ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК – ТИНЧЛИГИМИЗ ГАРОВИ

Динлараро бағрикенглик ғояси хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир ватанда, олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади. Дунёдаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади, у ҳалоллик, тинчлик, яхшилик ва дўстлик каби бир қанча эзгу фазилатларга таянади. Инсонларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва бағрикенгликка даъват этади.

Ҳозирги глобаллашув жараёнида диний бағрикенглик муаммоси жаҳон ҳамжамияти давлатлари учун ғоят долзарб масалалардан бири ҳисобланади. 1995 йил 16 ноябрда БМТнинг фан, таълим ва маданият бўйича ихтисослашган ташкилоти ЮНЕСКО томонидан Бағрикенглик принциплари декларациясининг қабул қилиниши бунинг ёрқин далилидир. Ушбу декларацияда эътиқод ва виждон эркинлигига ҳам эътибор қаратилган. Унинг 1-моддасида, бағрикенглик ўзимиз яшаб турган дунё маданиятининг бой ва хилма-хиллиги, инсон индивидуаллигининг намоён бўлиш шакллари ва усулларини ҳурмат қилиш, уни қабул қилиш ва тўғри тушуниш ҳамда виждон ва эътиқод эркинлиги сифатида изоҳланган. Бош қомусимизда мамлакатимизда яшаётган барча миллат вакиллари миллати, тили, эътиқоди, ижтимоий холатидан қатъий назар Ўзбекистон ҳалқини ташкил қилиши ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, шунингдек эътиқод эркинлиги мустаҳкамланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар”. Асосий қонунимизда ушбу ҳуқуқнинг акс эттирилиши мамлакатимизда инсонларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги таъминланишининг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Истиқлол йилларида эришган энг катта бойлигимиз- халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётидир. Жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олийжаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга уйғун яшаш тамойили тобора мустаҳкамланиб бораётгани, юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакиллари, ҳамда жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакилларининг ўз она тилида ўқиши учун кенг имкониятлар яратилгани, олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицей ва мактабларда барча миллат вакиллари учун тенг шарт-шароитлар яратилгани, кўплаб тилларда газета ва журналлар чоп этилиб, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар олиб борилаётгани бу борадаги фаолиятнинг яққол далилидир. Мустақиллик йилларида республикамизда юзлаб масжидлар, черковлар, синагога ва ибодат уйлари қурилди ва қайта таъмирдан чиқарилди. Буларнинг барчаси динлараро бағрикенглик ва миллатлараро тотувликнинг кўринишидир.

Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик тарихий илдиз ва мустаҳкам қонуний асосларга эга бўлиб, дунёвий давлат ва дин орасидаги муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”, деб белгиланган. Ушбу моддани амалга ошириш механизми 1998 йил 1 майда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунида кенг ёритиб берилган. Унинг 3-моддасига кўра, виждон эркинлиги фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир. Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 18-моддасида: “Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга, бу ҳуқуқ ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини ва таълимотда, тоат ибодат қилишда ва диний расм-русум ҳамда маросимларни оммавий ёки хусусий тартибда адо этиш, ўз дини ёки эътиқодига якка тартибда, шунингдек бошқалар билан бирга амал қилиш эркинлигини ўз ичига олади”, деб белгиланган. БМТ томонидан динлараро бағрикенглик ғоясини бутун дунёга тарғиб этиш мақсадида 2011 йилнинг 1-7 февраль кунларини бутун жаҳонда “Динлараро муносабатлар уйғунлиги бутунжаҳон ҳафталиги” деб эълон қилган эди.

Муҳтарам президентимиз шундай дейдилар: “Яхшилик нур келтиради, ёмонлик зулмат, дейди доно халқимиз. Ўзбекистоннинг келажаги яхшилик пойдеворига қурилмоғи шарт. Чунки фақат яхшилик боқий яшайди. Одамларнинг одамларга яхшилиги! Юртдошларнинг юртдошларга яхшилиги! Миллатдошларнинг миллатдошларга яхшилиги! Бу Ўзбекистоннинг шиоригина эмас, даъватига, чақириғига, хислатига айлансин. Яхшилик қилган миллатни ҳурматлаш, яхшилик қилган авлодни эъзозлаш тафаккур оламининг қуёшига айлансин. Менинг орзум ҳам, истагим ҳам, тутар йўлим, асосий қайғу-ташвишим, қувончу севинчимнинг боиси ҳам шу”.

Юқоридаги фикр ва далиллардан хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, юртимизда миллатлараро ва давлатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга қаратилган янги ғоя ва ташаббусларнинг пайдо бўлаётганлиги дўстлик ва ҳамжиҳатлик қўрғонининг янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилади. Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, “Ўзбекистоннинг бойликлари кўп, лекин бизнинг энг катта бойлигимиз, энг юксак қадриятимиз–жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликдир”.

Маълумки, Ислом ўзидан олдинги самовий динларни (яҳудийлик, насронийлик) шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувватлар кўрсатилган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қаралган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бошқа дин ва эътиқод вакилларига бағрикенг бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурмат қилиш, ҳақларига риоя этишнинг олий намунасини кўрсатибгина қолмай, умматни ҳам ҳамиша ана шу йўлдан боришга даъват қилишдан чарчамадилар. У зотдан ривоят қилинган ҳадисда: “Халқнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Уларнинг Аллоҳга маҳбуброғи аҳлига наф берувчироғидир”, дейилган (Баззор ривояти).

Ислом илк давриданоқ аввалги динларга ҳеч қандай тазйиқ ўтказмади, турфа мазҳаб ва мафкураларга қарши таассуб этмади. Ислом биринчи кунларданоқ диний бағрикенгликнинг оламшумул шиорларини ўртага ташлади: «барча самовий динлар бир манба, бир булоқдан сув ичади, ҳамма пайғамбарлар биродардирлар, рисолатда улар ўртасида ҳеч қандай афзаллик йўқ, эътиқодга, динга мажбурлаш мумкин эмас, илоҳий диёнатларнинг барча ибодатхоналари ҳимоя ва мудофаа қилиниши керак, динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги, яхшилик, силаи раҳмдан тўсмаслиги лозим» ва ҳоказолар.

 Юртимизда азал-азалдан турли эътиқодга мансуб миллат ва элатлар истиқомат қилиб келган. 130 дан зиёд миллат фарзандларининг ҳур ва озод диёрда туғилиб, тинчлик, тотувлик ва осойишталик кайфиятида яшашлари ватанимизнинг бағрикенглик ўлкаси эканлигининг ёрқин намунасидир. Уларнинг ўзаро баҳамжиҳат, аҳил-иноқликда бир-бирларининг эътиқодларини ҳурмат ва эҳтиром руҳида яшаб келишларининг ўзи Яратганнинг халқимизга берган улкан неъматидир.

Буюк аждодларимизнинг бой маданият ва маърифат булоқларидан баҳраманд бўлган халқимиз нафақат миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик балки дину-диёнат, имону-эътиқод, одобу-ахлоқ, меҳру-мурувват, оила, фарзанд тарбияси, ота-она ҳурмати ва иззати борасида ҳам ўзига хос кенг феъллик, саҳоват ва мўътадиллик тамойилларига амал қилиб келмоқда.

Қўчқоров Муҳаммаджон

Урганч шахар “Имом Фахриддин ар-Розий”

ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *