ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ МАЪРИФАТ БИЛАН КУРАШАЙЛИК

Ҳаёт гўзал! Фақат унга чиройли нигоҳ билан боқишнинг ўзи кифоя! Бироқ бугун дунёда мана шу гўзалликни ҳис қила олмай, ўзини қабиҳлик, разолат уммони ҳисобланган диний экстремизм, терроризм, одам савдоси каби ботқоқликка ботираётган “инсонлар” сафи кўпаймоқда. Улар асли диний экстремизм нималигининг моҳиятига тушунмай бундай тўдалар сафига қўшилиб бормоқдалар. Бу каби тўдаларнинг мақсад-муддаоларини тушунганларида эса ғишт қолипдан кўчган бўлади. Ватан эса хоинларни кечирмайди.
Бугун дунёда кечаётган жараёнлар ХХ асрдагидан фарқлидир. Дунё бугун ўз ниқобини ўзгартирди. Тўғрироғи, дунё эмас, турли хил сиёсий кучлар ва уларнинг бутун дунёга ўтказмоқчи бўлаётган сиёсий таъсир йўналиши ўзгарди, десак, хато бўлмайди. Бир пайтлардаги истаган давлатига тўғридан тўғри ҳужум қилиш ҳукмронлик даъво қилаётганларнинг “обрўйи”га путур етказади. Чунки жаҳондаги йирик халқаро ташкилотлар томонидан инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари тўғрисида, халқлар, миллатлар, давлатлар ўртасидаги муносабатлар масаласида кўплаб гуманистик қонунлар қабул қилинганки, бу қонунлар даъвогарларнинг “эркинлик”ларини буткул чеклайди. Бироқ шунга қарамай дунё талабгорлари ўз “орзу”ларини амалга оширишнинг турли йўлларини ишлаб чиққанлар. Бир қарашда олий мақомга эга бўлган, ҳавас қилса арзийдиган бундай давлатлар аслида юзларига ниқоб тақиб олиб дунёни бошқаришга ҳаракат қилмоқдалар. Кўплаб халқларнинг ёстиғининг қуришига сабаб бўлаётган, давлатлар тинчлиги-ю бойлигига путур етказаётганлар, аслида, жаҳолат эгаларидир ва улар бутун дунёга ҳам жаҳолат уруғини сепишни мақсад қилиб олганлар.
Кимдаки ҳавас қилса арзийдиган хислатлар бўлса, қобилияти орқасидан катта ютуқларга эришаётган бўлса, бир сўз билан айтганда, нимагадир яроқли бўлса, албатта, унга ўз таъсирини ўтказиб йўлдан олиб ташламоқчи бўлган ҳасадгўйлар топилади. Шу жумладан, бизнинг ёш, навқирон бўлишига қарамай юқори даражада ривожланиб бораётган Ўзбекистонимизга ҳам ола кўз билан боқувчилар йўқ эмас. Минг афсуслар бўлсинки, тубан кимсалар қўлига тушиб Ватанига хоинлик қилаётган фуқароларимиз ҳам топилади.
Дунёдаги ҳеч қайси давлатда “халқаро алоқа тили” Интернет, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш чекланмаган, мана бу эса айрим гегемон давлатларга анча қўл келади. Улар учун дастлабки босқич онгни заҳарлаш, яъни турли хил воситалар (ваҳимали компютер ўйинлари, бепарда томошалар, турли қўшиқ ва шеърлар ва б.) билан кишилар онгидаги бўшлиқни заҳарли информатсия билан бойитишдир. Юқоридаги воситаларнинг ашаддий мухлисларининг кўпчилиги ҳеч шубҳасиз, ёшлардан иборатдир. Бу фаолият, айниқса, аҳолининг 60 % дан кўпини ёшлар ташкил этадиган мамлакатимиз учун ўта хавфли жараёндир. Бундай душман кучлар кейинги босқичда тафаккури заҳарланган ёшларга ўзларининг ёт ғояларини сингдириб, улардан ўз мақсадларини амалга оширишда фойдаланади. Биргина Сурия, Ливия, Ироқда бўлаётган тўнтаришлар, Афғонистон, қўшни Тожикистондаги ғалаёнлар – буларнинг ортида бойлик орттиришни кўзлаган ғаламислар тургани ҳеч биримизга сир бўлмаслиги лозим.
Бугунги кун биздан огоҳликни талаб қилмоқда. Дунёда муаммолар бор экан, албатта, уларнинг ечими бор. Агар ечими бўлмаса, у ҳолда муаммо ҳам бўлмас эди. Бугун тез-тез кўзга ташланиб тураётган Ватанга хоинлик, миллатига қарши ҳаракатларнинг олдини олиш чоралари юрагида шу юртга нисбатан муҳаббат ҳисси бўлган ҳар қандай кишини ўйлантирмасдан қолмайди. Бундай муаммоларни бартараф этиш учун, бизнингча, қуйидагиларга алоҳида эътибор бермоқ лозим:
— аввало, ёшларда ватанпарварлик ҳиссини шакллантириш керак. Бу мақсадни амалга ошириш учун турли тарғибот-ташвиқот ишларидан ташқари, миллий телеканалларимиз орқали ватанпарварлик туйғуси билан суғорилган филмлар намойиш этилиши лозим. Бундай хулосага келишимга бир воқеа сабаб бўлди. Апрел ойида университет талабаларига бир неча бор ёшлар марказида филм намойиш этилди. Шунда залнинг охирги қаторида ўтириб филмни кўриш жараёнида ёшларни  кузатдим. Бош ғояси ижтимоий-маиший муаммолар бўлган филмни кимдир телефон ўйнаб, кимдир ёнидаги ўртоғи билан суҳбатлашиб, яна кимдир эса шунчаки қизиқиб томоша қилди. Бироқ кейинги сафар “Сотқин” номли ватанпарварлик туйғуси уфуриб турган филм намойиш этилди. Мендан бир қатор олдинда ўтирган ёшлар филм бошида роса гаплашиб, телефон ўйнаб, Интернетга кириб турган эди. Бироқ филм воқеалари ривожланиб борган сари залда шовқин камайиб борди. Филм ҳатто “10 минутдан сўнг кетмоқчи бўлганлар”ни ҳам экран қаршисига қайта ўтқизди. Олд қатордаги энг бепарво бола ҳам телефонни бир чеккага қўйиб, филмни зўр қизиқиш билан охиригача томоша қилди. Мен эса шундай хулосага келдим: демак, биз ёшларга ҳис-туйғуларимизга таъсир эта оладиган даражадаги реал ҳаётни тасвирлаган ҳақиқий филмлар керак;
— таълимнинг тарбияловчилик хусусиятини янада ошириш лозим;
— маҳаллаларда турли хил ташвиқот ишлари олиб бориш билан бирга, маҳаллаларнинг ўз фуқароларига бўлган эътиборини кучайтириш лозим. Сабабики, ҳар қандай ёвуз кучлар қайсидир маконда “ин қуради”.
Демак, биз бирлашсак, тинчлик учун жам бўлиб курашсак, ҳеч қандай куч бизни енга олмайди.
Президентимиз бошчилигида мамлакатимизда биз ёшлар учун кенг имкониятлар яратиб берилган. Айниқса, таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами шу қадар кенгки, буни бутун дунё эътироф этмоқда. Бу соҳада дунёда энг олдинги ўринларда турамиз. Ёшларнинг бўш вақтларини самарали ўтказишлари учун турли хил спорт тўгараклари фаолият олиб бормоқда. Таълим масканларининг энг сўнгги моделда жиҳозланиши, иқтидорли ёшларни топиб уларни давлат томонидан тақдирланиши – барчасида эртанинг эгалари ҳисобланган ёшлар тарбияси масаласи ётади. Мақсад уларда эътиқодни кучайтириш, мафкурасини мустаҳкамлаш, юрт фидойиси қилиб тарбиялашдир. Юксак билим ва салоҳиятга эга бўлган иродаси мустаҳкам маънавиятли шахсни ҳеч қандай мафкура билан ҳам йўлдан уриб бўлмайди.
Хулоса қилиб айтганда, бизнинг эндиги бурчимиз яхши ўқиб малакали мутахассис бўлиш билан бир қаторда, атрофимизда бўлаётган ўзгаришларга диққат билан назар ташлаш, қўни-қўшни, дўст-у биродарларимизни ҳам огоҳликка даъват этишдир. Биз кимларнидир бу каби жиноят кўчасига қадам ташламасларидан бу йўлдан қайтара олсак, нафақат инсоний бурчимизни, балки давлатимиз раҳбарининг бизга билдирган юксак ишончларини ҳам оқлай олган бўламиз.

М.Қурбонбоев
Гурлан тумани “Шайх Жалоладдин гургоний бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.