Муқаддас динимиз Исломда исроф қаттиқ қораланган. Ота-боболаримиз қадимдан азиз неъматларни эъзозлашга, уни исроф қилмасликка чақириб келганлар, бир дона увоқни ҳам териб ейишга даъват қилганлар. Аллоҳ таоло ўз каломи мажидида: “Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас”, деб айтган (Аъроф, 31).
Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйга кирдилар ва тўсатдан кўзлари тўкилган увоқларга тушди. Уларни териб олдилар ва тозалаб едилар. Сўнгра: “Карим (сифатли Аллоҳ таоло берган неъматлар)ни қадрлагин! Зеро, у (неъматлар) бирон қавмдан олиб қўйилса, бошқа қайтиб берилмайди!” дедилар” (Ибн Можа ривояти).
“Исроф” сўзи асли арабча бўлиб, “ҳисобсиз тарзда ишлатиш”, “ҳаддидан ошиш” каби маъноларни англатади. Исрофга йўл қўйган одам Аллоҳ белгилаб берган чегарадан чиқиб, У Зотнинг неъматларини ўрнига сарфламаган ёки ҳожатдан ташқари ишлатган бўлади. Тилимизда ушбу сўз “нест-нобуд қилиш”, увол қилиш”, “неъматни қадрламаслик” каби маъноларни англатади.
Муҳтож кишиларга садақа ва эҳсонлар қилиш динимиз талабидир. Аммо бу соҳада ҳам меъёрдан ошилса, исрофгарчиликка йўл қўйилган бўлади. Ҳар бир нарса тавозе ила меъёрида қилиш тавсия этилади. Бир нарсани жуда ошириб ҳам юборилмайди ёки, аксинча, жуда йўқ даражага ҳам тушуриб қўйилмайди. Балки ўртача меъёрида адо этилади.
Саховат яхши фазилат. Саховат хасислик ва исроф ўртасидаги меъёрий бир босқичдир. Садақа ва эҳсонларда исрофгарчилик қилиш кўпинча кимўзарга тўйлар қилиш, ўзини кўз-кўз қилиш ва шу каби кўринишда намоён бўлади. Унутмайликки, хоҳ амали, хоҳ молу давлати билан бўлсин, риёкорлик қилиш банданинг охиратдаги аҳволини ёмонлаштиради. Исрофнинг энг ёмон кўриниши маънавий исрофгарчиликдир.
Аллоҳ таоло бандасига берган энг қадрли неъматлардан бири айнан умрдир. Унинг қадри шундаки, бошқа барча неъматларга қайта эришиш мумкин. Ўтган кун бошқа қайтиб келмайди. Шу сабаб умрни исроф қилишдан узоқ бўлишмиз лозим. Аллоҳ таоло берган ҳар бир неъматни катта-кичик демасдан қадрига етиб, шукур қилсак. Аллоҳ таоло неъматларини янада зиёда қилиб беради иншаоллох.
М. Атажонова
Боғот туман бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси