Фарзанд тарбиясида онанинг ўрни

Фарзанд – инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насабини давом эттирувчиси, оиланинг мустаҳкам занжиридир. Яхши, солиҳ фарзанд – ота-онанинг бахт-иқболи, икки дунё саодатига етказувчи дилбанди. Фарзандлар “жаннат райҳонлари” деб тавсифланиши бежиз эмас. Аммо у одобли, яхши фазилатлар соҳиби, итоаткор ва қобил бўлгандагина ота-онасига раҳмат ва бахт-хурсандчилик келтиради. Бунинг акси бўлишидан Аллоҳ сақласин!

Оила ва солиҳ фарзандлар кўришни орзу қилмаган инсон бўлмаса керак. Фарзанднинг яхши, одобли, меҳнатсевар, соғлом бўлиб ўсиши кўп жиҳатдан онасига боғлиқ бўлади. Шунинг учун динимиз кўрсатмаларида бўлғуси келинни танлашга алоҳида эътибор қилинади. Келажакда туғилажак фарзандларга муносиб она танлаш ҳақида фарзанд ҳали туғилмасидан қайғурилади. Оиша онамиздан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзандларингизга муносиб онани ихтиёр қилинглар”, деганлар.

Бўлажак келин соғлом, дину диёнатли, солиҳа, гузал тарбияли бўлмоғи барака омилидир. Оила қуришдан асосий мақсад наслни давом эттиришдир. Инсониятнинг кўпайиши, наслнинг бардавомлиги қиёматгача давом этадиган илоҳий ирода ва муҳим жараёндир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Никоҳланинглар, кўпаясизлар, мен қиёмат куни ўтган умматларга нисбатан умматимнинг кўплиги билан фахрланаман”, -деб марҳамат қилганлар.

Донишмандлар бола тарбиясига у ҳали ҳомила ҳолида эканидаёқ киришишни маслаҳат беришади. Бунга қандай эришиш мумкин? Бўлажак онанинг емиши ҳалол, пок бўлиши, у ҳамиша тоза, покиза юриши, дуо ва зикрни мунтазам айтиб туришининг туғилажак фарзанднинг келгусида яхши тарбияли, одобли, эътиқодли, чин инсон бўлиб камолга етишида катта фойдаси бор. Ҳатто замонавий тиббиёт ҳам она ҳомиладорлик чоғида кўпроқ қандай кайфиятда бўлса, буларнинг ҳаммаси болага ҳам кўчишини исботлаган. Масалан, ҳомиладорлик чоғида кўп асабийлашган, бошига бирор ғам, мусибат тушган аёлларнинг фарзандлари инжиқ, серзарда, йиғлоқи бўлиб туғилиши кўп марта кузатилган.

Олимларнинг тадқиқотларига кўра, ўз онаси тарбиясини олган, унинг ғамхўрлиги, шафқатини ҳар қадамда ҳис этиб турган болалар бутунлай ўзларини жамоат ишига бахшида қилиб, фарзандларидан узилиб қолган оналарнинг болаларига қараганда соғлом, ақлли, тарбияли ва кўнгилчан бўлиб улғайишар экан. Онанинг бурчларидан яна бири фарзандга меҳрибонлик кўрсатиб, уни турли азият берадиган нарсалардан сақлаган ҳолда вақтида озиқлантириб, ювиб-тараб, тоза кийинтириб, шамоллаб қолишига йўл қўймай, уни парвариш қилишда эринчоқлик ёки дангасалик қилмай доимо ҳушёр ва ундан хабардор бўлишликдир.

Оналарнинг бошқа муҳим вазифаларидан бири фарзандларни ёшлик чоғларидан бошлаб илму маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориш лозим бўлади. илму фаннинг қайси соҳасига бўлса ҳам қизиқиш пайдо қилиб, ўқиб ўрганиб маълумот ҳосил қилган киши, албатта, ўзи, оиласи, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар қаторидан жой олади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда:“…Ўқиб илм орттирганлар билан ўқимаганлар тенг бўладиларми…?” – деб илму фанга тарғиб қилади. Ёшларни дунёвий илмлар соҳиби ва касб-ҳунарли бўлишга тарғиб қилиш энг муҳим масалалардан экан, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу ҳам ҳар бир даврда ўзига хос бўлган илмларни ҳосил қилишга ишора қилиб: “Болаларингизга ўзлари яшайдиган давр илмларини ўргатинглар!”, – деганлар. Айниқса, шу кунларда таълим муассасаларда ўқишни тугатиб, ёзги таътилга чиқиш арафасида турган фарзандларимизга эътиборлик бўлишимиз лозим. Уларнинг мароқли дам олишларига қулай шароитлар яратиб берайлик. Фарзандларимизни кўча-кўйда беҳуда тентираб, бўлмағур, ножуя хатта-ҳаракатлар қилишдан уларни сақлаб, гўзал хулқ эгаси бўлишга чақирайлик.

Оилада фарзанд тарбиясида аёл кишининг ўрни деганда фахр билан айтамизки, бугунги кунда ўзбек оилалари хусусан оналаримиз, аёлларимиз оиланинг соғлом иқлимли, оила бағрида фарзандларини эл-юртнинг муносиб ўғил-қизлари, Ватанининг ҳақиқий содиқ фуқароси бўлиб вояга етишларида жон кўйдирмоқдалар.

Биз Аллоҳ таолодан оила, фарзанд ва жамият олдида катта масъулият соҳиби бўлган барча муҳтарама оналаримизга, меҳрибон ва садоқатли хотин-қизларимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик беришини ва икки дунё саодатига мушарраф этишини сўраб дуолар қиламиз! Илоҳо, уларнинг сабр-бардошлари, оила ва бола тарбияси йўлидаги беқиёс меҳнатлари ва меҳрибонликлари эвазига Парвардигорнинг Ўзи муносиб мукофотлар ато айласин! Омин, ё Роббал оламин!

 

Ф.Отажанова

ЎМИ Хоразм вилояти вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *