлиш ва ҳар томонлама яхшилик қилишимиз лозим, агарчи уларнинг феъл атворларида бирор ҳаракат ёқмаган тақдирда ҳам қўполлик қилмасдан, ширинсўзлик билан камчиликларини айтиш, уни тузатишга кўмаклашиш керак бўлади, чунки ҳар нарсада Аллоҳ таолонинг биз билмаган, ақлимизга келмаган ҳикматлари бор. Аёлларнинг хулқларида бир эмас, бир неча яхшилик борлиги маълум.

Абу Ҳурайра (р.а.) Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан ривоят қилган ҳадисда бундай марҳамат қилинади:

“Сизларнинг яхшиларингиз аҳли аёлига яхши муомалада бўлганларингиздир. Мен ҳаммангиздан кўра аҳли аёлига яхшироқ муомала қилгувчингизман”. (“Ал жомеъ ас Сағир”)

Оилаларнинг маънавий камолоти, моддий фаровонлиги, фарзандлар бахт саодати, уларнинг нурли келажаги учун давлатимиз истиқлол йилларида кўп хайрли ишларни амалга ошириб келмоқда. Ўз навбатида биз ҳам ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг: яъни “Яхшилик қилишни, меҳр шафқат ва меҳрибонликни оилангдан бошла” (Табароний ривояти), деган ҳикматли ҳадиси шарифларига мувофиқ оилани мустаҳкамлаш учун зарур бўлган барча эзгу ва савобли ишларни қилишимиз лозим бўлади.

Аминов Ҳамдам

Янгиариқ тумани МуҳаммадСаид масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *