ОММАВИЙ МАДАНИЯТ — ИНСОН МАЪНАВИЯТИГА ТАҲДИД

   Бугунги кунда дунёнинг сиёсий манзарасига назар солсак, муайян мамлакатларни забт этишни, халқни бўйсундиришни ўз олдига мақсад қилиб олган сиёсий кучлар қурол-яроғ, ҳарбий техника, аскарлар кучидан эмас, оммавий ахборот кучидан фойдаланаётганини тезда англаб олиш қийин эмас. Куч билан мақсадга эришиш, босқинчилик инсоният томонидан қораланади, дунё аҳлининг норозилигига учрайди. Ахборот орқали инсоннинг миясига таъсир қилиб, ишонтириш воситасида ҳаракат қилаётганларни айблаш қийин. Чунки улар тарғиб қилаётган ғоялар ортида қандай манфаат ётганини англаб олиш осон кечмайди. Ваҳоланки, сўз, фикр, ахборот орқали инсон тафаккурини забт этиш ҳам халқ, мамлакат ҳудудини босиб олишнинг маданийлашган кўриниши ҳисобланади. Бироқ бунда истилочининг кимлигини билиб бўлмайди.

   “Оммавий маданият” Ғарб дунёсида ўтган асрнинг иккинчи ярмида шаклланган бўлиб, уни Ғарбда “популяр” ёки қисқартириб “поп культура” (яъни оммавий маданият) деб аташади. Маданиятнинг бу кўриниши, аслида мақсад ниятига кўра чинакам маданиятнинг кушандасидир.

   “Маданият” сўзининг луғавий маъноси араб тилидан таржима қилинганда “шаҳарлик” , “шаҳарга оид” деган маъноларни билдириб, тилимизда “одоб ахлоқ”, деган сўзлар билан бир хил маънода ёки ўрин алмашиб қўлланилади. Жумладан, “кийиниш маданияти” ёки “кийиниш одоби”, “таомланиш маданияти” ёки “таомланиш одоби”. Маданият сўзи одоб сўзи ўрнига қўлланилса бирон бир амални чиройли тарзда, мукаммал адо қилинишини билдиради.

     Муқаддас динимизда одобга риоя қилишга кучли тарғиб бор. Халқимизда “Одоб-дарахт, илм-унинг мевасидир. Дарахт бўлмаса, мева қаердан бўлсин” деган ҳикматли гап бор. Кўриниб турибдики қаерда одоб, маданият бўлмас экан ўша ерда мукаммалликка нуқсон етади.   Одобсиз, маданиятсиз инсоннинг шайтонга эргашиши осон кечади. Шайтонга эргашган инсон турли хил бузғунчилик, ёвузликни содир қилиши осон кечади.

   Ғарб томонидан тарғиб қилинаётган “оммавий маданият” эса юқорида таъкидлаганимиздек, том маънодаги маданиятнинг, одоб-ахлоқнинг кушандаси ҳисобланади. “Оммавий маданият” тарғиботчилари томонидан ёшларга тарғиб қилинаётган тушунчалар билан ўзимизнинг минг йиллик қадриятларимизга асосланган миллий маданиятимиз муносабатини солиштириб кўрайлик:

-“Оммавий маданият” ёшликни ўйнаб кулиб лаззатланиб қоладиган вақт деб тарғиб қилса, миллий маданиятимиз ҳар бир дақиқаси илм олиш, комилликга интилиш вақти деб муносабат билдиради.

   — “Оммавий маданият” исрофгарчиликни бойлик белгиси деб уқтиради. Миллий маданиятимиз маблағни мақсадсиз сарфлаш, инқироз сари қўйилган қадам деб муносабат билдиради.

     -“Оммавий маданият” хиёнатни эркинлик белгиси дея тарғиб қилади. Миллий маданиятимиз бевафолик, сотқинлик, жирканч амал деган муносабат билдиради.

      -“Оммавий маданият” яхши ота тушунчасини бола қўлига катта пул берувчи ҳамкор дея тарғиб қилса, миллий маданиятимиз боланинг илм олишига, касб ўрганишига, тарбиясига масъул шахс деган муносабат билдиради.

     Юқорида бир бири билан солиштириб кўрилган тушунчалар ҳақида фикр мулоҳаза қиладиган бўлсак, “оммавий маданият”нинг асл башараси, мақсади янада намоён бўлади. Шунга ўхшаш мисолларни минглаб келтириш мумкин. Ёшларимизни “оммавий маданият” домига тушишдан асрашни истасак, “оммавий маданият” томонидан тарғиб қилинаётган тушунчага муқаддас динимизнинг, миллий маданиятимизнинг муносабатини яхшилаб уқтириб, оқибати ҳақида ўйлашга тарғиб қилишимиз лозим. “Оммавий маданият” домига тушган инсон маънавиятидан, одоб-ахлоқидан, ҳаётда обрў эътиборидан, миллий ифтихоридан, динидан, бу дунёда яхши инсон деган номидан, охиратда Аллоҳнинг марҳаматидан жудо бўлишини англатишимиз лозим. “Оммавий маданият”нинг тарғибот воситалари интернет, уяли телефон ва бошқа алоқа воситалари эканлигини инобатга олиб, бу воситалардан фойдаланишни доимио назорат қилишнинг имкони йўқлигини инобатга олиб, ҳар бир ҳаракатимизни ўй фикримизни Яратган кўриб турганини, кўз қулоқ барча неъматлардан сўралишимизни ёшлар миясига сингдириб бориш мақсадга мувофиқдир.

 

Болтаев   Шермухаммад

Ҳазорасп тумани “Шайҳ Косим бобо”

мажиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *