НАФСИГА ЧИН ОДОБ БЕРГАНЛАР АЪЛО

Нафс тарбияси, Ислом динининг асосий йўналишларидан биридир. Кимки нафсини жиловлай олмаса дунё ва охиратда ҳалокатга йўлиқади. Дунё ва охиратда олий мартабага ноил бўлишлик эса нафсни жиловлаш билан бўлади.
Донишмандлар шундай дейдилар:
Аллоҳдан кўра улуғроқ дўст бор деб ўйлаган кишининг, Аллоҳни танишлиги сусайибди. Нафсидан кўра ёмонроқ душман бор деб ўйлаган киши, нафсини яхши танимабди.
Яна айтадилар:
Ақли — амир, нафс ҳавоси асир бўлган кишига қандоқ ҳам яхши. Нафсу ҳавоси — амир, ақли — асир бўлганларнинг ҳолига вой!
Умар розияллоҳу анҳунинг айтишларича, денгизлар сони тўрттадир:
Кибру ҳаво — гуноҳлар денгизидир.
Нафс — шаҳватлар денгизидир.
Ўлим -умрларнинг денгизидир.
Қабр — надоматлар денгизидир. (Мунаббиҳот)

Имом Ғаззолий бу борада шундай насиҳатлар қилган:
Эй инсон, билиб қўйки, доим ёмонликни хоҳлаб турадиган нафс, сенга шайтондан ҳам душманроқдир. Шайтон нафсингнинг ҳою-ҳаваси билан бўйнингга миниб олиб, сени Аллоҳнинг йўлидан чиқариши мумкин. Нафсинг эса сени беҳуда амаллар ва қуруқ хаёллар билан алдаб қўюр! Чунки нафс табиатан тинчлик-осудаликни, лоқайдлик, ғафлат ва бепарволикни ёқтиради ва умрни танбаллик билан ўтказишни истайди.
У доимо беҳуда ва ботил (бузуқ) нарсаларга ўралашади. Беҳуда кибрга берилади. Агар нафсингдан мамнун бўлиб, унинг хоҳишларига юрсанг, манзилинг фалокатдир, ўлимдир. Янглиш ҳисоблар ва хом-хаёлларингдан хабардор бўлмасанг, охири чўкишинг муқаррардир.
Агар нафсга «тўхта!» дейишга ожизлик қилсанг, у сени ёнғинга олиб боради. У ҳолда асло яхшиликка қайтиш умиди йўқдир.
Нафс балоларнинг боши, разолатларнинг манбаидир. Шайтон учун гуноҳ хазинаси бўлган нафсни яхши кўрган одам, яратганни таний олмайди.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) буюрадилар:
— Яхши мавзуда бир соат мулоҳаза қилмоқ, ўйламоқ, бир йиллик ибодатдан яхшироқдир.
Ақлли мусулмон бўламан деган одам, ўтмишда қилган, ё ҳозир қилаётган хатоларидан ва гуноҳларидан воз кечсин, ўзини Аллоҳга яқинлаштирадиган гўзал феъл-атворлар тўғрисида ўйласин ва уларга соҳиб бўлиб, охиратини қутқарсин, қуруқ ва охири номаълум амаллар қилмасин, ёмон феъл ва туйғуларни тарк этишга шошилсин, доимо Аллоҳни хотирада тутсин, ҳаром ва таъқиқланган нарсаларга яқинлашмасин, нафсининг ғайри ахлоқий ва ғайри машруъ истакларидан қочиб, сабру сабот кўрсатсин, нафсининг ахлоқий бўлмаган шаҳвоний истакларига тобе бўлмасин!
Расулуллоҳ (са.в.) буюради:
— Қалбларингизни очлик билан нурлантирингиз, нафсингиз билан курашиб, уни тарбиялаб олмоқ учун очликни ва ташналикни қурол сифатида ишлатинг. Жаннат эшигига бош уришларини очлик билан давом эттиринг! Нафсни тарбиялаш учун унинг билан жанг килган кишининг мукофоти жанггоҳда душман билан уришганнинг мукофоти сингаридир.
Аллоҳнинг ёнида бўлмоқ учун, нафсни очлик ва ташналик билан тарбиялашга интилишдан гўзалроқ амал йўқ. Кимки меъдасини узлуксиз тўлдириб юрса, маънавият оламига киролмайди. Маънавиятдан завқ ололмайди ва ибодатнинг мазасини ҳам ҳис қилмайди.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) буюрадилар:
Тўйгунча еб-ичиб, қалбларингизни ўлдирманг! Қалб бир ниҳолга ўхшайди. Ниҳолга ошиқча сув берилганда қандай сарғайиб сўлса ва ўсишдан тўхтаса, худди шундай қалб ҳам ортиқча сувдан ўлади, бундай одамда тоза фикр ва инсоний феъл-атворлар қолмайди.
Олимларнинг баъзилари, меъдани-қалбнинг остида қайнаётган ва буғларини қалбга қарата пуфлаётган бир танжарага (кострюлкага) ўхшатадилар. Буғ қанчалик кўп бўлса, босган жойни шунчалик безовта-беҳузур қилади ва қоронғилаштиради. Шунингдек, меъда ҳам қай даражада кўп, тўлдирилган бўлса, шу даражада ортиқ қораяди ва кучсизланади.
Ундан ташқари, кўп еган одамнинг акли заиф бўлади, илм ўргана олмайди. Чунки, доимий тўқлик ва мечкайлик ақлни кўр қилади.
Ақли бўлган одам, нафснинг шаҳвоний ҳавасларини очлик йўли билан маҳв этади. Аллоҳ ўртага қўйган ахлоқ асосларини оёқ ости қилган нафсни, фақат очлик тарбиялай олади. Чунки ҳавойи орзулар, еб-ичишлар, кишини тўғри йўлдан чиқариш учун, шайтоннинг қўлидаги қуролдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг Расули (с.а.в.) буюради:
— Шайтон инсоннинг қон томирларида айланиб юради. Унинг йўлини очлик билан тўсиб ташланг. Қиёмат куни Аллоҳга инсонларнинг энг яқин бўлгани, кўпроқ оч ва ташна юрганлардан иборат бўлади (Бу ҳадис шундай шарҳланади: калорияси кучли ва кўп овқат егувчи кимсалар тез йўлдан озадилар, чунки бу ҳолда қон серҳаракат бўлади. Нафс шундай ҳолга етадики, энди у ҳаром-ҳалол, машруъ-ғайримашруъ демай, ҳар нарсани ураверади.
Ҳолбуки, эҳтиёж миқдорига риоя қилган ҳолда овқатланилса, нафс бузилмайди, одам йўлдан озмайди.

«МУКОШАФАТУ-Л-ҚУЛУБ»дан
Аллоҳ жонлиларни уч тоифада яратган:
1-малаклар: Аллоҳ малакларга фақат ақл берган, доимо ҳою ҳавасга майл қилинадиган нафс бермаган. Демак, малакларда гуноҳ қилишга мойиллик йўқ.
2-ҳайвонлар: Аллоҳ ҳайвонларга биз тушунган маънода ақл бермаган, фақатгина нафс берган.
3-инсонлар: Аллоҳ инсонларга ҳам ақл, ҳам нафс берган. Шундай бўлгач, инсон зоти учун энг катта хатар меъдадан ва ейиш-ичиш ҳирсидан келади. Одам ила Ҳаво — уларга Аллоҳнинг саломи бўлсин–меъданинг ҳирси туфайли жаннатдан қувилиб, хорлик ва йўқлик майдонига тушурилган. Чунки Аллоҳ уларга мева ейишни таъқиқлаган эди.
1. Кимнингки нафси ақлдан ғолиб келса ва шу нафсининг ҳавойи истакларига кўра ҳаёт кечирса, у ҳайвондан ҳам тубанроқ, яъни ҳайвонлар ундан яхшироқдир.
2. Кимнингки ақли нафсидан ғолиб келса ва ҳаётини Аллоҳ ўртага қўйган ахлоқ асослари доирасида ўтказса, у малаклардан ҳам устундир.
Нафс билан кураш борасида Аллоҳ буюради: «Биз Аллоҳ йўлида курашувчи кишиларга албатта ўз йўлларимизни кўрсатамиз. Шубҳасизки, Аллоҳ ҳар қайда яхшилик килувчилар билан биргадир».
Бир куни Пайғамбаримиз марҳамат қилдилар: «Энг фазилатли кураш, нафс тарбияси учун қилинадиган курашдир».
Жанглардан қайтган саҳобалар, дер эдилар: «Биз кичик жиҳоддан қайтдик, катта жиҳодга келдик!» Улар шу пайтгача олиб борган барча курашларини кичик жиҳод, нафс тарбияси учун курашни гўзал ва ахлоқли бўлиш учун олиб борган катта жиҳод дер эдилар.
Нафс инсонни ҳар доим тўғри йўлдан оздириши мумкин, шу боис у билан тинимсиз курашиш керак. Нафс ва уни васвасага солувчи шайтон эса кўзга кўринмайди. Кўриниб турган душман билан олишиш, кўринмаётган душман билан олишишга қараганда осонроқки, буни айтиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Яна васвасачи шайтон, инсондан ўзига ёрдамчи топади. Бу нафснинг ҳавойи орзуларидир.
Агар шайтон ва нафс, инсонни йўлдан оздирса, у киши Аллоҳнинг азобига дучор бўлади. Айнан бу борада бир ҳикматли сўз бор, айтадиларки: «Қайси жангчининг оти жанггоҳдан қочса, душманнинг қўлига тушади лекин, кимнинг иймони ўзидан қочса, Аллоҳнинг азобига учрайди. Иймонни қочирмаслик учун, Аллоҳга сиғинамиз. Душманга асир тушганнинг балки қўли боғланмас, оёғига кишан урилмас, оч-яланғоч қолмас. Лекин ким иймонини қочирган бўлса, Аллоҳнинг ғазабига учрайди, юзи қораяди, қўли бўйнига боғланади, оёғига оловдан кишан урилади, ейдигани, ичадигани ва киядигани оловдан бўлади».
Аллоҳ таоло барчаларимизни ўзининг йўлида бардавом бўлишлигимизни шунингдек, инсонийликка хос фазилат билан яшашлигимизни ўзи насиб айласин.

Қ.Машарипов
Урганч шахар “Мискин бобо” масжиди
имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *