ДАБДАБАБОЗЛИКЛАРГА ЧЕК ҚЎЯЙЛИК

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 4 август куни адабиёт, санъат ва маданият соҳаси вакиллари билан ўтказилган учрашувда тўйлардаги дабдабабозлик ҳақида тўхталгандилар. Давлат раҳбарининг Олмалиқ шаҳрига ташрифида ҳам тўй мавзуси яна кўтарилди. Бугун оммаввий ахборот воситаларида бу мавзу етакчилик қилаётганлиги, пойтахтимиз Тошкентда бу борада аниқ тартиблар ўрнатила бошлаганлиги ҳеч биримизга сир эмас. Бироқ мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида, жумладан, чекка туман ва қишлоқларда ўтаётган тўйларимиз ҳам пойтахтдагидан қолишаётгани йўқ!

Халқимизнинг энг ширин орзу-ниятлари, умидлари мужассам бўлган тадбир тўй тантанасидир. Тўйнинг муқаддас қадриятлиги шундаки, шу куни ота-она ўзларининг, фарзандларининг орзу-ҳавасларига эришадилар. Тўй тантаналарига энг яхши неъматлар келтирилиб, дастурхонлар безатилади.

Ҳақиқатан ҳам, миллий қадриятларимиз мужассам бўлган тўй куни эзгу орзу-ҳаваслар ушалади. Бунинг учун эса, тўй соҳиблари неча йиллаб йиғинади. Кийим киймаса ҳам, яхши емаса ҳам тўйга тараддуд кўришади. Тўй қилиб, элга ош бериш мурод ҳосил бўлишининг бир кўринишидир.

Ҳозирга келиб тўйларимиз ихчамлашиш ўрнига исрофгарчилик янада авж олиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Илгарилари нон синдириш учун келинникига боришганда меҳмонлар беш-ўн кишидан ошмасди. Бугунга келиб бунинг учун ҳам бир қозон ош дамланмоқда. Қуданикида эса, суюқ овқатдан кейин бир неча турдаги овқатлар тарқатилмоқда. Энди қорин тўйиб, турамиз, дейилганда палов келтирилмоқда. Олди меҳмон 2-3 қошиқ ейдими-йўқми, бўлди, туриш керак! Лаган-лаган ош қайтарилиб қозонга солинади. Бунинг уволи кимга?

Тўй бўлган хонадонда эртаси куни ҳам тўйдагидан кам одам йиғилмайди. Саҳарлабдан “юз очар”га шаҳардан санъаткорлар келишади. Эрта тонгдан яна тўйхона гавжум. Қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар тўпланишган. “Келин салом”да меҳмонларнинг ҳар бирига совға-салом тарқатилади. Буларнинг ҳаммаси ортиқча сарф-харажат-ку!

Шолининг орасида курмак бўлганидек, туманимизда ўтаётган тўйларда, қишлоқларда хонадонда ўтадиган наҳорги ошу базмларда баъзи тартибсизлик, исрофгарчилик, манманлик ҳолатлари кузатилмоқда. Дабдабабозликни камайтириш борасида бот-бот гапирилса ҳам, ҳамон тўйларни тартибга солиш қийин кечмоқда.

Фалончи тўйида ароқ қўймабди, дейишса, ўлардек қуримсоқ-да, дейдиганлар кўпаймоқда. Ҳамма нарсадан спиртли ичимликни юқори қўйиш миллий урф-одат, қадриятларимизга ёт эмасми?

Қишлоқларимизда ўтаётган тўйлар ҳам шаҳардагидан кам эмас! Замонавий русумдаги турнақатор машиналар яна урф бўлаяпти. Бу машиналар ўз-ўзидан келмайди-ку. Унинг ҳар бири фалон сўмга келади. Ниналаб пул йиғиб, орзу-ҳавас кўраман, деб қарзга ботганларнинг оиласида тинчлик, кўнглида хотиржамлик бўладими?

Азиз юртдошлар, ўзбекона анъаналаримизга, урф-одатларимизга, қадриятларимизга путур етказадиган “Сендан мен камми” қабилидаги дабдабабозликка чек қўйиш вақти келди.

Т.Ваисов

Урганч туман «Қамбар бобо»

масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *