ИСЛОМ ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ

Минг афсуски, ХХI аср инсоният учун оғир синовлар билан бошланди. Гўёки, Ислом динига дахлдор бўлган бир гуруҳ кимсалар томонидан амалга оширилган хуружлар оқибатида бир неча минг бегуноҳ инсонлар даҳшатли тарзда бевақт оламдан кўз юммоқда. Заминимизнинг турли ерларида хунрезликлар муқаддас Ислом динимиз номидан ҳамон давом эттирилмоқда.
Зотан бирорта ҳам ҳақиқий иймонли киши, қайси диндалигидан қатъий назар, ўз ақидаси йўлида бегуноҳ одамларни ўлдирмайди. Шуни унутмаслик керакки, террорчилик ҳаракатлари чоғида ўлдирилган одамлар орасида турли дин ва миллат вакиллари, айни пайтда мусулмонлар ҳам бор эди.
Инсонларни ноҳақ ўлдириш улкан гуноҳ ҳисобланади ва ана шу гуноҳкор дўзахнинг даҳшатли азобларига мангуга дучор бўлади. Парвардигорининг берадиган жазоси ва азобларидан қўрқувчи чин иймон эгалари бундай ёвузликка ҳар қандай ҳолатда ҳам қўл урмайдилар.
Ана шундай қабиҳ ваҳшийликларни амалга оширганлар ўзларининг динга қаттиқ эътиқод қўйганлари ҳақида қанчалик лоф урмасинлар, аслида бу ишларни одамлар қалбидан дин-иймонни йўқотиш учунгина қиладилар. Ўз-ўзидан равшанки, уларнинг мақсади илоҳий динни ҳақоратлаш, одамларни ундан четлаштириш ва уларнинг қалбида иймонли одамларга нисбатан нафрат ва ғазаб уйғотиш, холос. Моҳиятига кўра, гуноҳсиз одамларга нисбатан гўёки «дин йўлида» амалга оширилган ҳар қандай зўравонлик ва зулм илоҳий дин устидан зулм ҳисобланади.
Аллоҳ таоло иймон эгаларига севги, раҳм-шафқат ва тинчлик-осойишталикни буюради. Террор эса иймоннинг тамомила аксидир. У ўз олдига бераҳмлик, шафқатсизлик, зулм, қотиллик ва азоб-кулфатларни мақсад қилиб қўяди. Шунинг учун барча террорчилик ҳаракатларининг манбаини художўйлик ва иймондан эмас, даҳрийлик ҳамда бидъатдан ахтариш керак.
Агар инсон совуққонлик билан бегуноҳ кишиларни ўлдира олибдими, демак, у иймонли эмас, у худосиз. Бу кимсалар Аллоҳ таолонинг жазо-азобларидан қўрқмайдиган бўлиб қолган, уларнинг ягона мақсади қон тўкиш ва одамларга кулфат-алам келтириш. Шундай экан, бугунги кунда халқаро матбуотда тез-тез учраб турган «ислом терроризми», «диний экстремизм» ҳақидаги даъволар, нотўғри ва асоссиздир. Зеро, Исломда ҳам, бошқа икки самовий динда ҳам террорга ёки одамлар устидан
бошқа шаклдаги зўравонликка ўрин йўқ. Бунинг устига биз «террор» деб атаётган ҳаракатлар (яъни, ҳеч қандай гуноҳсиз кишиларга қарши қилинаётган жиноятлар) Исломда улкан гуноҳ ҳисобланади ва ҳар бир мусулмон ана шундай ҳаракатларга йўл қўймаслик, ер юзида тинчлик, осойишталик ва адолат ўрнатиш учун Аллоҳ таоло олдида масъулдир.
Ислом – тинчлик ва оқибат дини
Дин номидан, унинг манфаатлари йўлида ҳаракат қиляпмиз, деган даъвода бўлган айрим одамлар ўз динлари таълимотини тушуниб, ҳаётга нотўғри тадбиқ этаётганлари равшандир. Шунинг учун у ёки бу дин ҳақида ана шундай одамларнинг хатти-ҳаракатига қараб баҳо бериб бўлмайди. Зеро бирор дин вакили бўлиш ўша диннинг илоҳий манбаларини тўғри ўрганиш, тўғри англаб етиш орқали бўлади.
Инсониятга ислом неъматини ато этган илоҳий ваҳий – Қуръони каримнинг ахлоқий асоси оқибат, раҳм-шафқат, меҳрибонлик, камтарлик, ҳавойи нафсдан воз кечиш, ҳурмат ва тинчликка асосланган. Ана шу илоҳий кўрсатмаларга амал қилувчи мусулмонлар ҳамиша фавқулодда юмшоқ феълли, раҳм-шафқатли, адолатпарвар ва софдил бўладилар. Умумлашган тушунчада «террор» дегани у ёки бу кўринишда сиёсий мақсадларга эришиш учун ҳарбий бўлмаган объектларга, тинч аҳолига қарши куч ишлатишдир. Бошқача айтганда, ҳеч бир гуноҳсиз кишилар террорнинг нишони бўлишади. Террорчилар наздида ана шу одамларнинг бирдан-бир айби уларнинг «бошқа томонда» бўлганларидир. Демак, террор бегуноҳ одамларга қарши зўравонликни англатади, уни маънавий жиҳатдан ҳеч қачон оқлаб бўлмайди.
Зеро, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк неъматларидан биридир. Барча эзгу ишларни рўёбга чиқишининг асоси ҳам осойишталикдир.
Бу  неъмат бебаҳо экани тўғрисида Ислом дини манбаларида ҳам такрор-такрор айтилган. Қуръони каримнинг юздан ортиқ оятларида тинчликка чақирилган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Аллоҳ ризосини топишга интилганларни Қуръон билан тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур” (Моида, 16).
Тинчликнинг қадрига етиш мўмин-мусулмонлар бурчидир. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар тинчлик-хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир”, деб марҳамат қилганлар.
Тинчлигини йўқотган юрт юлдузсиз осмон кабидир. Қанча унумдор ерлари, боғлари бўлмасин фойда ололмайди. Шунга кўра, тинчликни сақлаш мақсадида, барчамиз жипслашиб, ҳамжиҳатликда иш тутишимиз зарур.
Ҳар бир инсон учун тинчлик зарурлиги борасида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
“Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан” (Имом Бухорий ривояти).
Ўлкамизда азалдан ҳанафий мазҳабининг қарор топиши бежиз эмас эди. Зеро, Имом Аъзам ўзга динлар ва маҳаллий урф-одатларга нисбатан эркинлик бериши билан ажралиб туради. Ҳанафийлик таълимотини такомилга етказган буюк ватандошларимиз – ал-Мотуридий, Абул-Муъин ан-Насафий ва ал-Марғиноний каби алломалар мусулмонлар орасидаги ғоявий тарафкашликликка барҳам бериш, ислом динининг “аҳли сунна ва-л-жамоа” йўли барқарор бўлиб қолишига катта ҳисса қўшдилар. Диёримиздан етишиб чиққан алломалар асарларида диний бағрикенглик билан боғлиқ қадриятлар тарғиб қилинган ғояларни учратамиз. Буюк аллома, мотуридия ақидавий йўналиши асосчиси Абу Мансур ал Мотуридий (870 944) асарларида баён этилган бағрикенглик ғоялари бунга мисол бўла олади. Жумладан, Мотуридий  Қуръон тафсирига бағишланган “Таъвилот аҳли сунна” асарида Ҳаж сурасининг 40-оятини тафсир қилар экан, “Черков ва синагогаларни вайрон этиш манъ этилади. Шунинг учун ҳам, мусулмонлар юртида шу давргача улар бузилмай сақланиб қолган. Бу масалада илм аҳли орасида ихтилоф йўқдир”, деб қатъий таъкидлайди. Самарқандлик фақиҳ, муфассир Абу Лайс ас-Самарқандий (ваф. 1003 й.) эса ўзининг “Баҳр ал улум” деган тафсир китобида Қуръондаги Мумтаҳана сурасининг 8, 9-оятлари шарҳида “Сизлар билан динда уруш қилмаган ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинг, улар билан адолатли муомала қилинг”, деб ёзади. Мовароуннаҳрлик яна бир машҳур фақиҳ, муфассир Абул Баракот ан- Насафий (ваф. 1310 й.) ўзининг ислом оламида маълум ва машҳур “Мадорик ат танзил” асарида мазкур оятларни “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг ҳамда уларга сўзда ва амалда яхшилик қилинг”,  деб шарҳлайди. Ал Мотуридий насронийлар мусулмонларга қалби мойилроқ, дўстона муносабатга яқин эканини айтиб ўтган бўлса, Абул Баракот ан-Насафий насронийлар мусулмонларга дили яқин эканини, улар орасида тавозели,  камтар “қиссис ва роҳиб” яъни, олим ва обидлар бор, дея таърифлаб, илм кимда бўлишидан қатъи назар, у албатта яхшиликка етаклашини алоҳида таъкидлайди.   Шайх Аҳмад Яссавий (1105-1166) ҳам  ўз ҳикматларида ғайридинларга яхши   муносабатда бўлишни уқтирган.

А.Хайитбоев
Янгибозор тумани “Сайид кучак бобо” масжиди
имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *