ОММАВИЙ МАДАНИЯТНИНГ МАЗМУН МОХИЯТИ

“Маданият” сўзи араб тилидан олинган бўлиб, ўқимишлилик, таълим-тарбия кўрганлик, зиёлилик, маърифат маъноларида қўлланилади. Инсониятнинг маърифат орқали қўлга киритган ютуқлари мажмуи ҳам маданият деб аталади.
Фан-техниканинг тараққий этиши дунё маданиятларининг асл тамалларига ҳам таъсир этмай қўймади. Ахборот олиш ва уни тарқатишнинг тезлашуви натижасида дунёда қоришиқ, тушунарсиз “маданият”лар кенг илдиз отди.
Ҳозирда айрим маърифат кушандалари томонидан “поп-культура” (“оммавий маданият”) деб кенг тарғиб этилаётган ҳолатлар инсоният шу кунгача амал қилиб келган барча қадриятларни исёнкорлик билан инкор этади: динни, юксак маданиятни, маънавиятни, ахлоқни менсимайди…
Муҳтарам Биринчи Президентимиз таъкидлаганларидек, “Оммавий маданият” бу аҳлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдиддир”.
“Оммавий маданият” муқаддас динимизда ҳам мутлақо тақиқланган бўлиб, унинг белгилари қуйидагиларда намоён бўлади:
Беҳаёлик, интим муносабатлар, шаҳватпарастлик, зино оддий ҳолат тарзида тарғиб қилинади. Бу каби тарғибот ғарб оламида ўзининг жирканч натижасини кўрсатмоқда. Пуштсизлик, оилага эътиборсизлик, миллатларнинг йўқ бўлиб кетиши каби оқибатлар айнан зинонинг кенг ёйилишидан келиб чиққани ҳақиқат. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Зинога яқинлашманглар! Чунки бу бузуқликдир ва энг ёмон йўлдир» (Ал-Исро сураси, 32).
Зўравонлик, кимўзарлик, «ким кучли бўлса – ўша ҳақ» деган чангалзорлар қонуни сингдирилади. Ҳозирги дунёнинг қайноқ нуқталарида содир бўлаётган, айрим кучлар томонидан айёрона бошқарилаётган сиёсий-ҳарбий инқилоблар ортида ҳам ана шу таълимотчилар турибди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Инсонларга зулм қиладиган ва ерда ноҳақ зўравонлик – кибру ҳаво қиладиган кимсаларнинг – ана ўшаларнинг жазоси аламли азобдир» (Шўро сураси, 42).
Эркак билан эркак, аёл билан аёл ўртасидаги «никоҳ»дек жирканч ҳолат. Барча жамиятларда эркак ва аёлнинг ўзаро никоҳи оиланинг энг муқаддас қадриятларидан бири бўлиб келган. Эркак билан эркак, аёл билан аёлнинг жинсий алоқада бўлиши, ҳаттоки худди шаръий эр-хотинлардек бирга яшаши динимизда энг улкан гуноҳлар сирасига киритилган. Бу ишнинг энг ёмон гуноҳлардан эканлиги Қуръони каримда бир неча бор такрорланган. Лут алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилган қавм бу амалга муккасидан кетганлиги сабабли Аллоҳ таоло уларни ҳалок қилганлигини Қуръони каримда баён қилиб, башариятни бундай жирканч ишни такрорламасликга чақиради.
Фаҳш, баччавозлик ва ахлоқсизликнинг ҳар қандай кўриниши уят саналмаган Помпей шаҳрида ҳам эрамизнинг 79 йилида вулқон отилиб, бутун шаҳар уч метрли кул қатлами остига кўмилиб қолган эди. Помпейда олиб борилган қазишма ишларидан ёшлар (ҳатто болалар) ҳам, қарилар ҳам бузуқчилик устида тошдай қотиб қолгани маълум бўлди.
Аввал тамаки, сўнг гиёҳвандлик моддалари ҳаёт завқини суришнинг энг гўзал воситалари сифатида тарғиб этилади. “Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтарганлар”. (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти). Замонавий тиббиёт ҳам бу каби иллатларнинг инсон саломатлиги ва наслига буткул зарарлигини исбот қилган.
Оилани пароканда қилиш, уни тан олмаслик, оилани гўёки инсон эркинлигини бўғувчи восита этиб кўрсатишга уриниш, даъюслик тарғиб этилади. Уларга кўра, эр ва хотин ўзлари хоҳлаган кишилар билан бирга бўлишга ҳақли эмиш. Баъзида оилалараро эр ва хотин алмашиш каби жирканч одатлар, рашксизлик фильмлар, китоблар ва бошқа ахборот ресурслари орқали кенг ташвиқ этилмоқда. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Уч тоифа одамлар жаннатга кирмайдилар: ота-онасига оқ бўлганлар, даюслар, эркакшода аёллар» (Насоий, Баззор, Ҳоким ривояти).
Кийинишда, зеб-зийнатда мутлақо эркин бўлиш тавсия этилади. Очиқ, тор, йиртиқ кийимлар, ҳар хил турмаклар, татуировка, эркакнинг аёл каби пардозланиши, аёлнинг эркак каби кийиниши каби унсурлар минг йиллар давомида шаклланган миллий анъаналаримиз, кийиниш маданиятимизга қарши қўйилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хотинчалиш эркакларни ва эркаксифат аёлларни лаънатладилар” (Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилганлар).
Нима қилиб бўлса ҳам, қандай йўл билан бўлса ҳам фақат бойлик орттиришга интилиш, ўзим бўлсам бўлди, ўзга билан ишим йўқ тушунчасида қотиб қолиш, барча нарсаларга шахсий манфаат назари билан ёндашиш, шахсий манфаатни ҳар нарсадан устун қўйиш – бу борада ҳеч ким билан ҳисоблашмаслик, ҳаттоки, ота-она ҳурмати ва фикрини ҳам менсимаслик, ўз нафсининг қулига айланиш, кўнгил истаган ишларни қилиш орқали “эркин бўлиш” каби худбинлик ғоялари тарғиб этилади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Набийдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилади: “Мўмин (одамлар билан) эл бўладиган кишидир. Киришиб кета олмайдиган ва эл бўлмайдиган одамда яхшилик йўқ” (Имом Аҳмад ривояти).
Юқорида санаб ўтганларимиз “оммавий маданият”нинг баъзи кўринишлари холос. Бундай аксилмаданият инсоннинг динини, маънавиятини бузади, миллий, диний қадриятларга беписанд муносабатда бўлишга ўргатади, ҳаётга енгил-елпи муносабатда бўлиш кайфиятини шакллантиради. Бу эса, инсонни иймонидан, ўзлигидан, миллийлигидан маҳрум қилади, унинг маънавий иммунитетини парчалаб ташлайди. “Оммавий маданият” инсонни оиласидан, ўзи яшаб турган жамиятдан, Ватанидан узоқлаштиради. Унинг таъсири остида қолган киши учун ҳеч қандай муқаддас нарсанинг ўзи қолмайди. У ўзининг тор манфаати йўлида исталган нарсадан — динидан, оиласидан, Ватанидан воз кечиши мумкин. Ҳамма нарсага эркинлик нуқтаи назаридан қарайдиган “оммавий маданият”нинг асосий мақсади – одамнинг иродасини сусайтириш, ўзининг ҳаётига, атрофидаги одамларга қарши қўйиш ва охир-оқибатда эркинлигидан жудо қилишдир.

П.Бобожонов
Шовот туман “Қори эшон бобо” масжиди
имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *