ОДОБ ОЛТИНДАН ҚИММАТ

Инсон одоби билан гўзалдир. Одоб сўзининг маъноси ниҳоятда кенг ва бепоёндир. Инсон одоби билан табиатдаги бошқа мавжудотлардан, ҳайвонлардан, махлуқ ва паррандаю даррандалардан фарқ қилиб туради. Киши қанча ёшга кирмасин, то ҳаётдан кўз юмгунча тарбияга, одобга, ахлоққа муҳтождир. Билимли, илмли одам бўлиши мумкин, аммо одамнинг одоб-ахлоқи талаб даражасида бўлмаслиги мумкин.

Одоб-ахлоқ эгаси бўлувчи инсон, энг аввало, ўзининг юриш-туриши, муомала маданияти билан ҳаёт кечиришда, оила барқарорлигида намуна бўлиши кераклигини буюк аллома Абу Райҳон Беруний уқтиради.

«Инсон ўзининг эҳтиросларига ҳукмрон, уларни ўзгартиришга, бошқаришга қодир, ўз жони ва танини тарбиялар экан, салбий жиҳатларни мақтайдиган нарсаларга айлантиришга, уни маънавий шифокорлик билан даволашга ҳамда аста-секин аҳлоқ ҳақидаги китобларда кўрсатилган усуллар билан иллатларни бартараф этишга қодирдир», дейди Абу Райҳон Беруний. Абу Али Ибн Синонинг одоб-ахлоқ, поклик ва саломатлик тўғрисидаги қарашларида жуда катта ибратли фикрлар бор. Ибн Сино тўғри сўзлаш ва тўғри ишлаш, ҳалоллик, инсофли ва адолатли бўлиш, хушмуомала ва ширинсуханликни одоб қилиш, нафсга берилмаслик, фозиллар суҳбатидан баҳраманд бўлиш, катталарнинг иззатини жойига қўйиш, кичикларга шафқатлилик, самимий дўстлик, муҳтожларга ёрдам бериш ва инъом-эҳсон қилишни унутмаслик, нодонларга насиҳат, маслаҳат бериш каби фазилатларни барча эзгуликнингасоси эканлигини таъкидлайди. Шу билан бир қаторда, Юсуф Хос Ҳожиб ҳам шарқ халқларининг турмуш тарзини, урф-одатларини ва анъаналарини яхши билар эди. Шу сабабли ҳам бу халқларнинг одоб-аҳлоқ нормаларига катта қизиқиш билан қаради: катталарни ҳурмат қилиш, кичикларнинг бурчи эканлигини, ўз навбатида, катталар ҳам кичикларни эъзозлашини ҳамма учун бурч ва инсоний қадр-қиммат белгиси деб билади. Жаҳон фани ва маданиятига ғоят улкан ҳиссалар қўшган Ўрта Осиёлик донишмандлар ўзларининг кенг қамровли фикрлари билан инсонни қандай қилиб бахтли ҳаётга йўллаш мумкинлигинириёзат чекиб изланганлар, бу хусусда одилона йўл топиш учун интилганлар. Улар ўзларининг ана шу мазмунда яратган асарларида ахлоқи, одоби, файз-баракани, тотув оила қуриш бахт-иқболга элтувчи инсофли йўллардан эканлигини кўрсатиб бepишган. Ўрта Осиёдаги ахлоқ, одоб, оила хақидаги қарашларнинг бошида халқнинг ўлмас маданияти ёрқин нур сочиб туради. Айтилган сўзларнинг уддасидан чиқишдек мардлик, кечиримлилик, ботирларга хос инсонийлик, олийҳимматлилик, севги ва муҳаббатга содиқлик каби чин инсоний ахлоқлар аждодларимиздан бизга мерос бўлиб қолган муқаддас фазилатлардир. Шунинг учун ҳам Ўрта Осиёда, жумладан, ўзбек халқининг ўша қабилачилик ҳаёт тарзларини акс эттирувчи эпосларга мардлик, жасурлик, камтарлик, севгига садоқат, дўстлик ва биродарлик, тинч-тотув яшаш учун кураш инсоний қадр-қиммат, ҳалол ва пок турмуш, оилада поклик улуғланган. Биз бу улуғ ғояларнинг «Алпомиш», «Кунтуғмиш»,. «Гўрўғли»- туркумидаги барча достонларда, ажойиб халқ эртакларида талқин этилганлигини кўрамиз. Алишер Навоий жаҳон маданиятини, адабиёти ва тилини кўз-кўзлаган алломадир. У шеърият мулкининг султонигина эмас, шарқ халқлари, шахсан, ўзбек халқининг ахлоқ-одоб, тарбия

мактабининг етук билимдони, адолатли ва тадбиркор давлат арбоби, халқпарвар маданият соҳибқирони эди.

«Маҳбубул-қулуб» алломанинг энг буюк асари бўлиб таълим-тарбия ахлоқ-одоб соҳасидаги йирик рисоласидир. Алишер Навоий турмуш ва одоб ахлоқ муаммолари билан боғлиқ бўлган дидактик асарига «Маҳбубул-қулуб», яъни «Қалбларнинг севгиси» деб ном қўйиши бежиз эмас. У ўзининг пок ва мусаффо қалби буюрган, айтишга чорланган дардини ушбу рисолада жамулжам қилди. Асарнинг биринчи қисмида «Кишиларнинг ахволи, феъл-атвори, одоб ахлоқи ва гап, сўзларининг аҳамияти ҳақида» қайноқ ўгитлар айтилса, иккинчи қисмида «Яхшифеъллар ва ёмон хислатлар тўғрисида» ахлоқий маълумотлар баён қилинади. Одоб-аҳлоқ ҳақида сўз юритар эканмиз, биз — ўқитувчи мураббийлар олдида ёшларга таълим -тарбия беришдек маъсулиятли вазифа юклатилганини чуқур хис қиламиз. Аввало, ўқитувчининг ўзи ҳам касбий, ҳам инсоний фазилатларга эга бўлмоғи ҳамда ёшларга ўзи намуна бўлиши таълим-тарбия жараёнида катта аҳамият касб этади. Оммавий-ахборот воситаларида, газета ва ойномаларда ҳозирги ёшларнинг одоб-аҳлоқи хусусидаги кўрсатув ҳамда мунозарали мақолаларни кўплаб учратамиз. Хўш, нима учун ёшларимизнинг одоб-аҳлоқи глобал муаммога айланиб боряпти? Ёшларимизнинг билими, солоҳиятидан кўра уларнинг одоб-аҳлоқи муҳиммикан? Ҳа, инсоннинг одоби унинг барча сифатларидан муҳим. Одамзот одоби, ҳулқи билан «инсон» деган шарафга лойиқ бўлган. Унинг барча сифатлари «одоб» билан фазилатларга айланган. Баъзиларнинг наздида арзимасдек туюлган камчиликлар бартараф этилмас экан, бора-бора бу кичик айбу нуқсонлар катта ҳалокатларга олиб келади.

Аввало, ёшларимизнинг кийиниш одоби хусусида тўхталиб ўтсак. Афсуски, бу бизнинг энг оғриқли нуқталармиздан бири. Фаолиятимиз жараёнида талабаларнинг кийиниш маданиятида ҳам кескин ўзгаришларни кўрамиз. Айниқса, талаба қизларнинг кийиниши бизни ташвишга солади. Баданни сиқиб турувчи тор шиму, тиззадан юаори юбкалар! Мода ортидан қувиб, қаҳратон чиллада ҳам бошяланг юришлар! Баҳор ойларида қизларимизнинг кийимлари янада юпқалашиб, ҳаммани ўзига маҳлиё этадилар. Бу қизларнинг бир сўзли оталари, ор-номуси баланд акалари бормикан?

Биз ўқитувчилар кийиниш одоби ҳақида турли мунозарали суҳбатлар, тушунтириш ишлари олиб борамиз, лекин бунинг самарасини ниҳоятда оз деб биламиз, чунки оилада шаклланган кийиниш қоидаларини ўзлари учун энг тўғри деб ҳисоблайдиган ёшларимиз кўпчиликни ташкил қилади. Биз ўқитувчиларнинг вазифаси ота-оналар билан ҳамкорликда талабаларнинг университет ички тартиб-қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда кийиниш маданиятини шакллантиришимиз зурурдир.

Унутмайлик, бугунги талаба-қиз эртага бир оиланинг бекаси, соғлом болаларнинг соғлом онаси бўлиши керак. Фаслга мос кийинмаслик, тор, баданини сиқиб турувчи кийимлар кийиш ёшларнинг саломатлигига катта путур етказиши тиббиёт ходимлари томонидан қайта-қайта таъкидланмоқда.

Инсоннинг кийган кийими орқали биз у ҳақидаги илк таассуротларга эга бўламиз. Кийиниш одоби билан атрофимиздаги воқеа-ҳодисаларга ўз муносабатимизни ифодалаймиз. Масалан, ҳашарга айтилган жойга тўйга ясангандек кийиниб борсак, ҳашарга келганларга хайриҳох эмаслигимизни билдиради. Шундай экан, таълим муассасаларига содда, фаслларга мос, миллий қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда кийиниб келсак, нур устига аъло нур бўлар эди.

Э.Қутлиев

Хонқа тумани “Жирмиз ота” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *