Ҳар қандай ёлғон нарса ислом таълимоти бўйича, унинг энг кичик кўринишидан тортиб энг каттасигача шариатда қатъиян тақиқланган. “Фириб” форсча сўз бўлиб, йўлдан оздириш, макр-ҳийла маъноларини билдиради. Шу ишни қилган ёки буни касбга айлантириб олган кимсани эса фирибгар дейилади. Бошқача қилиб айтганда фирибгарлик – бу ўзганинг мулкини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритишдир.
Исломда алдов, фирибгарлик, бировни чув тушириш, савдо-сотиқда алдамчилик каби иллатлар қораланган. Фирибгарнинг макру ҳийласи фақат ўзининг зарарига қайтади:
яъни: “Ёмон макр фақат ўз эгаларини ўраб олур (ҳалок қилур)” (Фотир сураси, 43-оят).
Динимизда бировнинг молини алдов, фирибгарлик, чув тушириш йўли билан ўзлаштиришни қоралаш билан кифояланилмаган. Балки ушбу иллатлардан қаттиқ қайтарилган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай баён этилган:
яъни: “Бир-бирларингизнинг молларингизни ноҳақ еманглар”. (Бақара сураси, 188-оят).
Ояти каримадаги: “молларингизни ноҳақ еманглар” дейилганининг маъноси ўғирлик қилиш, омонатга хиёнат этиш, фириб-алдов билан ўзлаштириш, рибо, қарзга нарса олиб ундан тониш, пора бериш ва олиш, зўрлик билан тортиб олиш, қиморда ютиб кетиш, ўлчов ва тарозидан уриш, одам савдоси, сеҳр ва фолбинлик билан пул топиш, ножоиз тижорат билан молни қўлга киритишдир. Юқоридаги усулларнинг ҳар бири орқали мол топиш шариатда ҳаром қилинган.
Видолашув ҳажида Пайғамбаримиз кўп нарсаларни васият қилдилар. Шулар қаторида кишиларнинг молини зулм билан ейиш ҳаромлигини уқтириб, шундай дедилар:
яъни: “Огоҳ бўлинглар, албатта Аллоҳ таоло қонларингиз ва молларингизни бир бирингизга ҳаром қилди”.
Фирибгарлик жамиятни таназзулга бошловчи энг жирканч кўриниши бу – порахўрликдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қатъий тарзда:
яъни: “Пора берган ҳам, пора олган ҳам дўзахдадир”, – деганлар.
Шунинг учун мўъмин киши бундай разил ишлардан узоқ бўлиши лозим.
Демак, ҳар бир имонли киши тановул қилаётган луқмасига қаттиқ эътибор қилиши ва уни фақат ҳалол йўл билан топиши лозим. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай келади.
яъни: “Ким мол-дунёни қаердан топаётганига парво қилмаса, Аллоҳ таоло ҳам у кишини дўзахнинг қайси эшигидан киргизишига парво қилмайди”.
Бировни ҳаққидан қўрқмай, нотўғри йўллар билан мол-дунё топиш мўмин-мусулмонга умуман муносиб эмаслиги ва қилинган ибодатлари бекор бўлиши ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
яъни: “Қиёмат кунида айрим кишиларни олиб келишади. Уларнинг Туҳома тоғича келадиган яхшиликлари бўлади. Улар келтирилгач, Аллоҳ уларнинг яхшиликларини тўзғиган ғуборга айлантириб қўяди, ўзлари эса дўзахга улоқтирилади”. Шунда “Ё, Расулаллоҳ, бундай бўлишининг боиси недир?”, – деб сўрашди. Пайғамбаримиз: “Улар намоз ўқир, рўза тутар, ҳаж қилар эдилар, бироқ бирон бир ҳаром нарсага дуч келсалар, уни олишар эди. Шу боис Аллоҳ уларнинг амалларини йўққа чиқарди”, – деб жавоб бердилар
Бугунги кундаги фирибгарликнинг турли кўринишларини бозорларда, савдо-сотиқларда ҳам кўриш мумкин. Хусусан тарозидан уриб қолишга турли воситалар орқали уриниш ҳоллари кўп кузатилади.
Солиҳлардан бирлари айтадилар: “Бир беморни кўргани бордим. Ўлими яқинлашиб, оғир ҳолатда ётган эди. Унга ҳар қанча шаҳодат калимасини талқин қилсам ҳам, тили ҳеч айланмасди. Ўзига келгач: “Биродар шаҳодат калимасини бир мунча талқин қилсам ҳам тилингиз ҳеч айланмади”, – деб сўрадим. У бўлса: “Тарозининг палласи тилимни босиб гапиртирмай қўйди”, – деди. “Нега? тарозидан уриб қолармидингиз?” – деб сўрасам у: “Йўқ ундай эмас. Бироқ тарозини ўз вақтида тўғрилигини текшириб турмасдим”, – деб жавоб берди.
Тарозисини назорат қилиб текшириб турмаган, тўғрилигига эътибор бермаган кишининг ҳоли шу бўлса, уриб қоладиганларнинг аҳволи қандай бўларкан?
Тарозидан уриш, литрдан уриш, метрдан уриш, донадан уриш, сутга сув қўшиш ёки асл нарса деб сохтасини сотиш, бензинга ёт нарсалар қўшиб сотиш, муддати ўтиб кетган махсулотларни алдаб сотиш, ориқ молни сотадиган куни кечаси қорнини шишириб ёки ҳар хил укол қилиб ювош қилиб сотиш, эски машинани масофасини кам қилиб сотиш – буларнинг барчаси макр, ҳийла ва фирибгарликдир, шариатимиздаги ҳаром амаллардандир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар:
яъни: “Ким бизни алдаса, у биздан эмасдир. Макр ва алдов (эгаси) дўзахдадир” деганлар.
Бошқа бир ҳадиси шарифда
Одамларни норози қилиб, уларнинг маблағларини фирибгарлик қилиб ўғирлайдиганларни топган ҳаром луқмалари уларни дўзахнинг тубига тортади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтадилар: “Сизлардан ҳар бир киши оғзига тупроқ солиши ҳаром луқма солишидан кўра хайрлироқдир”. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди”.
Аллоҳ таоло барчамизни хайрли ишларда бардавом айлаб, барчаларимизни фирибгарлик балосидан омонда сақласин.
Х.Аҳмедов
Шовот тумани бош имом-хатиби