БУНЁДКОРЛИК МУҚОБИЛИДАГИ ШАФҚАТСИЗЛИК

Эзгулик дини бўлган Ислом дини кишиларни тинчлик ва барқарорликка, ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатликка даъват этади. Бироқ ундан ғаразли мақсадларни амалга ошириш йўлида фойдаланиш ҳоллари ҳам авж олиб бораётганини афсус билан қайд этиш лозим. Дин ниқоби остидаги экстремизм ва терроризмнинг глобал таҳдидга айлангани ҳам шундай хулоса чикариш имконини беради. Бу жараённинг энг хатарли жиҳати динни сиёсийлаштириш воситасида ҳокимиятга интилиш, диндан инсонлар орасига нифоқ солиш, қўпорувчилик ишларини амалга ошириш ва ғаразли ниятларини руёбга чиқаришда фойдаланишга уринишларда намоён бўлмоқда.

Диний экстремистик ташкилотлар Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларни ўз манфаатлари йўлида маъноларини бузиб талқин қиладилар. Гўёки ўзларини ҳақ йўлда қилиб кўрсатиб, ўзларига қўшилганларни албатта ҳидоят топишлари ҳақидаги ғояларни одамлар онгига сингдиришга ҳаракат қиладилар. Бу билан улар фақат ўзларини ва уларнинг ташкилотига аъзо бўлганларнигина мусулмон санайдилар. Ўзларини «Қуткарилган жамоа» қолганларни эса кофирлар деб эълон қиладилар.

Ҳолбуки, исломнинг бош манбаи ҳисобланган Қуръони каримда ва ҳадиси шарифда бундай ҳаракатлар қаттиқ қораланиб, шундай дейилади: «Одамлар орасида Аллоҳ таъоло ҳакида мунозара қилади-ю, лекин ўзи илмсиз, ҳидоят топмаган, бирон нурафшон Китоби йўқ (яъни аниқ ҳужжатсиз), тўғри йўлдан бўйин товлаб, (ўзгаларни ҳам) Аллоҳ йўлидан оздириш мақсадида юрадиган (кимса) ҳам бордир. Унинг учун бу дунёда расволик бўлур, киёмат кунида эса, унга ўт (дўзах) азобини тотдирурмиз» (Ҳаж, 8-9). Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Расулуллоҳ (с.а.в): Сизлардан ким мендан кейин яшаса, кўп ихтилофларни кўрадилар. Бас, сизлар менинг суннатимни ва мендан кейинги рошид халифаларнинг суннатини маҳкам тутинглар. Уларни маҳкам ушлаб, тиш билан тишлагандек тутинглар, дедилар».

Диний-экстремистик ҳаракатлар раҳнамолари ўзларини “ҳақ йўлда ҳидоят топганлар бошқаларни эса “жоҳилия” даврига қайтганлар, улар билан қуролли жиҳод олиб бориш керак” деган ғояни илгари сурган эдилар. Шу билан улар амалда жамиятни “Ҳақиқий мусулмонлар” , яъни ўзлари ва ўзларига эргашганларни назарда тутилади ва “жоҳиллар” яъни қолган барча инсонларга бўлиш амалиётини бошлаб берган эдилар. Бундай қабиҳ ғоя билан диний экстремизм ва терроризмнинг чуқур илдиз отишига замин яратган эдилар.

Маълумки, “жоҳилия” атамаси ислом динининг пайдо бўлишидан олдинги даврга нисбатан ишлатилади. У даврда одамлар Аллоҳ ўрнига бут-санамларга сиғинишган, ижтимоий ҳаётда маънавий тубанлик, адолатсизлик ва зулм чуқур илдиз отган. Ислом динининг нозил бўлиши ва кенг ёйилиши билан жоҳилия даврининг бутунлай якун топгани тарихий ҳақиқат.

Шундай экан, диний-экстремистларнинг бугунги кунга нисбатан “жоҳилия даври” тушунчасини қўллаши мутлақо асоссиздир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг мусулмон уммати залолатда бирлашмаслигини ўз ҳадисларида айтиб ўтганлари фикримизнинг исботидир. Жумладан, Ибни Можа (р.а) ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ (с.а.в): “Менинг умматим залолатда жам бўлмайди. Агар ихтилофга дуч келсангиз, кўпчиликка эргашингиз” -дедилар”.

 Диний-экстремистлар ғоявий тарғибот билан бир қаторда мақсадга эришиш учун куч ишлатишни ҳам оқлаш ва ҳаракат аъзоларини ҳам шу йўлда тарбиялашга алоҳида эътибор берадилар. Ўзларини ва ўзларига эргашганларни “мусулмон”, бошқаларни эса “кофир” ва “муртад” бўлганлари учун уларга қарши жиҳод қилиш керак, уларни ўлдириш мумкин деган ғояни ўз тарафдорлари ўртасида шакллантиришга зўр берадилар. Бу билан, “Аллоҳ-бизнинг мақсадимиз, Қуръон-қомусимиз” дея жар солувчи бундай кимсалар Қуръони каримнинг “(Эй, Муҳаммад,) Роббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг чиройли услубда мунозара қилинг!” (“Наҳл”,125) деган оятини умуман менсимасликларини кўрсатадилар. Шунингдек, Аллоҳ Таоло бундай кимсаларга қарата “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай”(“Нисо” 93),-деб таъкидлайди.

Ҳадисларда ҳам бегуноҳ одамларнинг қонини тўкиш энг оғир гуноҳ сифатида эътироф этилади. Жумладан, Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Аллоҳ Таолонинг наздида бир мусулмон кишининг ноҳақ қатл этилишидан кўра, ёруғ дунёнинг барбод бўлиб кетиши енгилроқдир”.

Диний-экстремистлар тинч аҳолига нисбатан очиқдан очиқ “жиҳод” эълон қилиб, юзлаб бегуноҳ одамларнинг ҳаётига тажовуз қилишга қаратилган терроризм, зўравонлик каби усулларни кенг қўллайдилар. Ҳаттоки, айрим ўта радикал оқимлар “жиҳод-исломнинг олтинчи аркони”, деб эълон қилиб, бундан террорчилик амалиётлари учун ғоявий-ақидавий асос сифатида фойдаланаётганини ҳам алоҳида қайд этиш жоиз.

Диний-экстремистлар ва террорчи ташкилотлар томонидан бундай разиллик ва ваҳшийликка йўғирилган ғоялар яъни ўз жонига қасд қилиш, жумладан суиқасдчи-террорчиларнинг минглаб бегуноҳ одамларнинг ҳаётига зомин бўлиши Ислом динининг ахлоқий асосларига тамоман қарама-қаршидир. Бундай ваҳшийлик фақат ақл-идрок ва виждонидан маҳрум бўлган, Қуръоннинг илоҳий даъватини англашда қаттиқ адашаётган, онги-шуури ўзгалар томонидан бошқариладиган тубан кимсаларнигина қўлидан келади. Ўзи ва ўзгаларнинг ҳаётига тажовуз қилиш муқаддас динимизнинг ҳаётбахш таълимотига мутлақо зид бўлиб, бунга Қуръони карим оятлари ҳамда ҳадиси шарифларда очиқ ойдин далиллар келган. Жумладан, Қуръони каримда шундай дейилади: “Ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо,29). Шунингдек, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Аллоҳ Таоло ҳадиси қудсийда марҳамад қилурки:”Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”.

Тинчлик шундай бебаҳо бойликки, ҳатто пайғамбарлар дуоларида уни Яратгандан сўраган. Иброҳим алайҳиссалом Макка шаҳри ҳаққига хайрли дуо қилар экан: “Эй, Парвардигорим, бу шаҳарни Ўзинг ишончли, тинч шаҳар қилгин ва унинг аҳолисидан Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларни (турли) мевалардан ризқлантиргин!” (“Бақара” сураси), дея илтижо қилган. Муфассирлар ушбу ояти карима изоҳида “бу сўзларда тинчлик нечоғли буюк неъмат эканига ишора борлигини, акс ҳолда Иброҳим алайҳиссалом шаҳар ҳаққига сўраётган нарсаларидан б иринчи бўлиб, “тинчликни” тилга олмас эдилар”, дея таъкидлашади.
Ўша пайтда Макка тинч шаҳар эди. Осойишта бўлган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш хотиржамликнинг бардавом бўлишини ифодалайди. Шу билан бирга оятда аввал тинчлик, сўнгра ризқ сўралганидан осойишталикнинг ризқдан-да муҳимроқ, улуғроқ неъмат экани маълум бўлади.  Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом шундай дейдилар: “Кимки, ўз уйида хавф-хатардан эмин ҳолда тонг оттирса ва ҳузурида бир кунлик озиғи бўлса, бас унга гўёки, дунё неъматлари тўлалигича ато қилинибди”.
Инсон Аллоҳ таоло уни ер юзини обод қилиш учун ўзига ўринбосар қилиб қўйганини ҳис қилганидан Ватанига муҳаббат қўяди ва гўшасини обод қилиш бурчи эканини яхши англайди. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “У сизларни Ердан пайдо қилди ва обод қилишингиз учун сизларни унга (Ерга) жойлаштирди” (“Ҳуд” сураси, 61-оят).
Бинобарин, мусулмон киши заминни обод қилади, вайронкор эса унга бегона бўлади. 

Саидов М

Урганч тумани Жонхарош бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *