ПОК, ЭЗГУ ВА УЙҒУН ҒОЯЛАР — ҲАР БИРИМИЗ УЧУН ДАСТУРУЛАМАЛДИР

Шу кунларда юртимизда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги кенг нишонланмоқда. Таъкидлаш жоизки, Бош Қомусимиз инсон ҳуқуқларини, виждон эркинлигини кафолатлаб, барча соҳалар қатори ислом дини равнақи учун ҳам кенг имкониятлар эшигини очди.

Масжид ва мадрасаларнинг биноларининг барпо этилиши, нодир тарихий манбалар, осори атиқаларнинг муносиб қадр топиши, юртдошларининг эмин-эркин ибодат қилишлари ҳам ана шу ҳуқуқий асос туфайли амалга ошмоқда. Қолаверса, бизда нафақат ислом дини балки, бошқа кўплаб динларга эътиқод қилувчилар учун ҳам шарт-шароитлар яратилган.

Қомусимиз ҳақида сўз кетганида, миллий ва умумбашарий қадриятлар сингдирилган моддаларда халқимизга хос урф-одат, имон- эътиқод, инсоф ва диёнат, ор-номус, меҳр-оқибат каби самимий инсоний фазилатлар ўз аксини топганини таъкидлаш ўринли. Қолаверса, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари билан бир қаторда виждон эркинлиги ҳам эътиборга олинган. Жумладан, 31-моддада мустаҳкамланишича, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди. Бу — инсон манфаатлари юксак қадрланганининг ҳуқуқий ифодасидир.

Динимизда ҳам инсон, унинг шаъни, ҳаёти улуғланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Бақара сурасида шундай марҳамат қилади: “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди. Бас, ким шайтонни (ёхуд бутларни) инкор этиб, Аллоҳга имон келтирса, демак, у бузилмас, ишончли ҳалқани тутибди. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир”. Яъни Яратган инсон наслини шарафлади, унга беҳисоб неъматлар, яхшиликлар ато этди, бошқа мавжудотларга бермаган фазилатлар айнан одамда зоҳир бўлди. Қуръони каримнинг Исро сурасида: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”, дея эътироф этилади.

Муқаддас динимиз таълимотига кўра, ислом дини бирор инсонни динга зўрлаб киритишга, ўз эътиқодини бошқаларнинг хоҳиш-иродасига қарши ўлароқ тиқиштиришга йўл қўймайди: “Агар Раббингиз хоҳласа эди, Ер (юзи)даги барча кишилар ёппасига имон келтирган бўлур эдилар. Бас, Сиз одамларни мўмин бўлишларига мажбур қиласизми?!” (Юнус сураси, 99-оят).

Конституциямизда давлат барча фуқароларга меҳнат қилиш, илм олиш, ўзлари хоҳлаган касб-ҳунур эгаллаш, билим савиясини ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратиб беришни кафолатлаги белгиланган. Қолаверса, бағрикенглик тамойиллари ҳам тўлиқ ифодаланган.

Айни пайтда мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элатлар аҳил-иноқ умргузаронлик қилаётир. Юртимизда 16 та диний конфессияга мансуб 2242 та диний ташкилот фаолият юритмоқда, турли дин вакиллари эмин-эркин яшашлари учун барча шароитлар яратилган. Бошқа ташкилотлар қатори диний жамоалар ҳам жамият тараққиётида тоборо фаол иштирок этиб, халқимизнинг маънавияти ва қадриятини тиклаш, ўзлигимизни англаш, энг асосийси, мустақиллигимизнинг мустаҳкам ва боқий бўлишига ҳиссаларини қўшмоқдалар. Юртимиз мусулмонлари бошқа динларнинг вакиллари билан биргаликда ягона мақсад — Ватанимиз Ўзбекистоннинг янада гуллаб-яшнаши йўлида ҳаракат қилмоқдалар.

Аллоҳ таоло Қуръони карим оятларида мусулмонларни ўз диндош биродарларига ва барча инсон зотига яхшилик, меҳр-мурувват қилишга чорлаш билан бир қаторда ўзаро тинчлик ва тотувликда бўлган бошқа дин соҳибларига ҳам яхшилик ва меҳр-шафқатда бўлишларини истаган. Яъни, “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”(Мумтаҳана сураси 8-оят). Шундай экан, юртимизда тинч, осойишта, ҳамжиҳат яшашимиз, бир-бировга меҳрли бўлишимиз, Ватанимизни кўз қорачиғидек ҳимоялашимиз учун ҳам диний, ҳам ҳуқуқий асосларимиз — уйғун эзгу ғояларимиздан асло оғишмайлик.

Ҳасанбой КЕНЖАЕВ,

Урганч шаҳар бош имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *