ТАФАККУР ЭНГ ЯХШИ ИБОДАТДИР

Тафаккур нафсни поклайдиган ва ахлоқни сайқаллайдиган энг муҳим омиллардан биридир. Тафаккур «фикр» ўзагидан олинган бўлиб, бир нарса ҳақида чуқур фикр юритиш маъносини англатади.

Аллоҳнинг китобида тафаккур қилишга ўн еттита оятда тарғиб қилинган. Инсон ақлининг баркамоллигига, зикрга фикрни қўшиш билан эришилишини Қуръони карим баён қилган. Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун белгилар бор. Улар Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида эслайдиган, осмонлару ернинг яратилишини тафаккур қиладиганлардир», деган (190–191-оятлар).

Ушбу ояти карималардан кўриниб турибдики, Аллоҳнинг биру борлиги ҳамда чексиз қудрати ва бошқа комил сифатларини тўла англаб етиш учун зикр ва тафаккур лозим экан. Бири бўлиб иккинчиси бўлмаса ҳам, иш битмас экан. Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларда эслаш даражаси улуғ даража бўлиб, инсон ибодатнинг олий мақомига эришгандагина ушбу даражага кўтарилади.

Шундай даражада тафаккур қилган одам қалби соф ҳолга келади ва дуо қилса, ижобат бўладиган мақомга етади. Ибодат қилиб, осмонлару ернинг яратилиши ҳақида фикр юритган одам, албатта, Аллоҳ таоло бу нарсаларни бекорга яратмаганини тушуниб етади ва уни «Ўзинг поксан», деб тасбеҳ айтиб ёдга олади. Ушбу борлиқнинг яратилишини, ундаги нарсаларнинг ҳақиқатини тушуниб етиш уларда тадбиркорлик, ҳикмат ва мақсад борлигини англаб етишга олиб боради ва бу дунёда яшаётган кишилар учун адолат ҳам зарурлигини тушуниб етади. Демак, одамлар қилган ишларнинг ҳисоб-китоби ҳам бўлади.

Аллоҳ таоло «Юнус» сурасида: «Албатта, дунё ҳаётининг мисоли худди Биз осмондан туширган сувга ўхшайди. Бас, одамлар ва чорвалар ейдиган ер набототи у билан аралашиб, ер безагини олганда ва зийнатлаганда ҳамда унинг аҳли, энди бунга эришдик, деб ўйлаганда, кечаси ёки кундузи унга Бизнинг амримиз келадир. Биз уни худди куни кеча яшнаб турмагандек қуритиб қўямиз. Тафаккур қиладиган қавмлар учун оятларимизни ана шундай батафсил баён қилурмиз», деган (24 -оят). Ушбу ояти каримада бу дунё ҳаёти ва унинг матоҳлари табиатда рўй бериб

турадиган ҳодисаларга ўхшатилмоқда. Қуруқ ерга ёмғир ёғиб, сув тушса, одамларга ҳам, чорва ҳайвонларига ҳам озуқа бўладиган ўсимликлар униб чиқади. Бу ўсимликлар ер юзини безайди. Ўсган сари гўзаллиги ортиб боради. Ҳосил вақти яқинлашганида эгаларининг кўзлари қувонади.

Энди бир нарсали бўладиган бўлдим, деб келгуси ҳосил устида ҳар хил режалар тузади. Шунда, хоҳ кечаси, хоҳ кундузи бўлсин, Аллоҳдан амр келиб, ҳалиги ўсимликлар бирдан қуриб қолади. Қуруқ хашакка айланади. Яшиллиги ҳам, гўзаллиги ҳам, меваси ҳам йўқ.

Фикрли, фаросатли одамлар учун бу дунё ҳаёти ҳам худди шундай. Инсон туғилади, ўсади. Тинмай ҳаракат қилади. Маълум бир натижаларга ҳам эришади. Аммо Аллоҳ таоло хоҳлаган лаҳзада у эришган нарсани олиб қўйиши мумкин. Аллоҳ таоло «Раъд» сурасида: «У ерни чўзиб, унда баланд тоғлар ва анҳорлар қилган, ҳар хил мевалардан жуфт-жуфт қилган зотдир. У кечани кундузга ўратадир. Бунда, албатта, тафаккур қилувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир», деган (3-оят).

Ҳа, У зот кўз ўнгингизда ерни чўзиб қўйган Зотдир. Қаердан қарасангиз, қаршингизда ер чўзилиб ётибди. Буни ким қилган? Албатта, Аллоҳ қилган. «Унда баланд тоғлар ва анҳорлар қилган». Ердаги баланд тоғларни ким барпо этган? Ердаги анҳорларни ким оқизиб қўйган? Албатта, Аллоҳ. «Ҳар хил мевалардан жуфт-жуфт қилган Зотдир». Агар меваларда жуфтлик – эркак ва урғочилик хусусияти бўлмаганида, мевага айланмас эди. Буни ким қилган? Албатта, Аллоҳ таоло. «У кечани кундузга ўратади».

Кеча ва кундуз ҳам бир жуфтлик бўлиб, бир-бирини ўрайди. Навбат билан кеча кундузни, кундуз кечани ўраб туради. Бу жараён асрлардан буён давом этиб келмоқда. Хўш, буни ким қилмоқда? Албатта, Аллоҳ таоло. Ушбу ҳодисаларни ҳар бир одам ўйлаб кўрмоғи лозим: «Бунда, албатта, тафаккур қилувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир». Тафаккур қилмаганлар эса, онгсиз ҳайвонларга ўхшаб юраверадилар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларида ҳам тафаккур алоҳида эътибор ила тилган олинган.

Тафаккурнинг фойдалари:

-Тафаккур Аллоҳнинг розилиги ва муҳаббатига олиб борувчи йўлдир.

-Тафаккур бағрикенглик ва қалб сокинлигидир.

-Тафаккур Аллоҳ азза ва жалладан хавфда бўлиш ва қўрқиш малакасини ҳосил қилади.

-Тафаккур катта ақлий қувват бўлиб, якка шахсларнинг огоҳлигига ва умматларнинг уйғонишига олиб боради.

Уламоларимиз ҳам тафаккур ҳақида ажойиб фикрларни билдирганлар. Имом Ғаззолий «Иҳъё»да ёзади: «Луқмон ёлғиз ўзи узоқ ўтирар эди. Хизматкори унинг олдидан ўтаётиб: «Эй Луқмон! Ёлғиз ўзинг узундан узоқ ўтирасан. Бундан кўра одамлар билан ўтирсанг яхшимасми?» дер эди. «Узоқ вақт ёлғиз қолиш фикрлашга қулай, узоқ фикрлаш эса, жаннат йўлининг кўрсаткичидир», дерди Луқмон». «Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Тафаккур ила ўқилган икки ракъат қисқа намоз фикрсиз тун бўйи бедор бўлгандан яхшидир».

Умар ибн Абдулазиз айтади: «Аллоҳ азза ва жалланинг неъматлари ҳақида фикр юритиш энг афзал ибодатдир». Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: «Бир соат тафаккур қилиш бир кечани бедор ўтказишдан яхшидир».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Барча нарсалар ҳақида тафаккур қилинг. Фақат Аллоҳнинг зоти ҳақида тафаккур қилманг» (409-бет). Вакийъ ибн Жарроҳнинг «Зуҳд» китобида шундай дейилади: «Абдуллоҳ ибн Утбадан ривоят қилинади: «Умму Дардодан Абу Дардонинг афзал ибодати нима эди?» деб сўрадим. «Тафаккур ва эътибор эди», деб жавоб берди» (474-бет). Имом Жалолиддин Суютий «Ад-Дуррул Мансур» тафсирларида қуйидагиларни ёзади: «Омир ибн Абду Қайсддан ривоят қилинади: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир неча саҳобаларидан: «Иймоннинг зиёси ёки иймоннинг нури тафаккурдир» дейишганини эшитдим».

М.Қозоқов

Янгиариқ тумани «Ҳожи бобо» масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *