ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛАЙЛИК (КЕЧИРИМЛИ БЎЛИШ УЛКАН ФАЗИЛАТ)

Ислом динимиз биз мўмин-мусулмонларни гуноҳ саналган ишлардан қайтарган. Баъзи бир инсонлар ўзлари билмасдан қилиб қўйган жиноятлари туфайли озодликдан маҳрум қилиниб, озор чекаётган инсонлар ҳам йўқ эмас. Инсон учун ҳур ва озодликдан улуғроқ неъмат йўқ. Аллоҳ таоло инсонни азалда озод қилиб яратиб, унга бу ҳаётда берилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ўзи яшаб турган заминни обод этиш масъулиятини юклаган. Афсуски, баъзи инсонлар ўзига юклатилган бундай шарафли масъулиятни унутиб, ҳаёт неъматининг қадрига етмай, билиб-билмай турли хилдаги жиноятларга қўл уриб қўяди. Жиноятга эса, жазо муқаррарлиги сабабли озодлик деган азиз неъматдан маҳрум этилади. Сўнгги пушаймоннинг бефойдалиги эса, мусибат устига мусибат саналади.
Барчамизга маълумки, муҳтарам Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида”ги Фармонига биноан 2700 нафар шахс маҳкумликдан озод этилди. Ҳозирги кунда улар ўз оилаларига қайтдилар. Дарҳақиқат, жазо беришга қодир бўла туриб афв этиб юбориш нақадар савобли иш.  Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
“Уларни афв этинг ва кечиринг! Албатта, Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади” (Моида сураси, 13-оят).
Шундай экан, ўз навбатида афв этилиб озодликка чиқарилган шахслар ҳам бунга жавобан ўтмишда қилган хатоларини такрорламасликка азму қарор қилиб, қолган ҳаётларини оиласига, маҳалла-кўй ва жамиятига манфаатли тарзда ўтказмоқлари лозим бўлади. Зеро, яхшиликка яхшилик билан жавоб бериш ҳам қарз, ҳам фарз. Қуръони каримда ҳам айтилган:
“Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти фақат эҳсон (эзгулик)дир” (Ар-Раҳмон сураси, 60-оят).
Президентимиз ҳар бир маърузаларида инсон тақдирини, унинг манфаатини юқори қўйиб гапирмоқдалар. Ҳар бир қилаётган ишимиз, бугунги кескин ўзгаришларимиз фуқароларнинг тинчлиги, фаровонлиги учун эканлигини қайта-қайта таъкидламоқдалар.
Айтайлик, бир қушни қанотларини боғлаб уч-тўрт кун хонага қамаб қўйдингиз. Сўнг раҳмингиз келиб қўйиб юбордингиз. Эътибор берган бўлсангиз, у қуш бирданига кўкка парвоз қила олмайди. Уни авайлаб кафтингизда тутиб бир оздан сўнг салгина имо қилсангиз, у ҳавога қийналмай парвоз қилади. Айтмоқчимизки, маҳкумликдан озод қилинган шахс ҳам шу тутқинликдан чиқарилган қушга ўхшайди. Дарров ҳаётда ўз йўлини топа олмайди. Оиласига, маҳалласига мослашишга, ишга киришга қийналади.
Шундай вақтда қўни-қўшнилар, маҳалла фаоллари уларнинг ёнига кириб, маҳаллага сингиб кетишига, тўю тадбирларга тортинмай қатнашишига, энг зарури иш билан таъминланишига яқиндан кўмак беришлари жуда муҳимдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам кўплаб ҳадисларида мўмин-мусулмонларни бир-бирига биродар эканлигини таъкидлаб ўтганлар. Жумладан:
Нуъмон ибн Башир (р.а.)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Мўминларнинг ўзаро бир-бирларига нисбатан меҳру муҳаббат ва ҳамжиҳатликларининг мисоли бир танага ўхшайдики, ундаги бир аъзо оғриса тананинг бошқа аъзолари бедорлик ва иситма билан унга ҳамдард бўладилар”(Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Бизлар юртимизда амалга оширилаётган бу каби хайрли ишларга ривож тилаб, Юртбошимизни дуо қилишимиз, қолаверса амалий ҳаракатларимиз билан юртимиз равнақи, халқимизнинг имонли, эътиқодли бўлишига муносиб ҳисса қўшишимиз лозим бўлади.

Х.Бобожонов
ЎМИ Хоразм вилояти вакиллиги ходими

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *