УЯЛИ ТЕЛЕФОН ОДОБЛАРИ

Телефон сотиб олишда уни яхшиликларга, дунё ва охират учун манфаатли нарсаларга ишлатиш ниятини қилиш керак. Яъни бу борадаги яхши ниятдан силаи рахмни тиклаш, яқин кишиларнинг холидан хабардор бўлиш, уларга яхши сўз ва тилакларни тақдим этиш, ўз хожатини тезроқ битириш орқали вақтни тежаш ёки сўзлашув воситасининг имкониятларидан фойдаланиб панд насихатларни тинглаш, ибратли кўрсатувларни тамоша қилиш, фойдали матнларни мутолаа қилиш каби хайрли ишлар кўзда тутилган бўлади.

Уяли алоқа жиҳозининг ўз эҳтиёжига ярашасини олиши керак. Чунки эҳтиёждан ташқари нарсага мол-пул сарф қилиш исрофдир.

Уяли алоқа жиҳозига Исломда тинглаш ёки томоша қилиш ман қилинганнарсаларни жойлаштириш ҳаромдир.

Уяли алоқа воситаси ўзгага тегишли бўлса, унинг рухсатисиз олиш, ундан бировга қўнғироқ қилиш, унинг ичидаги нарсаларни очиб кўриш мутлақо мумкин эмас.

Бундай қилинганда, ўзгаларнинг сирларига, яширилиши лозим бўлган нарсаларига тажовуз қилинган бўлади. Бу албатта, катта хиёнатдир. Хиёнат эса харомдир. Мазкур нарсалар жиҳоз эгасининг аврати-бировлардан беркитишни, яширишни истаган нарсаси бўлади. Бировнинг авратига назар солиш эса ҳаромдир.

Уяли алоқа жиҳози билан ўзининг рухсатисиз бировни суратга олиш ёки овозини ёзиш мутлақо мумкин эмас. Чунки бу жосусликдир, хиёнатдир. Агар ўша нарса бошқаларга ҳам тарқатилса, бундан-да улкан хиёнат, гуноҳи азим бўлиши муқаррар.

Болаларга уяли алоқа жиҳозини олиб беришга шошилмаслик, олиб берганда ҳам, фақат зарурат юзасидан ишлатилишини йўлга қўйиш лозим.

Масжидлар, жамоат йиғинлари ва қабул чоғлари ҳамда илмий мажлисга ўхшаш жойларда уяли алоқа жиҳозини ўчириб қўйиш талаб этилади. Чунки қўнғироқ овози масжидларда намозхонларнинг ибодатига путур етказади, мажлисларда сўзловчига ҳам, тингловчига ҳам халақит беради, илмдан чалғитишга, муҳтарам кишиларни беҳурмат қилишга сабаб бўлади.

Жамоатчилик йиғинларида ва қабул чоғларида ҳамда илмий мажлисга ўхшаш жойларда уяли алоқа жиҳозини ўйнаб ёки қўлда айлантириб ўтириш беодобликдир.

Сухбат ва мажлисларда бировга қўнғироқ қилиш, бировларнинг қўнғироқларини қабул қилиш одобдан эмас. Зарурат бўлган тақдирда сухбатдагилардан узр сўраган ҳолда, имкони бўлса, ташқарига чиқиб гаплашиш керак.

Уяли алоқа телефонида суҳбатлашишда овозни керагидан ортиқ кўтармаслик зарур.

Уяли алоқа жихозига чалинганда атрофдаги кишиларга малоллик келтирадиган мусиқа ёки товушларни қўнғироқ сифатида ўрнатмаслик одобдандир.

Уяли алоқа воситасида имкон қадар суҳбатни тезроқ тамомлашга ҳаракат қилиш ҳам одобдандир.

Уяли алоқа воситаси орқали суҳбатлашаётганда ҳурматли ва эъзозлаш лозим бўлган киши келиб қолса, суҳбатдошга узр айтиб, ҳалиги инсонга юзланиши зарур.

Бировга қўнғироқ қилишдан, қисқа хат ёзишдан аввал унинг рақамини аниқлаб олиш лозим.

Қўнғироқ қилишдан олдин қўнғироқ қилинаётган шахс истирохат қилаётган ёки қилмаётгани, банд ёки банд эмаслигини аниқлаб олиш керак.

Бир марта қўнғироқ қилганда жавоб берилмаса, орадан бир оз муддат ўтказмай туриб, қўнғироқни қайтариш беодобликдир.

Уч марта қўнғироқ қилингандан кейин ҳам жавоб бўлмаса, қўнғироқ қилишни тўхтатиш лозим.

Чақирилган одам алоқага чиққанда, чақирувчи биринчи бўлиб салом бериши лозим.

Қўнғироқ келганда, гўшакни олгач, “Лаббай” ёки шу каби гўзал ибора билан сўз бошлаш одобдандир.

Уяли алоқа воситасида узоқроқ гаплашмоқчи бўлган одам суҳбатдошидан изн сўраши лозим.

Уяли алоқа воситасида сўзлашиш давомида кавшаниб туриш ўтакетган беодобликдир.

Телефонда овозини сохталаштириб гапириш ёки ёлғон хатлар ёзиб, ўзгаларни масхара қилиш мумкин эмас.

Ўзаро сўзлашувни тамомлагач, гўзал сўзлар ва эзгу тилаклар билан хайрлашиш керак.

Бировнинг телефон рақамини ўзининг рухсатисиз бошқаларга бермаслик талаб этилади.

Чиқимдан қочиб, бировнинг телефонига рақамини чиқариб қўйиш ва унинг жавоб қайтаришини кутиш беодобликдир.

Қўнғироқ бўлган пайтда жавоб бера олмаган киши имкон топган заҳоти унга жавоб қайтариши лозим.

Ўзига келган ҳар қандай хатни бошқаларга тарқатавериш мумкин эмас.

Кишиларга уяли алоқа воситаси орқали хат ёзишда ҳам одоб-ахлоқ, шариат чегараларига риоя қилиш лозим. Уятли, беҳуда, ношаръий гап-сўзлар ёзилса, гуноҳ бўлишини унутмаслик керак. Зеро, оғзаки нутқ билан ёзма нутқнинг ҳукми баробардир. Номаҳрам шахсларга заруратсиз хат ёзиш ҳукми ҳам шундай. Бу хозир кўпчилик мубтало бўлган офатдир. Аммо мусулмон киши кўпчиликка эмас, ҳаққа қараб иш кўради.

Н.Яқубов

Хива тумани Гулланбог масжиди

имом-хатиби

«Ижтимоий одоблар» китобидан

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *