ОСОНЛАШТИРИНГ, ҚИЙИНЛАШТИРМАНГ, БАШОРАТ БЕРИНГ НАФРАТЛАНТИРМАНГ

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Дин енгилликдир. Ким динда қаттиқ туришга интилса, дин уни енгиб қўяди. Шунинг учун сиз тўғри амал қилинг, яқинлаштиринг, хурсанд бўлинг, эрталаб, куннинг охири ва тундаги тетик вақтларингиздан фойдаланинг” (Бухорий ривояти).

Имом Суютий айтади: “Пайғамбаримиз (с.а.в.) Исломни олдинги динларга нисбатан енгиллик, деб атадилар. Чунки Алллоҳ таоло бу диндан олдинги динлардаги қийинчиликларни олиб ташлаган. Бунга ёрқин мисол: олдинги диндагиларнинг тавбаси ўзини қатл этиш билан бўлган, бу умматнинг тавбаси эса, гуноҳни тарк қилиш, унга бошқа қайтмасликка қасд қилиш ва пушаймон бўлишдир”. “Ким динда қаттиқ туришга интилса”, деганларидан мақсад ҳеч ким динга ташаддуд (қаттиқлик) билан юзланмасин. Дин билан муомаласи бир-бирини йиқитишга ҳаракат қилаётган икки кишининг муомаласи каби бўлмасин, дегани. Яъни, унда ҳаддан ошмасин, ўртачаликдан чиқиб кетмасин. Ибн Тийн: “Бундан мурод ибодатларда мукаммалликни исташни ман этиш эмас, балки малолланишга олиб борувчи ҳаддан ошишдан қайтаришдир”, деган. “Тўғри амал қилинг”, деганларидан “ҳаддан ошиш билан сусткашликнинг ўртасидаги ўртачаликда давомли бўлинг” маъноси назарда тутилган.“Яқинлаштиринг”, яъни агар амалларни мукаммал бажара олмасангиз, шунга яқинлаштиришга интилинг. Кам бўлса ҳам, доимий солиҳ амал қилганларга “хурсанд бўлинг”, дея хушхабар берилмоқда. “Куннинг охири ва тундаги тетик вақтларингиздан фойдаланинг”, деб Пайғамбаримиз (с.а.в.) Аллоҳга томон сафарни одатдаги сафарга ўхшатганлар. Маълумки, мусофир дам олмасдан йўл босаверса, манзилига етолмайди. Агар дам олиб-дам олиб, тетик вақтларида юрса, манзилига осон етади. Зеро, Аллоҳ таоло ўз Китобида “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди” (Бақара, 185), дея марҳамат қилган.

Абу Мусо ва Анасдан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бирини бирор буйруқ билан юбораётганларида, унга шундай дердилар: «Енгиллаштиринглар, оғирлаштирманглар, хушхабар беринглар, нафратлантирманглар» (Бухорий 69, Муслим 1734).

Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига дедилар: «Сизлар фақат енгиллаштириш учун юборилдинглар, оғирлаштириш учун юборилмадинглар» (Термизий 147. Саҳиҳ ҳадис).

Ҳофиз Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ дедилар: «Eнгиллаштириш – бу ибодатдаги мўътадиллик ва ўрталикдир. Инсон унга юкланган мажбурияатларида камчиликка қўл урмасин, шунингдек кучи етмайдиган нарсани ўзига юкламасин» 

Зикр қилиб ўтилган барча нарсалар Ислом дини енгил дин эканига далолат қилади. Шу ўринда таъкидлаб ўтишимиз керакки, Ислом бугунги кундаги турли даъватчиларнинг чуқур кетишларига, мутаассиблик қилишларига муҳтож эмас.

Саидов Муҳаммадамин

Урганч тумани Жонхарош бобо масжиди имом-хатиби 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *