ЮКСАК МАСЪУЛИЯТ

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, мустақилликка эришдик. Ана шундан кейин барча соҳаларда миллий қадриятлар устуворлиги асосий тамойил сифатида ўз аксини топди. Буни «Бағрикенглик» тушунчасида ҳам кўриш мумкин. «Бағрикенглик бизнинг дунёмиздаги турли бой маданиятларни, ўзини ифодалашнинг ва инсоннинг алоҳидалигини намоён қилишнинг хилма-хил усулларини ҳурмат қилиш, қабул қилиш ва тўғри тушунишни англатади.

Бағрикенглик тушунчаси илмий фаолият ва ижтимоий ҳаётнинг турли соҳалари, жумладан, сиёсат, фалсафа, илоҳиёт, ижтимоий ахлоқ, қиёсий диншунослик каби соҳаларда кенг истифода этиладиган тушунчалардан биридир. Бағрикенглик лотинча «Толерантиа — чидамоқ, сабр қилмоқ» маъносини англатади. Мустақиллик йилларида диний соҳага ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширила бошланди. Кўплаб масжиду мадрасалар фаолияти йўлга қўйилди. Масжидларда эмин-эркин ибодат қилиш, мадрасаларда диний ва дунёвий билимларни олишга кенг имкониятлар яратилди.

Аммо тинчлигимизни кўра олмайдиган кимсалар ўзларининг ғаламис ниятларини амалга ошириш мақсадида бизнинг гўёки бўш томонимизни топмоқчи бўлдилар, бузуқ ғояларини онгимизга сингдирмоқ пайига тушиб қолдилар. Бу борада Президентимизнинг: «Дин инсон руҳини поклаши, одамлар ўртасида меҳр-оқибат туйғуларини мустаҳкамлаши, миллий қадрият ва анъаналарни асрашга хизмат қилиши билан ҳар қандай жамият ҳаётида муҳим ўрин тутади. Айниқса, инсоният мураккаб тараққиёт жараёнини бошидан кечираётган ҳозирги даврда диннинг турли халқлар ўртасида мулоқот ўрнатиш, уларни маънавий ва руҳий жиҳатдан яқинлаштириш, зулм ва зўравонликка қарши биргаликда курашга даъват этиш борасидаги аҳамияти беқиёсдир», деган гаплари барчани бирдек ҳушёр бўлишга ва бир ёқадан бош чиқаришга ундади.

Ўзбекистон азал-азалдан кўп динли ўлка ҳисобланади. Заминимизда Исломдан аввал ҳам зардуштийлик, христианлик, яҳудийлик ва бошқа ўнга яқин динларга эътиқод қилинган. Тарихдан маълумки, Ислом динини мутаассибликдан холи, эркин билган Амир Темурнинг комил эътиқоди бошқа динларни рад этиш ҳисобига бўлмаган. Бу жиҳатдан у нафақат ўз даври, балки ҳозирги замонда яшаётган одамлар учун ҳам намунадир.

Ўзбекистон Республикаси Конститутсиясида ҳар ким хоҳлаган динига эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга экани қайд

этилган. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги белгиланган. Қуръони каримда эса «Динда зўрлаш йўқдир» дейилади. Бироқ кейинги йилларда бу талабларни бузаётган ғаламис кимсалар ўзларининг бузуқ ғояларини инсонлар онгига сингдирмоқчи бўляпти. Қуръонда «Фитна қатл этишдан ҳам ёмонроқ» экани таъкидланади. Буни халқимиз чуқур англаб етишида диний соҳа вакилларининг ҳам ўринлари беқиёсдир. Диний соҳа вакилларининг вазифаси бузуқ ниятли кишиларнинг Исломни ниқоб қилиб, манфур ишларини амалга оширишларига йўл қўймаслик ва халқимиз онгига соф Ислом бундай бузуқ ишларга йўл қўймаслигини етказишдир.

Дунёнинг турли жойларида Исломни ниқоб қилиб, қўпорувчилик, қотиллик, уй-жойларни вайрон қилиш ва террористик ҳаракатлар содир этилмоқда. Буларнинг барчаси ноқонуний ва Ислом тамойилларига мутлақо қарама-қарши бўлган ишлар. Аввало, Ислом тинчлик динидир. Инсонларни ўзаро ҳамжиҳат- ликка, бир-бирига меҳр-мурувват кўрсатишга ва тинч-тотув ҳаёт кечириб, яхшилик қилишга чақиради. Ҳадисда: «Одамларга унинг тилидан ҳам, қўлидан ҳам азият етишидан сақланган киши мусулмондир», дедилар. Исломда ноҳақ одам ўлдириш ҳаром ҳисобланади. Энди юқорида тилга олинган жоҳилона хатти-ҳаракатларни амалга ошираётган кимсаларга қайтсак. Ислом тинчликка чақиради, улар эса одамлар тинчини бузмоқдалар. Ислом жамиятга фойда келтиришга чорлайди, улар жамиятга зиён келтирмоқдалар. Ислом қўли билан ҳам, тили билан ҳам бировга азият бермасликка ундайди, улар эса бегуноҳ одамларнинг ҳаётига зомин бўлмоқда. Исломда одам ўлдириш ҳаром дейилган, улар эса буни ҳалол ҳисоблаб, қотиллик орқали ўз мақсадларига эришмоқчилар. Ҳақиқий Ислом қаерда-ю, бузғунчи ғоялар ва динни ниқоб қилиб қабиҳ ишларни амалга ошираётганлар қаерда! Буларни Ислом билан таққослаб, ҳақиқий мусулмон аслида қандай бўлиши кераклигини халққа, ёшларга тушунтирмоқ зарурдир.

Диний соҳа вакиллари диний бағрикенглик ғояларини тарқатиш йўлида катта ҳисса қўшмоқдалар. Аммо шундай бўлса-да, эътиборни сусайтирмаслик лозим. Президентимизнинг уламолар билан бўлган учрашувда диний соҳа вакилларига қарата «Мен сизларга ишонаман», деган гаплари шу соҳа вакилларини ғурурлантириш билан бирга уларга юклатилган масъулиятни янада ошириб, юқори марраларни забт этишда руҳий қувват бахшида этса не ажаб!

Исакбоев У

Гурлан тумани Нурсаид Эшон бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.