ГИЁҲВАНДЛИК – СОҒЛОМ АВЛОД КУШАНДАСИ

Гиёҳвандликни инсоният келажагига солаётган хавфи, ҳозирнинг долзарб муаммоси эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу офатга қарши айни пайтда халқаро миқёсда мислсиз кураш олиб борилмоқда.

Гиёҳвандликнинг ёвуз чангалига илинган инсон ундан қутилиб чиқиши амримаҳол бўлиб, аксинча у ўз турини ҳар томонга ёйишга интилиб, янги-янги қурбонларни домига тортади. Улар келтирган офатлар оилаларни бузилишига, ҳали туғилмаган гўдакларни келажакда мажруҳ, ногирон бўлиб қолишига, ёшларни умрини хазон бўлишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз Мухаммад Соллоллоху алайҳи васаллам ҳадисларида ҳам: “Ҳар бир инсон ўз тана аьзосини саломатлиги йўлида қайғуриш лозим”лиги хақида таькидлаганлар, зеро жисм-тана аьзолари соғлом бўлишини ва уларни турли зарарли одатлардан, касалликлардан сақлаш ҳар бир кишининг муҳим бурчи ҳисобланади. Гиёҳвандлик иллати ҳақида доимий илмларда, шу жумладан исломда ҳам «Гиёҳвандлик нима нарсадан бўлишидан қатьий назар маст қилдими ёки афғон каби нарса бўлиб истеьмолчи қилишида кайф бердими у мутлоқ ҳаромдир. Инсон зоти гиёҳвандлик каби иллат билан ўзини ўзи заҳарлаши ҳам ўз жонига қасд қилганлик билан баробар саналаркан. Гиёҳвандлик моддаларини истеьмол қилишда, камига диний ва дунёвий зарарлар мавжуд. У инсон тафаккурини турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирасини сусайтиради, бош-юрак, сил, истисқо ҳасталикликларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарм ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватда зарар етказади. Демак инсон ўз танасини ушбу иллат билан заҳарлаши ўз жонига қасд қилиши билан тенг саналади. Аллоҳ таоло ҳам бундай кишиларга: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб Менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим яьни жаннатдан уни абадий маҳрум қилдим” деган.

Энг ачинарлиси, баъзи нафсини жиловлай олмаган кимсалар эътиқоди заиф, иродаси бўш, гиёҳвандликка мойиллиги бор ёшларни турли қинғир йўллар билан тўзоғига илинтириб фойдаланишади. Шу боис, бундай иллатга қарши курашиш учун ҳозирда ахоли орасида, оила, мактаб, маҳалла, мутассадди ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик ҳамкорлигида мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бу кўрилаётган чора-тадбирлар ёшларни умрига зомин бўлиши мумкин бўлган хавфдан ва турли иллатлардан ҳимояланишида қўл келиши назарда тутилган. Чунки ёшларни соғлом ва баркамол қилиб тарбиялаш нафақат оилани балки мамлакат, қолаверса жамиятнинг ҳам олдида турган асосий ва муқаддас вазифасидир. Ушбу иллатга қарши курашишда авволо ўсиб- улғаяётган фарзандларнинг қалбида инсонийлик фазилатларни жо қилиш баробарида, ватанга, ота-онага, дўстлари ва атрофдагиларга нисбатан меҳр-мухаббат ва садоқат каби фазилатларни шакллантирмоқ керак. Асрлар оша шаклланиб, сайқал топиб келаётган қадриятларимизга ҳурмат ва эхтиром руҳида тарбиялаш эса уларни ҳар томонлама етук ва фозил инсонлар бўлиб камол топишишларида муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Фарзанд тарбиясида аввало, ҳар бир ота -она, маҳалла-кўй, таълим-тарбия масканлари ва ён-атрофдагилар ҳам бефарқ бўлмасдан, бирдек масъуллиги, уларнинг билим олишлари, фикри-дунёқарашининг соғломлигига жавобгар эканлигини англамоқлари зарур бўлади.

Маънавияти юксак фарзандларни Ватанга содиқ, меҳр-мухаббатли, мард, жасур ва соғлом қилиб тарбиялаш учун ота-онанинг ёнида маҳалла-куй, мактаб ҳамда кенг жамоатчилик бирдек масъул ҳисобланади.

Мустақилликнинг илк кунлариданоқ эртанги кунимизнинг ёруғ истиқболи бўлган ёшларга алоҳида эътибор кўрсатиб келинмоқда. Мазкур эътибор самарасини эса ёшларга яратилган шарт-шароитларда кузатишимиз мумкин. Ҳозирда уларни ҳар томонлама ва манфаатларини ҳимоялаш борасида ҳуқуқий ҳужжатлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Юртимизда ўсиб-улғаяётган ёшлар мавжуд имконият ва имтиёзлар асосида ҳаётда ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаётганлигини шоҳиди бўлмоқдамиз.

Бундан кўриниб турибдики, мамлакатимиз ишончи ва келажаги бўлган ёшларни соғлом ва баркамолигини таъминлаш борасида давлатимиз томонидан барча шароитлар яратилмоқда. Мақсад аждодларимиздан бизга мерос пойдевори мустаҳкам, тинчлиги, ободлиги, осойишталиги барқарор заминни бехатарлигини таъминлаш ва асраб-авайлашдир. Зотан, бугун ўсиб-улғаяётган баркамол авлод эртага ушбу юртнинг ҳар томонлама соғлом келажаги, эгасига айланади.

Ш.Болтаев

Хазорасп тумани Шайх Қосим бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *