Оилавий ажримларга сабаблар…

Ислом динининг мўмин-мусулмонларга муҳим кўрсатмаларидан бири оила қуриб, никоҳ билан ҳалол пок яшаш, ўзидан солиҳ зурриётлар қолдиришдир. Оила мустаҳкам ва тинч бўлса, жамият ҳам осойишта ва фаровон бўлади. Аксинча, оилалардаги парокандалик жамият барқарорлигига путур етказади. Оилавий ажримларга сабаб бўладиган нарсалар асосан қуйидагилар:

  1. Оилада диний ва дунёвий маърифатнинг етишмаслиги;

Инсон ҳаётида Аллоҳ таолога ва охират кунига имон келтиришнинг аҳамияти жуда катта. Имонли киши нафақат дунё, балки охирати учун ҳам ҳаракат қилади. Шу сабабли савоб-гуноҳ ва ҳалол-ҳаромни фарқига боради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга Аллоҳ мағфират (кечирим) ва улкан мукофот ваъда қилди” (Моида сураси 9-оят).

Имон эгаси эр бўлса ҳам, хотин бўлса ҳам ўзининг бурчларини бажаради, бу нарсани охиратдаги ҳолатига таъсир қилишини билади. Турмуш давомида учрайдиган каттаю кичик қийинчиликларга сабр қилади, қаноат қилади.

Оиланинг дунёвий маърифатдан йироқлиги ҳам юзага келаётган муаммолларга тўғри ечим топа олмасликка сабаб бўлиб, ажримга олиб келмоқда.

  1. Дунё ҳою ҳавасларига берилиш, оилада муроса ва мадоранинг йўқлиги;

Баъзи ажримларнинг сабаби тўй кунларидан бошланади. Қудалар бир-бирлари билан тўйда бериладиган арзимаган дунё матоҳлари сабабли чиқишмай қолишади. Бу нарса ривожланиб-ривожланиб, икки ёшнинг хоҳиши ҳам эътиборга олинмай қолади. Уларни мажбур ажраштирадилар. Гоҳида эр-хотиндан бири дунёга ҳирс қўйганидан жуфтидан тоқати етмайдиган иқтисодий шароитлар талаб қила бошлайди. Имкон қилиб бера олмаса, сабру қаноат қилишни хоҳламай жанжал кўтаради ва натижа талоққача боради. Дунёга муҳаббат қўйиш хатоларнинг бошидир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар: “Ҳар бир умматнинг фитнаси бўлади. Умматимнинг фитнаси молдир”

Демак, арзимас дунё матоҳлари сабабли оилани бузиш, динимиз кўрсатмаларига зиддир.

Оиладаги муроса дегани баъзида эр, баъзида хотин шеригининг айбларидан кўз юмиши, кечиримли бўлиши деганидир. Лекин аксарият бузилиб кетадиган оилаларда эр-хотин бир-бирини айблайди, сирларини ошкор қилади. Арзимаган айбларни кўпайтириб кўрсатади. Аллоҳ таоло Ўз китобида шундай марҳамат қилган: Улар (аёллар) билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин (Нисо сураси, 19-оят).

Ислом таълимотларига биноан, эр-хотин орасидаги алоқа муҳаббат, севги, рахим-шафкат ва унсу улфатлик алоқаси бўлиши лозим. Шунинг учун хам, орага тушган баъзи ноқулай холат туфайли дарҳол бир-бирига зулм қилишга ўтиш керак эмас. Хазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу хотинига муҳаббати йўқ бўлиб қолгани учун уни талоқ қилмоқчи бўлган одамга: «Шўринг қурсин! Оилалар муҳаббат учун қурилмаганми?! Риоя қани?! Масъулият қани?!» деганлар.

  1. Оила ишига учинчи томоннинг аралашуви;

Кўплаб ажримларда учинчи томоннинг аралашуви борлиги маълум. Баъзи арзимаган сабаблар ёки кечириш мумкин бўлган хатоларни ушлаб олган қайнона ёки қайноталар келинларини ҳайдаш васвасасига учраб қолади. Ўртага эмизган оқ сутини қўйиб бўлсада ўғлини талоққа мажбур қилишади.

Ваҳоланки, шаръий томондан ўғилни талоққа мажбур қилиш ота-онани ҳаққи эмас. Аксинча улар ёшларга насиҳат қилиб, билмаганларини ўргатиб, уларни оғир босиқ бўлишга чақиришлари керак. Гоҳида келининнг ота-онаси ишга аралашиб, қизини ажратиб олишга ҳаракат қилади. Қизини уйига олиб келади ва оиласини сақлашга ҳаракат қилаётган куёвни ер билан битта қилиб, қувиб солади ва иш талоққа етиб боради.

Эр-хотиннинг орасини ислоҳ қилиш энг савобли амал саналади. Оилага аралашилса ҳам, фақат ва фақат ислоҳ қилиш мақсадида бўлиши керак.

4.Оилада жуфтлардан ҳар иккиси ёки улардан бири ўз вазифасини бажармаслиги;

Оила мустаҳкамлиги учун эр-хотин ўз вазифаларини рисоладагидек бажаришлари жуда муҳим. Эркакнинг зиммасидаги энг муҳим вазифа аёли ва фарзандларини моддий таъминот қилиш: едириб-ичириш, кийинтириш, уй-жой билан таъминлашдир. Аёл киши эса, эрига итоаткор, ҳар ишни у билан бамаслаҳат қиладиган, иффатини сақлайдиган, эрининг моли ва фарзандларига омонатдор бўлиши керак.

Саҳобалар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан: Зиммамизда хотинларимизнинг қандай ҳақлари бор? – деб сўрашганда: “Еганингизда уни ҳам едирмоғингиз, кийганингизда кийдирмоғингиз, юзига урмаслик, қабиҳ сўзлар билан ҳақорат қилмаслик, аразлашганда уйдан чиқмаган ҳолда фақат ўринни бошқа қилиб ётмоқлик” – дедилар. (Имом Абу Довуд ривояти).

Аёлнинг эрига итоат қилиши ҳақида Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Аёл беш вақт намозини ўқиса, бир ой (фарз) рўзасини тутса, фаржини ҳаромдан сақласа ва эрига итоат қилса, унга жаннатнинг истаган эшигидан кир!”, дейилади» (Имом Табароний ривояти).

  1. Эрнинг узлуксиз равишда маст қилувчи ичимликлар ёки гиёҳванд моддалар истеъмол қилиши, оилада чиройли муомаланинг етишмаслиги.

Мазкур ҳолат ҳам оиланинг ажралиб кетишига асосий сабаблардандир. Чунки бундай эркаклар аёли ва болаларига беэътибор бўлиб қолишади, қолаверса мастлик пайтида жиноятлар, хусусан, аёлини талоқ қилиш тез-тез содир бўлади. Бундай кишилар шариатимизда иккита айб ишни қилган, деб эътиборга олинади.

Баъзи ҳолларда эр-хотин ўртасида чиройли муомала ёки озгина эътибор етишмаслигидан ҳам ўрта совиб кетади. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом оилада аёлларга чиройли муомала қилиш, уларга меҳр-шафқат кўрсатишда чиройли ўрнак эдилар. Ҳадиси шарифда: “Эр киши аёлига табассум билан қараса аёл ҳам эрига табассум билан қараса Аллоҳ таоло ҳам уларга табассум ила назар қилади” дейилган. Аллоҳнинг табассум ила назар қилишидан мурод уларга Ўз раҳматини ёғдиришидир.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, оилаларимизни фаровон, фарзандларимизни баркамол бўлмоқларини насибу рўзи айласин.

Х.Аҳмедов

Шовот туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *