МИССИОНЕРЛАР ТАЪСИРИДАН САҚЛАНИНГ

«Албатта, Аллоҳ наздида (мақбул) дин Ислом динидир» (Оли Имрон, 19). Биз, алҳамдулиллаҳ, қадимдан Ислом динидамиз. Ота-боболаримиз Ислом дини аҳкомларига амал этиб яшашган. Биз бундан оғишмаймиз. Афсуфки, ҳозирги кунда диний қадриятларимизга, маънавиятимизга раҳна солишга, диний можароларни келтириб чиқаришга интилаётган айрим чет эллик нопок кимсалар миссионерлик йўли билан фарзандларимизни йўлдан оздиришга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳол, ғанимларимиз режалаштирганидек, ижтимоий, оилавий низолар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Фикримизча, бунинг сабаби динимиз асосларини, унинг инсоният саодатини таъминловчи йўриқларини билмаслик оқибатидир. Зеро, айнан Ислом динимиз моҳиятини билмаганлар миссионерларнинг сафсаталарига кўр кўрона эргашадилар.

Қонунчилигимизда барча динларга эътиқод қилувчилар тенгҳуқуқлидирлар. Лекин миссионерлик ва прозелитизм расман таъқиқланган. Чунки уларнинг мақсади бузуқ ақидаларини ёйиш ҳам эмас, миллатларни пароканда қилишдир. Бу дунёда авж олган исломофобиянинг бир кўринишидир. Миссионерларнинг қилмишларини ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Ўзининг юртида черковлар масжидга айлантирилаётган, Исломни қабул қилаётганларнинг сафи кундан-кунга кўпаяётган бир паллада бу разил кимсалар Аллоҳ комил қилиб берган охирги дин Ислом номига туҳматлар қилишяпти. Тажрибасиз, оми ёшларни пул билан алдаб, имондан жудо қилишмоқда. Имом Аҳмад ва Байҳақий Жобирдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилишади: «Умар (розийаллоҳу анҳу) Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: «Бизлар яҳудийлардан ажойиб гапларни эшитамиз, ўша гапларнинг баъзиларини ёзиб олсак, нима дейсиз?» деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Яҳудий ва насронийлар роҳибларнинг сўзларидан ажабланиб китобларини тарк қилганларидек, сизлар ҳам уларнинг гапларига учиб китобларингизни тарк қилмоқчимисиз? Мен сизларга уни гард юқмаган, мусаффо ҳолатда келтирганман. Агар Мусо (алайҳиссалом) тирик бўлганида эди, менга эргашишдан ўзга чораси бўлмас эди», дедилар». Динимиз асоси Қуръони карим олдинги китобларга амал этишни бекор қилди, унинг ҳукми ҳамма замон ва маконга дахлдордир. Унинг ҳукмини ҳеч қандай китоб, ҳеч бир кимса бекор қилолмайди.

Бизнинг ислом динимиз, асрлар мобайнида халқимизнинг шуурига кириб, унинг жон томири сингари жой олган, Аллоҳ комил қилиб берган динимиз бор. Миллат келажаги унинг эртанги соғлом турмуши учун бу каби разил тўдаларга қарши биргаликда ҳаракат қилмоғимиз лозим. Асрлар мобайнида авлодларнинг миллий қадриятлари, улар ҳаётининг асосий омили бўлиб хизмат қилган муқаддас динимиз келажак авлод учун ҳам шундай бўлиб қолажак. Аллоҳ таоло берган улуғ неъмат тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиб, диёримизни ёвуз кучлардан сақлаш ҳар бир мусулмон зиммасидаги бурчдир. Яратган зот адашганларга диёнат, тавфиқ ато айласин.

Собиров Ҳусинбой

Боғот тумани Қарри хўжа бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *