ПАЙҒАМБАРГА МУҲАББАТ

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муҳаббатли бўлиш мукаммал мўминлик белгиси саналади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда бундай дейилган: «Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен сизларга отасидан ҳам, боласидан ҳам ва барча инсонлардан ҳам суюклироқ бўлмагунимча, сизлардан бирортангиз ҳақиқий мўмин бўла олмайсизлар”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Ушбу ҳадисда комил мўмин бўлиш учун Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муҳаббатли бўлиш лозимлиги баён қилиняпти. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўминлар учун барча муҳаббат қилинадиган кишиларидан кўра севишликка ҳақли бўлган зотдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир”, (Аҳзоб, 6).

Бу шундай улуғ мақом бўлиб, бу мақом фақатгина бизнинг Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га берилгандир. Қозий Иёз (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай деган: “Инсонда бошқа кишига нисбатан муҳаббатни пайдо бўлишига тўрт ишдан бири сабаб бўлади:

– фойда келтириши. Қайси бир киши сенга фойда келтирадиган иш қиладиган бўлса, унга нисбатан сенда муҳаббат пайдо бўлади;

– зарарни даф қилиши. Бирор киши сенга келадиган зарардан сени ҳимоя қилса, унга нисбатан сенда меҳр ва муҳаббат уйғонади;

– хилқати, кўриниши чиройли бўлиши. Инсон бирор чиройли манзара ёки товусга ўхшаган чиройли қушни кўриб қолса, унга қизиқиши ортади ва унга муҳаббат қилади;

– хулқи чиройли бўлиши. Сен бирор хулқи, одоби чиройли бўлган кишини одамлар билан гўзал муомала қилаётганини кўриб қолсанг, унга нисбатан сенда муҳаббат пайдо бўлади.

Мана шу тўртта хусусиятнинг барчаси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)да жам бўлган. У зот бизга Раббимизни танитдилар. Бандага ўз Раббисини танишидан кўра яхшироқ нарса йўқ. У зот бизга жаннатга бориш йўлларини таълим бердилар. Бизга Исломни ўргатдилар. Аллоҳ таолога қандай ибодат қилишни таълим бердилар. Буларнинг барчаси Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бизга берган энг катта манфаатлари ва ёрдамларидир. У зот ҳаётимиздаги ҳар бир ёмонликдан бизни қайтардилар. Бизни дўзахдан қайтардилар. Бизга дўзах йўлларидан сақланишни ўргатдилар. Биримиз бошқамизнинг обрўсини тўкишдан, жонига ва молига хиёнат қилишдан бизни

қайтардилар. Набий (алайҳиссалом)нинг хилқатлари, кўринишлари жуда чиройли бўлган. У зот барча инсонларнинг энг хулқи яхшиси бўлганлар. У зот ҳақида Қуръони каримда: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!”, (Қалам, 4)дейилган. Ойша (розияллоҳу анҳо) у зотнинг хулқларини “Қуръон”, деган. Шунга кўра, у зот севилишга ҳақли бўлган зотдирлар.

Юқоридаги ҳадисда зикр қилинаётган Муҳаммад (алайҳиссалом)га муҳаббатли бўлиш имоний муҳаббатдан ҳисобланади. Агар инсонда имоний муҳаббат бўлсагина, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳақиқий муҳаббат қила олади. Саҳобаи киромларда мана шу муҳаббат бўлган ва шу сабабли у зотга ҳақиқий ошиқ бўлганлар. Бир ҳадиси шарифда бундай дейилган: «Абдуллоҳ ибн Ҳишом (розиялоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Биз Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга эдик. У зот Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)нинг қўлларини ушлаб турган ҳолда эдилар, шунда Умар (розияллоҳу анҳу) у зотга: “Эй Аллоҳнинг Расули! Сиз мен учун ўзимдан бошқа ҳаммадан кўра маҳбуброқсиз”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Йўқ, нафсим унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, токи мен сизга ўзингиздан ҳам маҳбуброқ бўлмагунимча бўлмайди”, дедилар. Умар (розияллоҳу анҳу) у зотга: “Энди Аллоҳга қасамки, албатта, сиз мен учун ўзимдан ҳам маҳбуброқсиз”, деди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ана, энди бўлди, Эй Умар”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

У зотга бўлган муҳаббат қалбий ва амалий бўлиши лозим. Шунга кўра, у зотга муҳаббатли бўлган киши Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг суннатларига амал қилиши, у зотни хурсанд қиладиган ишларни қилиши керак бўлади. Уламолардан бири: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳақиқий муҳаббатли бўлиш – У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатини қўллаб-қувватлаш, унинг шариатини ҳимоя қилиш ва нафсини ва молини сарфлаш учун у киши билан бирга бўлишни орзу қилишдир”, деб айтган.

Шунга кўра, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни биз яхши кўрамиз. Чунки у Зот оламларга раҳмат қилиб юборилган Пайғамбардирлар!

Раҳматуллаев М

Урганч тумани Назар хўжа бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *