БУЮК СИЙМО ЁДИ

Биринчи президентимиз Ислом Абдуғаниевч Каримов ҳақида сўз борар экан, барчамизнинг кўз ўнгимизда юксак инсоний ва ахлоқий фазилатлар, мустаҳкам ирода ва чексиз сабр-бардош, ғайрат ва шижоат, кучли сиёсий қобилият соҳиби бўлган меҳнатсевар инсон сиймоси гавдаланади. Муҳтарам биринчи президентимиз нафақат минтақамиз, балки, дунёнинг кўплаб халқ ва миллатлари учун ниҳоятда таҳликали тус олган сиёсий ва ижтимоий беқарорлик вазиятидан, ўз халқини ва ватанини эсон-омон, бахту-саодатли ва фаровон кунларга олиб чиқдилар. Оғир ва ночор кунларда халқимизга далда бериб, тўкин ва фаровон келажакка ишонч уйғотдилар. Ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида самарали ислоҳатларнинг ташаббускори бўлдилар. Биринчи президентимиз томонидан истиқлолнинг илк кунлариданоқ бой тарихимиз ва шонли ўтмишимиз, миллий қадриятларимиз ва диний эътиқодимизни қайта тиклаш устивор масала қилиб белгиланди.
Мамлакатимизда барча учун виждон эркинлиги ҳуқуқи таъминланди. Халқимиз И.Каримовнинг сайъ-ҳаракатлари билан, муқаддас ислом дини арконларини эмин -эркин адо этиш бахтига муяссар бўлди. Халқимиз мусулмонларининг қанчадан-қанча аждодлари, муқаддас ҳаж сафарига бориш ниятига етолмай армонда ўтдилар. Халқимизга бу бахтни истиқлол ва Биринчи Президентимиз олиб борган одилона сиёсат тақдим этди. 1991 йилнинг ўзида мамлакатимиздан уч юз эллик нафар фуқаро ҳаж ибодатини адо этишга мушарраф бўлди. Бу кўрсаткич йилдан йилга кўпайиб, ҳозирда ҳар йили бир неча мингдан ортиқ ватандошларимиз ҳаж ибодатларини адо этмоқдалар. Бевосита Биринчи Президентимизнинг ташаббуслари ва раҳбарликлари билан амалга оширилган бу борадаги ишларни қуйидаги мисоллар билан давом қилдириш мумкин:
1991 йилнинг 11 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Президенти фармо-нига асосан “Рамазон ҳайити” дам олиш куни деб эълон қилинди;
1991 йилнинг 20 июн куни Ўзбекистон Республикаси Президенти фармо-нига асосан “қурбон ҳайити” дам олиш куни деб эълон қилинди;
1991 йилнинг июл ойида буюк ватандошимиз, муҳаддислар султони Имом ал-Бухорийнинг мусулмон дунёсида Қуръони каримдан кейин иккинчи ўрин-да қадрланадиган “ ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарининг биринчи жилди илк бор Зокиржон Исмоил томонидан ўзбек тилига ўгирилиб икки юз минг нусхада чоп этилди;
1991 йилнинг ноябр ойидан Ўзбекистон телевиденясида биринчи диний –маърифий кўрсатув намойиш этила бошлади;
1991 йилнинг сентябр ойидан Ўзекистон мусулмонлари идораси тизимида “ Кўкалдош” , “Мулла Қирғиз” , “Фахриддин ар-Розий” , 1992 йилдан “Жўйбори Калон”, “Хожа Бухорий”, “Саййид Муҳиддин Маҳдум”, “Му-ҳаммад ибн Аҳмад Беруний” ислом ўрта махсус билим юртлари фаолият кўрсата бошлади;
1992 йил 7 март куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ташкил этиш тўғрисида президент фармони қабул қилинди;
1992 йилнинг 11-14 апрел кунлари Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси, расмий ташриф билан Саудия Арабистони қироллигида бўлди. Қирол Фаҳд ибн Абдулазиз ал-Сауднинг эҳтироми билан, биринчи Президентимиз Каъбатуллоҳ-Аллоҳнинг уйини кириб зиёрат қилишга муяссар бўлдилар;
1992 йилнинг август ойида Қуръони карим маъноларининг биринчи ўзбек тилига таржимаси “Алоуддин Мансур” томонидан тайёрлнди ва “Чўлпон” нашриётида юз минг нусхада чоп этилди. Бундан ташқари юртимиз уламолари ва муфассирлари “шайх Абдулазиз Мансуров”, “шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, “муфтий ҳазратлари Усмонхон Алимов” лар томонидан ҳам бир-бирини такрорламайдиган ниҳоятда мазмунли тафсир китоблари нашрдан чиқди;
1993 йил август ойида буюк ватандошимиз, муҳаддис олим Абу Исо ат-Термизийнинг асарлари илк бор Абдулғани Абдуллоҳ томонидан ўзбек ти-лига таржима этилди ва эллик минг нусхада чоп этилди;
1995 йил 19 май куни Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳрида Халқаро Ислом тадқиқот марказини ташкил этиш” тўғрисида қарор қабул қилинди;
1997 йил июл ойидан “Ҳидоят сари” ҳафталик диний-маърифий кўрсатуви
доимий эфирга берила бошлади;
1998 йил 1 май куни Ўзбекистон Республикасининг “ Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди;
1999 йил 7 апрел куни Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг “Тошкент ислом университетини ташкил этиш тўғрисида” ПФ 2282- сонли фармони қабул қилинди. Шу йилнинг 3 сентябр куни университетнинг очилиш маросимида биринчи Президентимиз шахсан иштирок этдилар; …
Ушбу рўйхатни биринчи Президентимизнинг сон-саноқсиз хайрли ишлари билан истаганча давом қилдиришимиз мумкин. Энг аввало таъкидлашимиз лозимки, миллатлараро ва динлараро бағрикенглик ва тотувлик тамойиллари давлатимиз Биринчи Президентининг энг устувор мақсади бўлиб келди. Ана шу мақсад йўлида олиб борилган изчил ва одилона сиёсат натижасида, бугун миллати ва ирқидан, дини ва эътиқодидан қатъи назар, барча Ўзбекистонликлар тинч-тотув, осойишта ва фаровон ҳаёт кечирмоқдалар. Ислом Абдуғаниевич Каримов миллати ва динидан, ёши ва жинсидан қатъи назар ҳар-бир Ўзбекистонлик қалбидан абадий жой олди.
Унинг порлоқ хотираси бизни ҳамиша эзгу ишларга, бунёдкорлик ва яратувчанликка, фидойилик ва инсонпарварликка чорлаб туради.

 А.Ғойипов
Боғот тумани “Мирҳошим бобо” масжиди
имом-хатиби

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *