Исломни гўзал кўрсатиш — мусулмоннинг бурчи!

   Маълумки, динимиз ҳусни хулқли, хуш муомалали, ўзаро меҳр – оқибат, катталарга иззат – ҳурмат, кичикларга эса раҳм – шафқатли бўлиш, ўзгани айб – нуқсонларини ва сахв хатоларини кечириш каби гўзал ахлоқларга чақиради. Гўзал хулқли бўлиш – пайғамбарлар, сиддиқлар ва солиҳ зотларнинг хулқларидан бўлиб, бу билан киши буюк мақом ва мартабаларга эришади. Барча гўзал хулқлар Пайғамбаримиз алайҳиссаломда мукаммал ва бенуқсон ҳолда ўз аксини топган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло У Зотни мақтаб бундай деган:   яъни:  “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!”   (Қалам сураси 4 – оят).

   Хулқ сўзи инсоннинг феъл-атвори, фазилатли хислати ва одоби каби маъноларни билдиради. Динимиз ахлоқ ва эзгулик динидир. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари улуғ ахлоқ эгаси бўлганлар. Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан Пайғамбаримиз алайҳиссалом хулқлари тўғрисида сўрашганда:   “Аллоҳ пайғамбарининг хулқлари Қуръон эди”, деб жавоб берганлар. (Имом Муслим).

   Албатта, мусулмон инсон ўзга инсонларга аввало ўзининг юксак ахлоқи билан намуна бўлиши керак. Зеро инсонлар хулқи гўзал кишини яхши кўрадилар.

   Хусни хулқ ҳақида Абу Ҳотим Бастий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:  “Оқил инсонга гўзал хулқни лозим тутиш билан одамларга суюкли бўлмоғи вожибдир. Чунки гўзал хулқ қуёш музларни эритганидек хатоларни эритади. Ёмон хулқ эса сирка асални бузганидек амалларни бузиб юборади”.

   Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:   “Агар одамларга аралашмоқчи бўлсанг гўзал хулқли инсон билан бирга бўл. Чунки гўзал хулқ фақат яхшиликка чақиради. Ундай инсон хулқи сабаб рохатда бўлади.  Ёмон хулқли инсон билан бўлма. Чунки ёмон хулқ фақат ёмонликка чорлайди. Ундай инсон хулқи сабаб доим машаққатда бўлади.  Гўзал ахлоқли фожир инсон билан юриш менга ёмон ахлоқли ўқувчи обид билан юришдан яхшироқдир. Чунки фосиқнинг хулқи гўзал бўлса ақли билан яшайди, одамларга безарар бўлади ва улар уни яхши кўриб қолади.  Обид инсон агар хулқи ёмон бўлса одамларга оғири тушади ва улар уни ёмон кўриб қоладилар”.

   Бу ёмон хулқли инсоннинг дунё ҳаётидаги холатлари бўлса, охиратда ҳам унга кўп нохушликлар етади. Ибодат қанча кўп бўлса ҳам Ислом одоби ва тарбиясига зид келадиган ахлоқлар у ибодатларнинг фойдасини камайтириб юборади.

   Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганлар:   “Муфлис шундай кишики, Қиёматга намоз ўқиган, рўза тутган, закот берган бўлиб, кимнидир сўккан, молини ноҳақ еган, урган, ҳақорат қилган ҳамда қонини тўккан бўлиб боради.  Аллоҳ ўша муфлис ва мазлумлар ораларида ҳисоб қилганида, уларга муфлиснинг яхши амалларидан олиб беради. Унинг яхши амаллари тугаганида, энди мазлумларнинг гуноҳларини муфлисга юклаб қўяди. Ниҳоят муфлиснинг савоб амаллари тугаб, у дўзахга улоқтирилади”   (Имом Муслим).

   Яна бир ҳадиси шарифда шундай дейилган:   “Бир киши Расулуллоҳ алаёҳиссаломга: “Бир аёл менга ўқиётган нафл намозлари, тутаётган нафл рўзалари ва бераётган садақалари кўплигини ва лекин у қўшниларига тили билан озор бериб қўйишини айтди”, деди.  Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом:  “У аёл дўзахда бўлади”, дедилар.   Сўнг ҳалиги киши яна шундай деди:  “Ё Расулуллоҳ, бир аёл ўқиётган нафл намози ва тутаётган нафл рўзаси озлигини ва бераётган садақаси фақат пишлоқлигини, лекин қўшниларига умуман озор бермаслигини айтди”, деди.  Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом:   “У аёл жаннатда бўлади”, дедилар.   (Имом Аҳмад).

   Ҳазрати Умар р.а. “Бир одамни кўрасиз, устига жун кийиб олади. Бироқ қалби кибр ва ужубга тўла бўлади. Яна бир одамни кўрасиз, кийиниш ва бошқа кўп ишларда чиройли кўринишга ҳаракат қилади. Лекин унинг қалбида хушуъ ва тавозеъ жойлашган бўлади. Бу бандани тавозеъ эгаллаганининг аломатидир”.

   Шунингдек, киши хусни хулқли бўлиши учун аҳли илм ва солиҳ зотларни суҳбатларидан баҳраманд бўлиши ва уларни одоб-аҳлоқларидан ўзига намуна олиши ҳам айни муддаодир.

Демак, ҳусни хулқ кишида ўз-ўзидан шакилланиб қолмас экан. Балки уни илм аҳиллари билан ҳамсухбат бўлиш, улардан илм олиш билан бирга одоб-ахлоқларини ўрганиш билан касб қилинар экан.

 

   Р. Отажонов

Янгиариқ тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *