БУЗҒУНЧИЛАР ДАЪВО ҚИЛАЁТГАН “ЖИҲОД” НИНГ МОҲИЯТИ

Бугунги кунда Ислом дини душмани бўлган ғаразгўйлар жиҳод ва ҳижрат каби нозик масалаларда турли гапларни чиқариб, ёшларни бошини айлантиришга, уларни алдаб нотўғри йўлга чақиришга ҳаракат қилмоқдалар.

Аслида «Жиҳод» сўзи луғатда инсон томонидан жамики имкониятни ишга солиб ҳаракат қилиш маъносини англатади. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, мусулмон одам жиҳод қилмоқчи бўлса, ўзининг барча куч-қувват, ақл-заковати ва моддий имкониятларини Аллоҳ йўлида, Унинг дини учун сарфлаши керак бўлади. Алоҳида таъкидлаб айтиш лозимки, жиҳод сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Урушни араб тилида бошқа сўзлар билан ифода этилади. Асосан, уруш маъносини англатиш учун араб тилида «қитол» сўзи ишлатилади. Дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларини ишга солиб ҳаракат қилаётган толиби илмни мужтаҳид талаба деб аталади. Бинобарин, уни илмий жиҳод қилмоқда деса бўлади. Шаръий масалаларни ечишда, бор имконини ишга солиб ҳаракат қилган улкан олимларни ҳам мужтаҳид деб аталган. Ундоқ кишилар шаръий илмларда жиҳод қилганлар.

Жиҳод сўзининг луғатдаги хусусиятидан келиб чиқиб жиҳоднинг турлари ҳам кўпайган ва ўшаларнинг ичида душманга қарши жон жаҳди билан жанг қилиш ҳам жиҳод дейилган. Аммо ушбу охирги маъно бошқаларидан устун келиб кейинчалик жиҳод деганда фақат қитолни тушуниладиган бўлиб қолган.

Аллоҳ таоло Исломнинг дастлабки босқичида мушриклар билан ақийдавий тортишув қилиб турган, ўз пайғамбари Муҳаммад алайҳисаломга Фурқон сурасида қуйидаги хитобни қилади: «Кофирларга итоат этма! Уларга қарши у (Қуръон) билан катта жиҳод қил!»

Демак, Қуръон билан катта жиҳод қилинган. Бунда уруш олиб бориш маъноси йўқлигини англаш заррача ақли бор одам учун қийин эмас.
Исломда жиҳод маъноси аввало уруш маъносида эмас, Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш маъносида юзага келган ва бу маъно шу мавзуда асос бўлиб қолган.

Имом Термизий, Ибн Ҳиббон ва Дайламийлар ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таолонинг зотида ҳавои нафсингга қарши жиҳод қилмоғингдир», деганлар. Бундан инсоннинг ҳавойи нафсининг куйига кирмаслик, уни енгиб шариатга мувофиқ яшаш учун жон жаҳди ила қилган ҳаракати ҳам жиҳод эканлиги, жиҳод бўлганда ҳам афзал жиҳод экани чиқади.

Имом Бухорий ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у зотдан жиҳодга изн сўраб келди. Шунда у зот унга: «Сенинг ота-онанг борми?» дедилар. «Ҳа», деди. «Бас, икковлари(хизмати)да жиҳод қил!» дедилар».
Демак, ота-онанинг хизмати ҳам жиҳод бўлиши мумкин экан.

Исломнинг дастлабки ўн уч йили давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  бошлиқ саҳобалар Маккаи Мукаррамада юқорида зикр қилинган қитол-уруш маъноси бўлмаган жиҳодни олиб бордилар. Ўша вақтда Аллоҳ таоло мусулмонларга мушрикларга қарши куч ишлатишни ман қилган эди. Шу билан бирга, улардан етган азоб уқубат ва озорларга сабр қилишга амр қилган ҳам эди. Фақатгина, ҳижратнинг иккинчи санасида Қуръони Карим таъбири билан айтилганда «Ўзларига қарши уруш очганларга уларга зулм қилингани учун (урушга) изн берилди». Ана шундоқ қилиб, ҳижрати набавиянинг иккинчи санасидагина Аллоҳ таоло мусулмонларга ўзларини ҳимоя қилиш учун қўлларига қурол олишга изн берди.

Қурол ишлатиш бугунги кунда мусулмонларга фойда бериш-бермаслигини яхшилаб ўйлаб кўриш керак. Ҳар бир ишни қилишдан олдин мусулмонлар оммасига фойда келтирадими, йўқми, яхшилаб ўйлаш керак. Суриялик машҳур олим Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий жиҳод ҳақида китоб ёзиб, бугунги кунда жиҳод чақириғи билан чиқаётганларнинг гаплари ҳам, ишлари ҳам ҳақиқий жиҳоддан йироқ, деган фикрни олға сурдилар. У киши интернет тармоғида жиҳод ва ҳижрат ҳақида сафсата сотаётганларни қаттиқ танқид қиладилар. Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий ҳазратлари куч ишлатишни «жиҳод» деб даъво қиладиганларга қарши таълиф қилган «Ал-Жиҳод фил Ислом» номли китобида қуйидагиларни ёзади:

«Мен бу асрда баъзи бир доиралар наздида янги ислом туғилаётганини мулоҳаза қилмоқдаман. У, Аллоҳнинг ҳузуридан ваҳий бўлиб тушмайди. Лекин баъзи одамларнинг фикрлари ва мижозларидан келиб чиқади. Унинг ҳукмлари шаръий далиллар ҳукми ила бирлашмайди ва уларнинг ҳужжатига бўйсунмайди. У фақат баъзи шахс ва жамоаларнинг таассубидан ёки шаҳвату ҳавойи нафснинг султонидан келиб чиқади. Бугунги кунда ислом олами гувоҳ бўлиб турган нарса, ўша янги ислом «элчи»ларининг тинимсиз ҳаракатларидан келиб чиққан нарсалардир. Биз уни аввал билмаган эдик. Улар ўзларининг исломини ҳозиргача биз Аллоҳдан ваҳий бўлиб келган деб билган исломнинг ўрнига қўймоқчилар. Биз билган ислом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари баёни, қатъий шаръий далиллар, собит фиқҳий қоидалар, мусулмонларнинг барча авлодлари илмларининг кенглигига ва фаҳмларининг дақиқлигига гувоҳлик берган салаф уламолари жумҳурининг ижтиҳодлари тақозо қилган нарсаларни лозим тутишдан иборатдир.

Аммо, улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни «шариат рухсат берган иш» дейдилар. Улар Исломий маҳкама зиммаларига бирор айбни қўймаган муслима қизларни сўйиб ташлашни «шариат рухсат берган иш» дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла учқични ичидаги беайб инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам «шариатда бор иш» дейдилар. Ҳар биримиз кўзларини юмиб олиб, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бугун ичимизда юрибдилар», деб хаёл қилсин. Ул зот мазкур мажозий Исломга рози бўладиларми?! Уни қабул қилиб, бошлиқ бўлиб, унга даъват қиладиларми?»

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бизнинг ватанимиз Ўзбекистонда бу каби нотўғри фикрларнинг тарқалишининг олдини олишимиз керак. Уламоларимиздан сўраб, ўрганмай туриб интернет тармоғига ишониб қолмаслигимиз керак. Умуман, ғаразгўйларнинг алдовига ёшларимиз илиниб қолмасликлари учун барча маърифий чораларни кўришимиз лозим. Китоблар, маърузалар, маънавий-маърифий тадбирлар, овоз ва суратли ёзувлар ва интернетни ҳам ишга солишимиз керак. Акс ҳолда савоб қилмоқдаман деб гуноҳга дучор бўлиб қолишимиз ҳеч гап эмас.

А.Рахимов

Хазорасп тумани Сулаймон Боқирғоний масжиди имом-хатиби

Манбалар асосида

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *