ИСЛОМ МУСАФФОЛИГИ ЙЎЛИДА

Ислом дини тинчлик, инсонпарварлик, бағрикенглик, мўътадиллик асосига қурилгани, унинг инсонпарварлик, эзгулик, мехр-оқибат тамойилларига йўғрилган таълимоти экстре­мизм ва терроризм каби иллатларга бутунлай ётдир.

Айни пайтда, Яқин Шарқ минтақасида рўй бераётган воқеа-ҳодисалар, жангари гуруҳларнинг мусаффо ислом номини шиор қилиб амалга ошираётган хунрезликлари,  жиноий хатти-ҳаракатлари бутун инсониятни жиддий ташвишга солмоқда.

Зеро, дунёнинг етук уламолари мазкур гурухларнинг даъволари пуч эканини ҳужжат ва далиллар асосида рад этиб, қуйидагиларни маълум қилади:

Эътиқод ва амалда ислом асосларига буткул ёт бўлган ақидапараст гуруҳлар фитна чиқариб, Аллоҳнинг каломи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига риоя қилувчи дунё мусулмонларини танг аҳволга солиб қўймоқда. Уларнинг бу фитнаси, аввало, ислом ва террорни тенг маънода янглиш тушуниш, мусулмонларни ўзларига буткул дахли бўлмаган ишда айблашга сабаб бўлмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

 «Уларга: «Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилмангиз!» — дейилса, улар: «Албатта биз ислоҳ қилувчилармиз», дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан улар­нинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар», — дея марҳамат қилади (Бакара сураси, 11-12 оятлар).

Яқин  Шарқдаги жангариларнинг маҳаллий мусулмонларни куфрда айблаб, оммавий қирғин қилаётгани, аёлларнинг ор-номусини топтаб, қулга айлантираётгани, гўдакларни қатл этаётгани, аҳли китобларнинг қонини тўкиб, ибодат уйларини вайрон қилаётгани ва яна қанчадан-қанча маълум бўлаётган жиноятлари борки, буларни  ислом дини кескин қоралаган ва илохий таълимотга мутлақо алоқаси бўлмаган ишлардир. Ислом шариати бегуноҳ инсоннинг қонини тўкиш, шаъни ва қадр-қимматини топташ, мол-мулкини талон-тарож қилишни ҳаром деб қатъий ҳукм қилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг «Моида» сураси 32-оятда шундай марҳамат қилган:

 «Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда: «Албатта, қонларингиз, молларингиз, шаън-обрўларингиз ораларингизда шу кунингиз, шу ойингиз, шу шаҳрингиз муқаддаслиги каби муқаддасдир», — деганлар (Бухорий ривояти).

Мазкур тоифалар ислом асосларини бузиб, оят ва ҳадисларни ўзларининг разил максадлари йўлида талқин қилмоқдалар, узоқ ва яқиндан  мусулмонлик даъвосидаги кишиларни, айниқса. ёшларни ўз сафларига чорламоқдалар, уларни ҳам ўзларининг мудҳиш жиноятларига шерик қилмоқдалар.

Набий алайҳиссалом: «Ким илмсиз равишда Қуръон тўғрисида бир гапни айтса, ўзининг дўзахдаги ўриндиғига тайёрланаверсин», — дея марҳамат қилганлар (Термизий ривояти).

Ҳар бир мусулмон  тинч ва фаровон ҳаётга интилмоғи,  фасод ва гуноҳдан,  одамлар ўртасида ихтилоф чиқариб, уларни фирқаларга бўлиб юборувчи  адашган тоифалардан огоҳ  бўлиши лозим. Бу хусусда Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сураси 103-оятда шундай марҳамат қилади:

 «Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг».

деган оятидаги “арқон”дан мақсад  жамоат дейилган. Бошқа  бир ўринда “арқон”дан мақсад Қуръон ва  суннат деб келтирилган. Бу оят ҳукми билан муфассирлар айнан бу оят барчани фирқаларга бўлинмасликка очиқ далолат қиладиган ҳукм бўлиб, унга эргашиш ҳамда амал қилиш барчага баробар вожиб эканлиги таъкидланган.

Хулоса шуки, Қуръони карим ва саҳиҳ ҳадисларда келганларнинг барчаси ваҳийдир,  ҳақдир. Уларни бузиб талқин қилиш асло мумкин эмас.  Яқин Шарқдаги мутаассиб жамоалар эса ислом асосларига бутунлай ёт бўлган жиноий ва фитначи оқим бўлиб, асоси бўш ва ботилдир.

Х.Аҳмедов

Шовот туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *