ФИТНАЛАРДАН ОГОҲ БЎЛАЙЛИК

Аллоҳ таоло турли фитналардан доимо эҳтиёт бўлишимизга чорлаб ўзининг каломида шундай амр этади: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (Зот)дир”. Анфол сураси 25 оят.

Уламолар, Аллоҳ таолонинг китоби ва Расули акрам саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига хилоф ишларнинг вужудга келиши-энг катта фитнадир, деб айтищади. Шунинг учун ҳам барча муҳаққиқ уламолар мусулмонларни фитналардан сақланиш, Аллоҳ таоло белгилаб қўйган чегаралардан чиқмаслик ҳақида огоҳлантиради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “(Ширк ва маьсиятлар билан) ҳаддан ошувчиларнинг амрига итоат этмангиз! Улар ер юзида бузғунчилик қилурлар ва (ҳеч нарсани) ислоҳ қила олмайдилар”.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом умматларини Аллоҳ таолонинг номи билан фитналардан уларнинг ёмонлигидан, адаштирадиган ва гумроҳлигидан паноҳ тилашга йўллаганлар. Уламоларимиз шундай дуо қилишаркан: “Эй Аллоҳ! Диндан қайтишлик ёки фитнага мубтало бўлиб колишимизда сендан паноҳ тилаймиз”. Имом Бухорий ривояти.

Шунга мувофиқ инсонларни тўғри йўлдан адаштирувчи асоссиз ғоя сўзларни айтувчи ва тарқатувчи кимсаларнинг хатти-ҳаракатларидан барча мусулмонларни эҳтиёт бўлишларига чорлаймиз. Дин душманларининг фитналари ва фитнага сабаб бўлувчи миш-мишлари Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримаси мазмунига мутлақо зид ва хилофдир: “Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар билимсизлик билан (узгаларни) Аллоҳ йўлидан оздириш учун ва у (йўлни) масҳара қилиш учун бехуда суз(лар)ни сотиб олурлар. Ана ушалар учун хор қилувчи азоб бордир”. (Луқмон сураси, 6-оят).

Ҳар бир мусулмон турли фитна-фасод ишлардан, бузғунчилик, динда фитнага тушиш, хусусан бир жамиятда яшовчи инсонлар ўртасида тафриқа солиш, бузғунчи фикр ва ботил ғояларни тарқатиш каби ношаръий ишлардан эҳтиёт бўлиши зарур. Мамлакатимизда яшовчи барча миллат вакиллари билан тинч-тотув яшашга интилишимиз, шунингдек, оила мустаҳкамлиги, фарзанд тарбиясида муҳим бўлган одоб-ахлоқ меъёрларига амал қилиш барчамизнинг бурчимиз ҳисобланади. Ҳазрати Расули акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам умматларини замонлар ўтиши билан бошларига келадиган фитналардан огоҳлантириб, нимага амал қилишлари ҳақида шундай хабар берадилар: “Фитна ухлаб ётган бир нарсадир. Кимки уни уйғотиб юборса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин. Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, зиён

тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”, деганлар. (Имом Муслим ривояти).

Ёшларимизга таълим-тарбия берганда насихат қилиб, Ватанга муҳаббат- аввало ота-онасига, урф-одатларию миллий қадриятларига, улар югуриб ўсган тупроқ, отаси эккан ва у билан бирга улғайган дарахт, онаси тебратган бешикка бўлган муҳаббат эканлигини уқтирайлик!

М. Юсупов.

Боғот туман “Тавал бобо” масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *