МИЛЛИЙ ВА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК — ТИНЧЛИК ВА БАРҚАРОРЛИКНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Ўзбекистонда мустақилликнинг илк йиллариданоқ республика ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг анъанавий маданий меросини қайта тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бугунги кунда юртимизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил-иноқ яшаб, турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб келмоқдалар.

Барча миллат ва элатларнинг тили, маданияти, урф-одат ва анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантириш учун кенг шароитлар яратилган. Турли миллатлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибатни янада мустаҳкамлашга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбек халқига хос бўлган бағрикенглик чуқур тарихий илдизларга эга бўлган ҳодиса ҳисобланади. Қадимдан Ватанимиз ҳудуди бўйлаб Буюк ипак йўли ўтган бўлиб, у Шарқ ва ғарбни ўзаро боғлаб турган ва миллатлараро мулоқотнинг ривожланиши ҳамда аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, аҳиллик ва бағрикенглик ғояларининг қарор топишида мустаҳкам замин яратган.

Таъкидлаш жоизки, мустақиллик йилларида мамлакатимизда барча фуқароларнинг маданий ва диний ўзига хослигини таъминлашга, турли-туман маданиятлар ҳамда тилларни сақлаш ва ривожлантиришга қаратилган муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Энг аввало, мамлакатимиз Конституциясининг 4-моддасида Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиши қайд этилган. Бош қомусимизнинг 8-моддасида эса Ўзбекистон халқини, миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади, деб мустаҳкамлаб қўйилган. Шунингдек, унинг 18-моддасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдир, деган қоида халқимизга хос фазилат бўлган бағрикенгликнинг замонавий сиёсий-ҳуқуқий ифодасидир.

Турли-туман миллий гуруҳларга нисбатан бағрикенг муносабатда бўлиш — бу нафақат ижтимоий-иқтисодий воқелик тақозоси, балки юксак инсонпарварлик вазифаси ҳамдир. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, биз энг катта бойлигимиз бўлмиш жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлар ва фуқаролар ўртасидаги дўстлик ва аҳиллик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, яқин ва узоқ қўшниларимиз билан ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтиришни ўзимизнинг энг устувор вазифамиз сифатида кўрамиз.

Бугун юртимизда турли миллат ва элат вакиллари тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида яшаб, Ватанимизни янада равнақ топтириш йўлида самарали меҳнат қилишмоқда. Барча миллат вакилларининг давлат бошқаруви, ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий жараёнларда эркин иштирок этиши кафолатланган. Бундан ташқари, умумтаълим мактабларимизда таълимни етти тилда олиб бориш йўлга қўйилгани, кўп сонли миллатлар тилида газета-журналлар чоп этилаётгани, радио ва теледастурлар эфирга узатилаётгани алоҳида эътиборга лойиқ. Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, умумий уйимиздаги тинчлик ва осойишталик, миллатлараро ва фуқаролараро тотувликнинг таъминланиши мустақиллик йилларида биз эришган энг катта ютуқларимиздан биридир. Бугун одамларимиз онгида ана шу эзгу қадрият ва унинг ўзгармас моҳияти кун сайин мустаҳкамланиб бормоқда. Зеро, тинчлик ва осойишталик бўлмаса жамиятда на ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилиб бўлади, на демократик ўзгаришларни амалга ошириб бўлади. Турли тоифадаги фуқаролар ўртасида тенгликнинг йўқлиги, бир-бирини инкор қилиш, ихтилоф ва душманлик қанчалик аянчли оқибатларга олиб келишини бугун дунёдаги қатор мамлакатларнинг нохуш тажрибаси яққол тасдиқлаб турибди. Улардан фарқли ўлароқ, мамлакатимиз турли соҳаларда катта муваффақиятларга эришаётган экан, бу, энг аввало, тинчлик ва осойишталикнинг маҳсулидир.

Дарҳақиқат, биз тинчлик ва барқарор тараққиёт йўлини танлаган халқмиз. Осойишта юртда юксалиш бўлади, фаровон элдан хотиржамлик кетмайди. Истиқлол шарофати, мамлакатимизнинг изчил ички ва ташқи сиёсати туфайли саодатли, файзли кунларга мушарраф бўлмоқдамиз. Тинчлик ва осойишталик ҳукм суриши туфайли биз ўтган йиллар давомида мунтазам равишда бунёдкорлик ишлари билан шуғулланиб, қатор стратегик соҳаларда тўлиқ мустақилликка эришдик.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, республикамизнинг турфа хил маданиятлар гуллаб-яшнаётган мамлакатлардан бири эканлиги ҳар бир ўзбекистонликка фахр-ифтихор туйғуларини бахш этади. Кўпмиллатлилик ва кўпмаданиятлилик — бу бизнинг миллий бойлигимиз десак, асло муболаға бўлмайди. Ўзбекистонни ўз Ватани деб билиб, унинг тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат қилаётган турли миллатга мансуб юртдошларимиздан ҳар бири буни теран ҳис қиладилар.

Олиб борилаётган оқилона миллий сиёсат туфайли республикамизда қарор топган тинчлик, ижтимоий тотувлик, ўзаро ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

Дунёдаги кўзга кўринган атоқли олимлар ва давлат арбоблари кўпмиллатли ва кўпмаданиятли жамиятларни оқилона бошқариш соҳасида Ўзбекистон тўплаган ўзига хос тажриба дунёдаги қатор давлатлар учун ибрат ва намуна бўла олишини таъкидламоқдалар. Энг муҳими, Ўзбекистон заминида яшаётган миллат ва элатлар ўртасида ўзаро аҳил ва дўстона муносабатлар миллатлараро ва фуқаролараро тотувликни таъминлаб, мамлакатимизнинг истиқболдаги барқарор тараққиёти учун ҳам муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Э.Атажонов

Боғот тумани Хўжа бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *