Ватан

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин Мана жаннатмакон юртимизда  мустақиллигимизнинг 32 йиллик байрами нишонланаяпди. Бу мустақиллик байрами барчамизга бутун Ўзбекистон Халқига муборак бўлсин. Бу шу ватанга бўлган муҳаббат, садоқат ҳис туйғуларидан дарак беради.

Ватан – нафақат инсон, балки бутун мавжудот – тирик жон учун ўзига хос қўним топадиган маскан. Ватан – энг кўп қаламга олинган, сир-синоатли, серқирра, сержило гўша. Ватани бор инсон, бахтли инсондир. Ватани йўқ инсон эса, бахтсиз инсондир.

Ким Ватан тушунчасини яхши англаб етмас экан, унинг бағрида яшашидан маъно йўқдир. Шунга кўра, Ватанни билмаган кас, таъбир жоиз бўлса, ҳайвондан ҳам, паррандадан ҳам, ҳашоратдан ҳам тубан ҳисобланар экан.

Оқил инсонлар фикрича, Ватандан айрилиш жуда қийин, унинг алами жонни ўлдириш аламига тенг келадиган ишдир. Бу эса Ватанга боғланиш ва унга муҳаббат қўйиш, қалбга чуқур ўрнашган иш эканини кўрсатади.

Ватан муҳаббати тилда эмас, амалда кўринадиган туйғудир. Бу муҳаббатни пайдо қилиш учун аввало инсонда хоҳиш ва ирода бўлиши ва уни яхши деб баҳолайдиган салоҳият ҳам бўлиши керак.

Аллоҳ таоло бандалари қалбига  Ватанга бўлган муҳаббатни жо қилган. Инсон фақат ундагина хотиржам бўла олади. “Ўз уйинг – ўлан тўшагинг”, деган ўзбек мақоли бежиз айтилмаган. Чунки ватан муҳаббати миллат, юрт танламайди. Аллоҳ таолонинг Ўзи шундай бўлишини ирода қилган.

Шунингдек  барча Олиму уламолар исмларини ватанлари номи билан боғлаб нисбат олганлар.

Инсонга энг қадрли нарса унинг исми бўлади. Аммо улуғлар ўзларининг номи ила эмас, балки ал Хоразмий, ал Бухорий, ас Самарқандий, ат Термизий, ал Фарғоний каби ватанининг номи ила дунёга машҳур бўлганлар

Ўтмишга назар ташласак аждодларимиз  она ватан мустақиллигини, манашу дориламон кунларни  асрлар оша орзу қилиб яшаганини яхши биламиз.

Шукрки мустақилликка эришиб, халқимизнинг асрий орзулари ижобат бўлди, истиқлол шарофати билан  она диёримизда катта катта ўзгаришлар бўлиб, осмони мусаффо, тинчлиги барқарор, жаннатмакон ва гўзал диёрда яшаш бахти насиб этди. Мустақиллик туфайли ҳаётимизда ёрқин саҳифалар очилди. Шаҳару қишлоқларимиз тобора кўркам ва обод бўлди.

Ҳаётимизга  беқиёс маъно ва мазмун олиб кирган тинчлик дея аталмиш бу бебаҳо илоҳий неъматнинг қадрига етиш, унга шукр қилиш, уни асраб авайлаш барчамизнинг бурч ва вазифамиздир.

Мамлакатимизда мухтарам Юртбошимиз раҳнамоликларида сўнги йилларда  амалга оширилган ишларни бугун барчамиз ҳар қадамда, ҳаётимиз ва фаолиятимиз мисолида ҳис этиб турибмиз.

Яратганнинг бу берган неъматларини санаб, эътироф қилиб ва мана шу  неъматлар қадрини, самарасини амалий ҳаётда кўрсатиб яшашимиз ҳам қарз, ҳам фарздир.

Жаннатмонанд ватанда мусаффо осмон остида яшаш бахтини  берган Аллоҳ таолога қанча шукурона келтирсак ҳам оз.

Фурсатдан фойдаланиб Мана шундай саодатли кунларда жаннатмакон диёримизда яшовчи барча юртдошларимизни мустақиллик байрами билан самимий муборакбод этамиз. Аллоҳ таолодан бу улуғ байрамни барчамиз учун ҳурсандчилик, шоду ҳуррамлик, ҳамжиҳатликда ўтказишликни ва мустақиллигимиз абадий бўлишини сўраб қоламиз.

 

Ф.Отажанова

ЎМИ Хоразм вилояти вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *