Маълумки муқаддас динимизда инсоннинг жони ва моли билан биргаликда обрўсини ҳам муҳофаза қилишликка буюрилган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом видолашув ҳажларида васият қилиб айтган сўзларида шундай дейилган:
“Албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз бир-бирларингизга ҳаромдир. Шу ойда, шу шаҳарда ушбу арафа кунининг ҳурматини сақлагандек, уларнинг ҳам ҳурматини сақланглар!” (Муттафақун алайҳ).
Демак, бировнинг молини зулм билан ейиш қандай ёмон иш бўлса, унинг обрўсига тажовуз қилиш ҳам шундай манфур амаллардандир. Инсоннинг обрўсини тўкишликка олиб борувчи амаллардан бири бу ғийбатдир.
Ғийбатнинг таърифини ифода этувчи қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат нима эканини биласизларми?” – деб сўрадилар. Саҳобалар: “Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир”, – деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат бир биродарингнинг орқасидан ўзи эшитса, ёмон кўрадиган сифат билан гапиришингдир”, – дедилар. Шунда улардан бири: “Агар биродаримда мен айтган ўша сифат бор бўлса ҳам, ғийбат бўладими?” – деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унда бор айбни айтган бўлсанг, ғийбат қилган бўласан. Агар сен айтган сифат унда бўлмаса, бўхтон қилган бўласан”, – деб жавоб бердилар. Демак, бировнинг айбини ошкор қилувчи сўзни, агар тўғри бўлса ҳам, айтиш жоиз эмас экан. Чунки бу билан ғийбат қилинган бўлади. Агар ёлғон бўлса, туҳмат ва бўҳтон бўлгани учун гуноҳи ҳам икки ҳисса бўлади.
Аллоҳ таоло ғийбатнинг ҳақиқий моҳиятини Қуръони каримда баён этиб, инсонларга бундай хитоб қилади:
“…(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилманглар ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи ва раҳмли Зотдир” (“Ҳужурот” сураси, 12-оят).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ҳам мисол бўла олади.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърож кечасида бир қавмнинг олдидан ўтдилар. Уларнинг тирноқлари қўрғошиндан бўлиб, ўзларининг юзларини ва куракларини тирнаётган эдилар. Буни кўриб, ажабланган Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Жаброил, булар ким?” – деб сўрадилар. Жаброил алайҳиссалом: “Булар одамларнинг гўштини ейдиган ва уларнинг обрўларини тўкадиган кишилар”, – деб жавоб бердилар” Абу Довуд ривояти.
Ғийбат қиливчини бу амалдан тўхтатиб, ўз биродарининг шаънини сақлаб қолган кишига мукофоти ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилади:
Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким бир дўстининг обрўсини ҳимоя қилса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг юзидан дўзахни даф қилади” Имом Термизий ривояти.
Шундай экан ғийбат қилувчининг сўзларини эшитиб ўтиравермасдан унга танбех бериб, ўз биродарининг обрўсини сақлаб қолишни уддасидан чиқмасак, ғийбатчи билан тенг гуноҳкор бўлиб қолишимиз мумкин экан.
Ғийбат шундай бир дардки, у оилаларнинг бузилишига, қавму қариндош ва ёру дўстларни ўртасига адоват солади.
Умар розияллоҳу анҳу: “Аллоҳни зикр қилинглар, чунки бу даводир. Лекин одамларни зикр қилиб гапиришдан (ғийбатдан) сақланинглар, чунки бу дарддир”, – деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар. Чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», – дедилар».Бухорий ривоят қилган.
Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан», – дедилар».
Юқоридаги оят ҳадислардан маълум бўладики, инсон обрўси ва қадр қимматига дахл қилиш улкан гуноҳ экан.
Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда ғийбатнинг жамиятимиз орасида урчиб кетаётгани бор гап. Учта ёки тўртта одам бир жойга тўпланса, албатта бошқа бир кишини ғийбат қилиш ҳолатлари аллақачон бизга одат бўлиб кетган. Бу иллатдан қутилмасак, бизни гуноҳкор қилиши билан бирга, Аллоҳ таъолонинг бизга бериб қўйган тинчлик ва ҳотиржамлик нематларининг заволига сабаб бўлиши мумкин. Бундан Аллоҳ асрасин.
Инсонлар ҳаммаси бир ота ва бир онадан тарқалган ака-ука, опа сингилдирлар. Одамларнинг ўртасини бузувчи иллатлар хасад, бўхтон, кин адоват ва албатта ғийбат каби амаллардир. Бир биримизга меҳр шафқатли ва марҳаматли бўлишимиз, бизнинг дунё ва охиратда саодатманд бўлишимизга етаклайди.
К.Абдикаримов
Боғот тумани “Хўжа бобо” масжиди имом ноиби