Фаровон хаёт ўз-ўзидан бўлган эмас

Ватан! Бу сўз замирида жуда катта маъно мужассам. Сизу биз обод ва озод Ватанда яшаб келмоқдамиз. Юртимиздаги тинчлик ва фаровонлик кўзларимизни қувонтиради. Юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Демак, биз бунга жавобан кеча-ю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб боришимиз керак бўлади. Аллоҳга ҳамду сано айтиш, Унинг неъматлари шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат ва ҳам Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, – деганлар.

Кишининг ватанига бўлган муҳаббати уни ўз она юртига бўлган садоқатида кўринади. Муқаддас динимизда ҳам ватанга бўлган муҳаббат ва садоқат юксак баҳоланади. Буни пайғамбаримизнинг қуйидаги ҳадисларида ҳам кўришимиз мумкин. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан Маккадан Мадинаи Мунавварага кетаётган вақтларида Макка шаҳрига ўгирилиб, “Эй, Макка! Агар қавмим мени сендан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан сени ташлаб кетмаган бўлар эдим”, деганлар. (Имом Термизий ва ибн Можа ривоятлари).

Имом Муҳаммад Ғаззолий  раҳматуллоҳи алайҳи: “Инсон ўз туғилиб ўсган ерини ва ундаги нарсаларни, гарчи у жой одам яшамайдиган саҳро бўлса ҳам, яхши кўради. Буюк аждодларимизнинг бу борада кўрсатган садоқатлари ва жасоратлари бизларга ўрнак бўлиши лозим. Машҳур аждодларимиздан бири Кубровия тариқатининг асосчиси Нажмиддин Кубро ҳазратларининг ўз ватанига бўлган садоқати, у кишини қўлларида ватан байроғини тутиб жон беришлари айни ватанпарварликдир.

Бугунги кунда ҳар тарафдан ёшларнинг эътиқодини ва дунёқарашини бузишга қаратилган ҳаракатлар кузатилаётир. Ёшларни оммавий ахлоқсизликка ва миллат деган нарсани тан олмасликка қаратилган бу ҳаракатлар, инсонга ўз юрти, урф одатлари ва қадирятларини менсимасликка тарғиб қилиб, фақат ўзини ўйлайдиган манқурт кимсаларга айлантиришдан бошқа нарса эмас.

Бизнинг аждодларимиз дунёга ватанпарварлик ва юртга садоқат қандай бўлишини кўрсата олган кишилардир. Боболаримиздан бизгача етиб келган садоқат ва ватанга бўлган муҳаббат деган бу туйғунинг давомчиси бўлиш бугунги мустақил ватанимиз фарзандларига лозим ва лобуддир.

Ҳакимлар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги ўз ватани учун қайғуришидан, дўстларини  соғинишидан  ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади.” Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги ватанини  ҳимоя қилиши, халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имконият даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади. Аллоҳ таоло беҳисоб неъматлари қатори тинчлик каби улуғ неъматни бизларга ато этиб қўйган экан, биз ҳамиша бунинг шукрини қилайлик, бу улуғ неъматнинг қадрига етиб, тинчлигимизнинг барқарор бўлишига бел боғлайлик. Айниқса, фарзандларимизни, аёлларимиз, оиламизни мутаассиб шахсларнинг сохта ғоя ва алдовларидан асрашга алоҳида эътибор қаратайлик.

Парвардигор барчаларимизни тинчлик ва эзгулик йўлида ҳамкорлик қиладиган, ғанимларимиз фитнасига лоқайд бўлмайдиган, теран фикрли, фаол ва маърифатли мусулмонлардан бўлишимизни муяссар айласин. Аллоҳ таоло ватанимиз тинчлигини барқарор ва халқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон қилсин. Солиҳ амалларни қилиб Ўзининг розилигини топишимизда барчамизга мададкор бўлсин!

М.Матяқубов

Қўшкўпир тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *