МАФКУРАВИЙ ТАХДИДЛАРГА ҚАРШИ КУРАШДА ИМОМ-ХАТИБЛАРНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

Инсоният янги минг йилликка қадам қўяр экан, унинг хоҳиш — истаклари, мақсад ва маслаклари ҳам ундаги тафаккур тарзи каби янгича тарзда тараққий этиб, ҳудудлар, чегараларни “глобаллашув” деб аталмиш ниқоб ортидан кесиб ўтди. XX асрда йирик сиёсий кучларнинг дунёга ҳукмронлик қилиши, ер юзида ўз таъсир доираларини ошириб бориш сиёсати, бугун бу борадаги услуб ва воситаларнинг янгича такомиллашувига сабаб, ғоявий таъсир ўтказишга қаратилган ахборот, мафкура хуружи кўринишида қайтадан намоён бўляпти.
Динимиз жамиятда барча шароит ва ҳар қандай ҳолатда ҳам кишиларга тасалли берувчи, кишиларни ўз эътиқоди доирасида бирлаштириб, уларнинг ҳаётини бошқариб турувчи вазифасини бажариши бизга маълум. Айни мана шундай энг нозик ва муқаддас туйғулар номидан инсониятни ўз йўлидан чалғитиш, эътиқод асосига йўғрилган бузуқ ва асоссиз (ақидапараст оқимларнинг даъво қилаётган “ҳақиқий ислом арконлари” ҳеч қандай илмий ва шаръий асос ва далилларга эга эмаслиги, балки ислом дини таълимотига бутунлай зид эканлигини дунё уламолари исботлаб бўлди) ақидаларни инсонлар онгига “жойлаштириш” бу энг катта хавф-хатардир.
Шукрки, экстремистик тўдаларнинг “такфир”, “жиҳод”, “шаҳидлик”, “ҳижрат” каби олға сураётган даъволарининг нечоғлиқ ўз мақсадлари йўлидаги “ҳақиқат томон” қўйилган тузоқ эканлиги, бу тушунчаларнинг асл моҳияти, тарихи ҳақидаги аниқ билимларни етказиб бераётган адабиётлар, қўлланмалар сони ортмоқда. Халқ пешвоси, маърифат маёғи саналувчи имом-хатибларимиздан энди ана шу билимларни пухта ўзлаштириб кенг жамоатчиликка батафсил етказиш, уларни бу каби фитна-фасод, бузғунчилик мафкурасига йўғрилган таълимотлардан саломат сақлай олишдек улкан масъулият талаб этилади.
Президентимиз уламолар, нуроний отахонлар ва жамоатчилик вакиллари билан бўлиб ўтган учрашув чоғида мамлакатимиздаги осойишталикни қўшни давлатлар ва араб мамлакатларида содир бўлаётган нотинчликлар мисолида теран англаш ҳамда бу борада уламолар, имом-хатибларнинг вазифалари тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтдилар. Давлатимиз раҳбарининг: “Имом-хатибларнинг ён-атрофимизда бўлаётган ўзгаришларни чуқур англаб, халқимизга теран тушунтириб бериш борасидаги долзарб вазифаларини жуда юқори баҳолайман ” деган гаплари бизни ниҳоятда тўлқинлантирди ва янада жадалроқ, самаралироқ меҳнат қилишга рағбат уйғотди. Шундай экан, ушбу масала юзасидан қуйидаги фикр-мулоҳазаларни билдириш ва имом-хатибларга зарурий тавсиялар беришни лозим деб топдик:
Имом-хатиб дунёда юз бераётган жараёнларни доимо кузатиб бориши, атрофидаги воқеъликка нисбатан ўз фикри, дунёқарашига эга бўлиши, ижтимоий-сиёсий вазиятни тўғри таҳлил қила олиши лозим. Ислом дини номидан ҳаракат қилаётган вайронкор кучлар томонидан олға сурилаётган “жиҳод”, “шаҳидлик”, “ҳижрат” каби тушунчаларнинг асл моҳияти, тарихини аниқ ва равон услубда халққа етказиш. Кишиларнинг бу борадаги билимларини шакллантириш натижасида ғоявий бўшлиқни тўлдириш. Юртимизда амалга оширилаётган ҳар бир соҳадаги ислоҳотлар, ўзгаришларнинг барчаси-инсон манфаатлари, кишиларнинг фаровон турмуш тарзи йўлида амалга оширилаётганлигини тўғри англаши ва халққа етказа олиши лозим.
Одамлар қалбида бугунги тинч ва осуда дамларимизга шукроналик ҳиссини теварак-атрофдаги вайронагарчиликлар, дин номидан содир этилаётган ваҳшиёна ҳатти-ҳаракатлар мисолида ҳис эттириш. Ҳар биримиз жондан азиз фарзандларимизни, ўз оиламизни асраганимиз каби динимизни, юртимизни турли бузғунчи кучлар адоватидан асрашимиз лозимлигини тушунтира олиш даркор. Жамиятда ўзаро бирдамлик, жипсликни таъминлашда жонбозлик кўрсатиш. Юртимиз мусулмонларини муқаддас динимизнинг мусаффо ақидаси байроғи остида бирлаштириб, эзгулик ва бунёдкорлик ишларида ҳаммаслак бўлиб ҳаракат қилишлик лозим. Тарғибот тадбирларини жамоат бирлашмалари, таълим муассасалари, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш идоралари ва бошқа жойларда олиб борилганда янги ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш алоҳида аҳамиятга эга эканлигини унутмаслик лозим.
Бугунги ўта мураккаб ва таҳликали даврда имом-хатиблар зиммасида улкан ва залворли вазифалар турганини доимо ёдда тутишимиз лозим. Ушбу воқеъликлар бизни четлаб ўтади, деб ҳисоблаш ўзимиз ўтирган шохга болта уриш билан баробар. Қадимдан илдизлари мустаҳкам, дунё ҳавас қилгулик бой тамаддунимиз, бебаҳо қадриятларимиз ила жаҳонда ўз сўзимиз, ўз ўрнимизга эга халқ бўлиб келганмиз, иншааллоҳ, келажакда ҳам шу мавқеимизни сақлаб қоламиз.
Бунинг учун барчамиз ўз бурчимизни сидқидилдан адо этсак бас. Аллоҳ таоло “Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин! Айнан улар (охиратда) нажот топувчилардир. Ҳужжатлар келгандан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофга берилган кимсаларга ўхшамангиз! Ана ўшаларга улкан азоб бордир” (Оли Имрон, 104-105), дея марҳамат қилади. Илоҳим, барчамизни динимизнинг, қолаверса, инсониятнинг асл фитрати бўлмиш эзгулик, меҳр-мурувватга, яхши амалларда ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликка чорлаш саодатини насиб этсин.

 

 

Э.Қутлиев
Хонқа туман “Жирмиз ота” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *