МАЪРИФАТ- ЖАҲОЛАТДАН УСТУНДИР

Ҳозирги давр глобал сиёсий жараёнлар, турли манфаатдор кучларнинг ўз мақсадлари йўлида олиб бораётган геосиёсий ўйинлари билан жахон афкор оммасини ташвишга солмоқда. Маълумки хар қандай геосиёсий ўйин, гарчи у бошламада тинч, шунчаки ташвиқот орқали илгари сурилган бўлсада охир оқибатда низога- қонли урушларга, мудхиш фожиага айланади. Айнан шундай манфаатпараст кучларнинг халқаро сиёсатда дин омилидан фойдаланишига интилишаётгани, хатто бунга бош урғу сифатида қарашаётгани ўта хатарли холатдир.

Аксар ғарб давлатларнинг оммавий ахборот воситалари тинимсиз равишда одамлар онгига ислом динимизни бузғунчилик, қотиллик, вахшийлик, зўравонлик дини деб кўрсатишга уринишяпти. Бунга асос эса яқин шарқ мамлакатларида хокимият талашиб, шу мухорабада динимизни байроқ қилиб олган бир гуруҳ ақидапараст, экстремистик, террорчи кимсаларнинг содир қилаётган жиноятлари турибди. Бу кимсалар муқаддас динимиз ахкомларини бузиб, ўз ёвуз ниятлари йўлига йўналтириб талқин қилишяпти. Бу хатти -ҳаракатлари билан аксар ҳали онги тўла шаклланмаган, эътиқоди суст ёшларни ўз даъватлари ортидан эргаштириб, уларни жаҳолат ботқоғига ботиришмоқда.

Ислом динимиз тарихидан яхши маълумки, ҳали Аллоҳнинг мўминларни эзгуликка чорловчи муқаддас китоби Қуръони карим пайғамбаримизга нозил қилинишдан олдин яна шундай жохилият замонлар бўлган. Жаҳолат замони одамлари яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва баднафслик, ҳалол ва харомнинг фарқига боришмаган. Муқаддас динимиз ахкомлари айнан ана шу қараш, яшаш тарзини тарозига соладиган инсонларни фақат яхшиликка , эзгуликка чорлайдиган амалларни бизлар ва суннат ва фарз қилдилар. Ўргимчак тўри аталмиш интернет саҳифаларига ин қуриб олган ана шундай ёвуз ақидапараст кучлар Қуръони карим оятларини, муқаддас ҳадисларимизни бузиб талқин қилиш орқали ёшлар онгини заҳарлашяпти, уларни кўп қадим қадриятларимиздан узоқлаштириб, аксинча охири вой бўлган йўлларга – жаҳолатга тортишяпти. Бунга алданиб қолаётганлар озми-кўпми борлиги ачинарли, албатта. Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний “Олижаноб кишилар узрни қабул қилур” деб, айтган сўзларини такидлаган эдилар. Халқимиз мард ва олижаноб халқ. Ким чин дилдан узр сўраса, тавба қилса, албатта гуноҳидан кечади. Шунинг учун юртимиздаги адашиб нотўғри йўлларга кириб қолиб афсусланаётган ва кечирим сўраётган ёшларни жамиятга қайтариш борасида бир неча ишлар амалга оширилмоқда.

Зеро, динимиз тинчлик, бағрикенглик, инсонпарвар, бир сўз билан айтганда эзгуликни ўзида мужассам этган. Пайғамбаримиз с.а.в дан қилинган хадиси шарифларда ҳам инсонларга яхши амаллар қилишга, ҳар қандай ёмонликлардан қочишга буюрилади: “Мусулмон-қўли ва тилидан ҳеч ким зиён кўрмаган киши. Мўмин – бошқаларнинг моли ва жонига тажовуз этмайдиган киши. Мухожир- гунох ва маъсиятларни тарк этган киши”. Яна бир қудсий ҳадисда айтиладики: “Умматим ҳеч қачон залолатда бирлашмайди”.

Залолат жахолатнинг бир кўриниши, инсоннинг икки дунёсини барбод қиладиган, барча ёмонликлар жамланган бир ахлат ўраси янглиғдир. Кўп минг йиллик қадриятларимиз аслида буюк бобокалонларимиз амал қилган, даъват этган, ўзларининг гўзал хулқлари, инсоний одоблари, кўп савоб амаллари негизида сайқалланган. Ўз умрларини диний ва дунёвий илмларни эгаллашга, бошқаларга шу йўлда ибрат бўлишига бағишланган буюк қомусий олимларимиз хаётлари, яратган ўлмас асарлари, қилинган яхши амалларини ўргансак бунга яна ва яна амин бўлаверамиз. Бу буюк аждодларимизни бутун жахон афкор оммаси устозлар мақомида билади, буюк кашфиётларни тан олади. Бу буюк зотлар чуқур билим эгаси бўлиш билан бир қаторда маърифатли инсонлар ҳам эдилар. Хеч қачон хато йўлга юрмаган, жахолатдан доимо огох бўлган, ўз замондошларини бундан огоҳ қилган, хатто ўта оғир замонларда ҳам ўз эътиқодларини сақлаган, имонидан айро тушмаган шундай улуғ зотларнинг ҳаётий сабоқларини билишимиз, ўрганишимиз ва албатта уларнинг муносиб ворислари бўлишимиз керак. Узоқ ёки яқин тарихда ўтган манфаатпараст, жохил, бузғунчи кимсаларни ким хам эслайди бугун? Қайсидир минтақаларда номлари қолган бундай кимсаларни аслида ёмонликдан огоҳ қилиш учун эслаймиз ва ёмон амалларни лаънатлаймиз. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг 195 оятида қатъий огоҳлантиради: “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни халокатга ташламанг!”.

Ҳалокат аталмиш жахолатнинг кушандаси – бу маънавият. Маънавият – бу чин инсоний амаллар, яхшиликни улуғлаш, уни асраш, эл-юрт учун эзгу амалларни бажариш, шу амалларни авлодларга – фарзандларга ҳам юкуниш, уларни бахтиёр яшашга йўналтиришдир. Бугун ёвуз кучларнинг пуч ғоялари, сохта даъватларига билмасдан учиб, йўлидан адашган ёшларимизни жахолат ботқоғидан қутқариш, уларни маърифат сари йўналтириш хар биримиз учун фарз амалдир.

Қ.Машарипов

Урганч шахар Мискин бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *