ИСЛОМДА ҚОЗИЛИК МАДАНИЯТИ

Қозилик дейилганда бугунги истилоҳимизга ажнабий тилдан кириб қолган «суд» калимаси тушинилади. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида улуғ саҳобий Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу вилоятлардан бирида қози бўлганлар ана ўшанда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуга машҳур мактубни ёзганлар. Мазкур мактуб кейинчалик қозилик ишларининг дастурига айланиб қолган десак муболаға қилмаган бўламиз. Оврупа халқлари ҳам уйғониш давридан сўнг, қозилик нима, маҳкама нима, кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари нима каби масалаларни Андалус мусулмонларидан ўрганганларидан кейин, ҳазрати Умарнинг мактубларини ўз тилларига таржима қилиб ўргандилар. Кейинчалик ўқув юртларида дарс қилиб ўтдилар ҳам.

Ушбу муҳим ҳужжатни Имом Дора Қутний ўзларининг «Сунан» китобларининг тўртинчи жузъида «Умар ибн Ҳаттобнинг Абу Мусо ал-Ашъарийга мактуби» сарлавҳаси остида аниқ санадлари билан келтирганлар: «Умар ибн Ҳаттоб Абу Мусо ал-Ашъарийга шундоқ ёзганди: «Аммо баъду:

«Албатта, қозилик ишлари муҳкам фарздир ва бардавом суннатдир. Қачон сенга ҳужжат келтирилса уни яхши фаҳмлаб ол. Ҳақ равшан бўлган чоғда уни юзага чиқар. Ўтмайдиган ҳақ учун (орага тушиб) гапириш манфаат бермайди. Икки томон орасида юзингни, мажлисингни ва адолатингни бир хил қил. Токи, шараф сенинг жаврингга тамаъ қилмасин ва заиф сенинг адолатингдан ноумид бўлмасин. Даъвогарлик қилганга ҳужжат келтириш, инкор қилганга қасам ичиш лозим бўлади. Мусулмонлар орасида сулҳ жоиздир. Магар ҳаромни ҳалол қилган, ҳалолни ҳаром қилган сулҳ жоиз эмас. Кеча чиқарган ҳукмнинг уни ўзингча қайта кўриб, тўғриликка ҳидоят қилиниб, сўнгра ҳаққа қайтишингдан манъ қилмасин. Чунки, ҳақ қадимийдир. Ҳаққа қайтишлик ботилда бардавом бўлишдан яхшидир. Китоб ва суннатдан сенга етмаган, қалбингни ҳижил қилган нарсани яхшилаб фаҳмлашга урин. Бир-бирига мисл ва ўхшаш бўлган нарсаларни яхшилаб таниб ол. Сўнгра ўшанга биноан бошқа ишларни қиёс қил. Ишларнинг Аллоҳга энг маҳбубига ва сенинг кўз қарашингга ҳақиқатга энг яқинига қасд қил. Ким ҳужжат келтиришни даъво қилса, унга етарлича вақт бер. Агар у ҳужжат келтирса, ҳаққини олур. Магар унинг зиддига ҳукм чиқарасан. Албатта ўшандоқ бўлиши ноаниқликни йўқотувчироқ ва узрни ўтказувчироқдир. Мусулмонлар бир бирлари учун одилдирлар. Магар ҳадд урилган ёки ёлғон гувоҳлик ила мужарраб бўлган ёҳуд бировнинг уруғига ўзини нисбат беришда муттаҳам бўлган бундан мустасно. Албатта, Аллоҳ ички сирларни билишни Ўзига

олган ва сизга ҳужжатларни қайтарган. Зинҳор одамлар орасида беҳаловат, зажрли ва озорланувчи бўлма. Яна Аллоҳ ажр берадиган ва захираси яхши бўладиган ҳақ жойларда хусуматчилардан ўзингни беркитма. Чунки, ким ўзи билан Аллоҳ орасида ўз зарарига бўлса ҳам ниятини яхши қилса, Аллоҳ у билан одамлар орасини яхши қилиш кафолатини олади. Ким Аллоҳ билиб турган нарсани беркитиб, одамлар учун зийнатланса, Аллоҳ уни хунук қилиб қўяди. Бас шундоқ экан Аллоҳ азза ва жалла ризқи азалида ва раҳмат хазинасида ўзгартиб қўйган савоб ҳақида нима дея олар эдинг. Вассалому алайка».

Қозилик одоби ҳақида Исломда мукаммал қоидалар ишлаб чиқилган. Алоҳида китоблар ҳам ёзилган. Бу барча ҳадис, фиқҳ ва адабий китобларимизда қозилик одобига бағишланган ушбу бобга ўхшаш боблардан ташқари гаплардир.

Қозилик одоби ҳақида битилган алоҳида китоблар ичида Имом ал-Мовардийнинг «Одобул қозий» китоби машҳурдир. Бу китобни ўқиган одам Исломда қадимдан қозилик ишлари қанчалик мукаммал тарзда, энг нозик томонларини ҳам ҳисобга олиб қўйилганининг шоҳиди бўлади. Ҳаттоки, қози қозихонада кишилар орасида ҳукм чиқариш учун ўтирганда қандоқ кийим кийиши лозимлигигача кўрсатиб қўйилган.

ҚОЗИЛИК ОДОБИ

Сўнгги йилларда мамлакатимизда аждодларимизнинг давлатчилик ва ҳуқуқ билан боғлиқ асарларига қизиқиш ортмоқда. Ана шундай беқиёс манбалардан бири буюк ватандошимиз Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя» асаридир.

Аллома бобомиз мазкур асари билан ҳанафий фиқҳи тараққиётига улкан ҳисса қўшди. Бу китоб Марғинонийнинг нафақат фиқҳда етук мутафаккир, балки кўпгина илм соҳаларида чуқур билимларга эга қомусий олим бўлганидан дарак беради. Бурҳониддин Марғиноний мазкур асарида мусулмон оламидаги машҳур олимлар, хусусан, фақиҳлар чиқарган фатволарни мукаммал ўрганиб, улардан ҳақиқатга яқин ва амалда кўп қўлланадиганларини ажратиб кўрсатган. Асарда қуйидаги ҳуқуқий масалалар таҳлил этилади: оила ва никоҳ, мерос ва мулк масалалари, олди-сотди, ижа-ра, ҳадя, даъво, сулҳ, васийлик ва ҳомийлик, қозининг мажбуриятлари, кафолат, ваколат ва бошқалар.

Маълумки, Бурҳониддин Марғиноний ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда қўлланадиган ҳуқуқий манба яратган бўлиб, унда ҳуқуқий масалаларни ҳал этишда қозининг мажбуриятларига алоҳида эътибор берилган. Жумладан, «Ҳидоя»да

«Қозининг мақоми» деб номланган махсус бўлим бўлиб, унда шариат судлари — қозиларнинг бурч ва мажбуриятлари, уларга берилган ваколатлар, қўйилган талаблар, ҳукм чиқариш қоидалари каби масалалар ўз ифодасини топган. Қозилар ҳукмдор томонидан тайинланадиган шахслар бўлиб, уларга шариат илмини яхши билиш, озод шахс бўлиш, мустақил қарорлар қабул қила билиш, адолат тарафдори бўлиш, ҳуқуқ ва муомала лаёқатига эга бўлиш ҳамда ақли расо шахс бўлиш каби талаблар қўйилган.

Шу ўринда қандай шахслар қози бўла олмайдилар деган савол туғилиши табиий. Қози лавозимини эгаллаш мусулмон бўлмаган шахсларга, қуллар ва чўриларга, туҳматчиликда айбланган шахсларга, оғир жиноят содир этганларга ҳамда вояга етмаганларга ман этилган.

Кўриниб турибдики, қозиликка ҳар қандай шахс ҳам тайинланавермаган. Қо-зилар ўз вазифаларини сидқидилдан, шариат қоидаларига асосланган ҳолда ба-жаришлари шарт бўлган. Ҳар бир қози ўз фаолиятида бошқа қозиларни адолат билан ишлашга ундаши, дин ва шариатга ҳамда ўша даврнинг ҳуқуқий мезонларига риоя қилишни талаб этиши лозим саналган.

Қозиликка тайинланган шахслар ўз мажбуриятларини масжидда ёки омма ол-дида олиб борганлар. Чунки адолатли ҳукм чиқаришнинг асосий шарти сифатида ошкораликка амал қилиш қозининг бурчи ҳисобланган. Қозиларга таъмагирлик қилиш, қариндош-уруғлари ва яқинларидан совға-саломлар олиш қатъиян ман қи-линган. Шунингдек, қозилик мансабига тайинлаш давлат ваколати хусусиятига эга бўлган. Ҳукмдор бу мансабга ўз мажбуриятларини бажарадиган ва адолат билан қарорлар чиқара оладиган шахсларни тайинлаши лозим эди. Қозиликка ноқобил кишиларнинг тайинланиши жамиятга катта зарар келтирган. Бу ҳолни Бурҳониддин Марғиноний пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) ҳадисларига таянган ҳолда асослаб беради. «Муҳаммад Расулуллоҳ айтганлар: «Кимда ким бирор мансабга шу мансабни бажа-ришга лойиқ, софдил, адолатли кишиларни тайинламай, бошқа бир кишини тайинла-са, у худога, пайғамбарга, мусулмонга нисбатан адолатсизлик қилган бўлади».

Яна қозиликка ўз қобилиятига ишонадиган шахслар тайинланиши лозим бўлган. Аммо бу ишга ўзини ўзи номзод қилиб кўрсатиш мумкин эмасди. Аммо ҳар бир мусулмон киши қозиликка тайинланиш истагига эга бўлиши мумкин.

Қозиларга қуйидаги ҳолатларда ҳукм чиқариш мумкин бўлмаган: қорни оч бўлганда; жаҳли чиққан маҳалда. Бундан ташқари, агар қози била туриб адолатсиз ҳукм чиқарса, мансабидан бўшатилган. Бундай шахсларнинг авлодларидан ҳеч бирига қози бўлишга рухсат берилмаган. Агар жавобгар ҳукм чиқариш пайтида дастлаб даъвогар талабига қарши турса-ю, сўнгра кўринмай кетса, қози қарор

чиқариш муддатини кечиктириши мумкин эди. Чунки, қоидага кўра, қози қарор чиқараётган пайтда даъвогар билан жавобгар ўртасида ҳақиқий баҳс бўлиши керак эди. Шу орқали ҳақиқатни юзага чиқариш мумкин бўлган.

«Ҳидоя»да келтирилган ушбу масалалар ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Судда агар даъвогар бирор нарсани даъво қилса-ю, жавобгар бундан тонса, у ҳолда жавобгар ўзининг жавобгар эмаслигини гувоҳлар орқали исботлаши керак ва бундай ҳолларда жавобгарга ишониш лозим бўлган. Шу ўринда, «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг қуйидаги қоидасини келтириш мақсадга мувофиқ. Қонунда «гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминланади. Суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади», дейилади. Демак, шахснинг ўзини ўзи ҳимоялаш ҳуқуқи қадимдан мавжуд бўлиб, ҳозирги миллий қонунчилигимизда ҳам ўз аксини топган.

Тарихдан маълумки, мусулмон фиқҳи асосида иш кўрадиган қозилик маҳкамалари дастлаб Арабистонда вужудга келиб, айниқса, Абу Юсуф даврида махсус муассаса сифатида шаклланган. Хорун ар-Рашид (786 – 808) даврига келиб, халифаликда «Қози-ал-қуззот» лавозими таъсис этилади. Дастлаб «Қози-ал-қуззот» халифага қозиликка тайинлаш учун фақатгина номзод кўрсатиш ваколатига эга бўлган. Қозиларни тайинлаш ҳуқуқи эса халифада қолган. Бироқ кейинчалик халифа қозиларни тайинлаш ваколатини бутунлай Қози-ал-қуззотга топширади. Шундан сўнг қозилик маҳкамалари тизими тўла мустақилликка эришди (Арнус Маҳмуд ибн Муҳаммад. Тарих ал-қазо фи-л-ислом. Қоҳира; ал Матбаа ал-мисриййа ал-ҳадиса ал-аҳлиййа, 1934. 97-бет).

«Ҳидоя»да шаҳодат берилишича, далилларга ажратилган қоида ҳамда фикрлар китобда жамланган. Судда исбот-далил кучига эга бўлган асосий нарса — гувоҳларнинг кўрсатмалари, ҳужжатлар ҳамда лозим бўлган ҳолларда қози томонидан яширин ёки очиқ ҳолда ўтказиладиган гумонлардан тозалаш (шартли равишда психиатрик экспертиза) ўтказилишидир. Қози «Бунда гувоҳ ёки жавобгарнинг сўзларига ишониш мумкинми?», «Унинг характери, руҳияти қандай?» деган саволларга жавоб топиш учун уни яхши билган ёки кишилар характерини ажрата оладиган кишиларга ёзма сўров юборган, баъзан очиқ суд мажлисига шундай кишилар (камида икки киши)ни таклиф қилган.

Гувоҳ ақли расо, озод, обрўли эр ёки хотин киши бўлиши мумкин эди. Икки хотин кишининг кўрсатуви бир эркакникига тўғри келган. Гувоҳлик кўрсатмаларини бериш – фарз, яъни мусулмоннинг мажбуриятларидан бўлиб, била туриб ундан бўйин

товлаш мумкин эмас эди. Шу билан бирга, қуллар, чўрилар, туҳматчиликда айбланганлар, тақиқланган ичимлик ичишга ружу қўйганлар, қуш овчилари, илгари оғир жиноят содир қилган шахслар, судхўр, ўйинчи, фосиқ ва ёлғончи кишилар ҳам гувоҳ бўлишлари ман қилинган.

Қозилик маҳкамаларида котиб билан бирга унинг ёрдамчиси — мусаид лавозимидаги шахс ҳам хизмат қилган. Кўрилаётган бирор иш юзасидан даъво қўзғатилганда, котиб ёки мусаид томонидан ҳар бир фуқаронинг қози олдига даъво билан кириш куни ҳужжатга қайд этиб қўйилган. Даъвогар қўлига берилган мазкур қайднома — ҳужжатни белгиланган кунда қозилик маҳкамасига олиб кириши лозим эди.

Мовароуннаҳрда ҳар бир қози кўчмас мулк, чорбоғ, йирик ҳудудларга оид мулк-лар, улгуржи моллар, вақф ерлари бўйича махсус китоб тутган. Бу китобларда вақф, мерос ва бошқа масалаларга тегишли мулкларнинг рўйхати юритилган. Қозилар ҳам бошқа давлат арбоблари каби ҳафтада муайян кунни дам олиш куни этиб тайинлашлари мумкин бўлган. Ўрта асрларга хос тартиб-таомилга кўра, қозихоналар учун сешанба дам олиш куни ҳисобланган.

Буни қарангки, Бурҳониддин Марғинонийнинг фиқҳ илмига оид «Ҳидоя» асари кейинчалик унинг набираси Абулфатҳ Зайнуддин Фарғонийнинг суд маҳкамалари фаолияти ҳақидаги «Ал-Фусулул Имадия» номли рисоласи яратилишига асос бўлган.

«Ҳидоя» асарини таҳлил этар эканмиз, ундаги қозилар фаолиятига оид бўлимдан шундай хулосалар чиқариш мумкин: биринчидан, юртимизда IX–XII асрларда бошқа илмлар қатори ҳуқуқий масалалар ҳам яхши ривожланган. Иккинчидан, шариат қозилари махсус билим ва кўникмаларга эга бўлганлар. Учинчидан, уларнинг мақоми, вазифаси ва бурчлари ҳуқуқшунос олимлар томонидан ҳуқуқий манба сифатида қайд этилгани бугунги кунда давлатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишда ҳам назарий, ҳам амалий, ҳам маънавий аҳамият касб этади.

Х. Абдуллаев

УМИ Хоразм вилояти вакили

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *