Кейинги йилларда динда ҳаддан ошишнинг жамиятимизга зарари тобора ёрқин намоён бўлмоқда. Чунки бундай ғулувга асосланган эътиқод сабабли киши ўз давлати, раҳбари, жамияти, бошқа диндорлар, қариндош уруғлари ва ҳатто оила аъзоларини ёмон кўради. Гоҳида уларни куфрга чиқаришни ибодат деб ҳисоблайди. Қолаверса, улар эртага яна қандай қабоҳатларни ибодат деб қабул қилишлари маълум эмас.
Бу ҳолат юзага келишида юртимизга четдан “кўчирма” қилиб олиб келинган замонавий хорижийлик – салафийликнинг ҳиссаси катта. Мана шу оқимларнинг тарихи ва баъзи бузуқ ғоялари қуйидагича:
Хаворижлар Ислом тарихида биринчи пайдо бўлган динда ғулувга кетган оқимлардан саналади. Уларнинг пайдо бўлиши ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиндан огоҳлантирганлар. У Зот алайҳиссалом Ҳунайн ғазотидан тушган ўлжаларни тақсимлаётган пайтда Бани Тамим қавмидан Зул Хувайсира деган кимса келиб: “Эй Расулуллоҳ, адолат қилинг!” деди. Расулуллоҳ: “Шўринг қурсин! Мен адолат қилмасам, ким адолат қилади?!” дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Рухсат беринг, мен уни ўлдирай”, деди. Расулуллоҳ: “Йўқ, бунинг биродарлари одамлар ихтилоф қилган вақтда юзага чиқадилар. Қуръон ўқийдилар, аммо ҳалқумларидан нарига ўтмайди. Улар худди камондан ўқ чиққандай диндан чиқадилар…”
Хаворижлар тоифаси гарчи саҳобалар даврида чиққан бўлса-да, ҳеч бир саҳобий улар тарафида бўлмаган. Ҳозирги кундаги адашган оқимларнинг бирортаси Ислом оламида мўътабар ва машҳур уламолар томонидан эътироф этилмаган, аксинча барча аҳли илмнинг муттасил танқидига учраб келаётгани айни ҳақиқатдир. Машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо хаворижлар ҳақида шундай деганлар: “Хаворижлар халойиқнинг энг ёмонидир. Улар кофирлар ҳақида нозил бўлган оятларни мўминларга татбиқ этадилар”.
Ҳақиқатан, замонамиз хаворижлари бўлмиш такфирчи салафий тоифалар ҳам кофир ва мушриклар ҳақида нозил бўлган оятларни мўминларга нисбатан талқин этиб, уларни кофирга чиқармоқдалар.
“Салаф” калимаси таржима қилинганда “аввал ўтганлар”, “аждодлар” каби маъноларни англатади. “Салаф” калимаси, аслида ҳадиси шарифларга кўра ислом асрларининг афзали, иқтидо ва эргашишга энг лойиқ бўлган даврга нисбатан ишлатилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Инсонларнинг хайрлиси менинг асрим аҳлидир, кейин уларга яқин бўлганларидир, сўнгра уларга яқин бўлганларидир. Сўнгра шундай қавмлар келадики, уларнинг гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Мазкур хайрли уч асрнинг биринчи асри одамлари саҳобалардир. Иккинчи асри тобеъинлар асридир. Учинчи асри тобеъинларга эргашган зотлар, яъни табаъа тобеъинлар давридир. Бу асрларда Қуръон ва ҳадиси шарифни Пайғамбаримиз алайҳиссалом тушунтирганларидек фаҳмлаш давом этди. Ана шу асрлардан кейин турли бидъатлар кўпайди. Энг ёмон бидъат оят ва ҳадисларни табаррук уч авлод тушунгани сингари эмас, ўз хоҳишларига маъқул келадиган қилиб шарҳлаш эди. Ачинарлиси ўзларини мана шу уч аср авлодларига эргашишни даъво қилаётган салафийларнинг ҳолати салаф уламолар сўзлари ва амалларига мутлақо зид келади. Салаф уламолари ва уларга эргашувчи бўлганларнинг фиқҳий мазҳабларини инкор этиш, муташобиҳ оят ва ҳадисларни юзаки талқин қилиш, Ашъарий ва Мотуридий эътиқодини ботилга чиқариш уларнинг салаф уламоларга қилган энг катта хилофларидир. Агар ёшларимиз салафийлик ғояларининг моҳиятини англаса, унинг хатоларини англаса, Аҳли сунна вал жамоа эътиқодини маҳкам ушлайди, ғулувни қўйиб, мўътадилликни лозим тутади. Мана шу ўзлари учун яхшироқдир.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, фарзандларимизни ҳар томонлама баркамол бўлмоқларини насибу рўзи айласин.
Х.Аҳмедов
Шовот туман бош имом-хатиби