Саломлашиш ислом шиорларидан биридир

Салом – кишиларнинг ўзаро учрашганларида урф-одатга кўра бир-бирларига айтадиган сўзларидир. Маълумки, Ислом тинчлик ва тотувлик дини ҳисобланади, хусусан, динимизда суннат ҳисобланган саломлашиш бунга далил бўлади. Салом берувчи “Ассалому алайкум”, яъни “Мен сизга тинчлик тилайман” ва алик олувчи “Ва алайкум ас-салом”, яъни “Мен ҳам сизга тинчлик тилайман”, деган сўзлар билан ифода этилиши суннатдир. Бу иборалар орқали жамият аъзолари бир-бирларига тинчлик-тотувлик сўрайдилар.

Демак, саломлашиш мусулмоннинг ҳаётида ўта муҳим амал ҳисобланиб, киши иймонининг комил бўлишига ва одамлар орасида муҳаббат ҳосил бўлишига сабабчи бўлади. Инсонлар бир-бирлари билан саломлашишларининг тарихи жуда қадим замонларга етиб боради, хусусан унинг “Салом” сўзи билан бўлган ифодаси кўҳнадир.

Аллоҳ таоло салом сўзини биринчи бўлиб, башарият отаси Одам алайҳис-салом ҳаёт тарзларига киритган эди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб айтдилар:

яъни: “Аллоҳ таоло Одам алайҳис саломни  яратгандан сўнг у кишига: “Анави ўтирган фаришталарнинг олдига боргинда, салом бергин. Сўнг уларнинг сенга берадиган алиги (жавоби)ни яхшилаб эшитиб олгин, чунки бу сенга ва сендан тарқаладиган зурриётларинг учун саломлашиш бўлади!” – деди. Одам алайҳис-салом бориб, “Ассалому алайкум” – дедилар. Фаришталар: “Ассалому алайка ва раҳматуллоҳи!» – деб алик олишди. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Ҳақ таоло салом ва унинг жавоби чиройли суратда бўлиши ҳақида марҳамат қилиб айтади:

яъни: “Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз…” (Нисо сураси, 86-оят).

Ушбу ояти каримадан салом берилганда жавоб берувчи унга саломнинг ўзидек ёки унданда чиройлироқ жавоб қайтариш лозимлиги келиб чиқмоқда.

Хар бир қавмнинг хар бир халкнинг, хар бир миллатнииг ўзига хос саломлашиш услуби бор. Саломлашиш услуби ва иборалари хамда одатлари ўша халқнинг қандай халқ эканлигидан дарак бериб туради. Исломдаги саломлашиш энг гўзал ва энг маъноли саломлашишдир. Исломда танигангаю танимаганга салом бериш суннатдир. Саломга алик олиш эса, вожибдир.

Пайғамбар соллаллоху алайхи васалламдан: «Қайси амал энг яхши амалдир?» деб сўралганда, у зот: «Таниган ва танимаган одамга таом ва салом бермоғинг», деб жавоб бердилар.

Демак, салом берувчи “Ассалому алайкум” деса, “Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ” деб алик олинади. Агар у “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ” деб салом берса, “Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ” деб алик олинади.

Мазкур ояти карималарда Аллоҳ таоло инсонлар ҳаёти доимо тинчлик ва осойишталикда кечиши муҳим эканлиги ва улар бунга эришишда ўзаро саломлашиш нақадар катта аҳамиятга молик эканлигини таъкидланмоқда. Саломлашишда салом берувчига тегишли бир қанча одоблар бор:

1.Саломни “Ассалому алайкум” деб тўлиқ ва чиройли шаклда бериш. “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ” деб айтса янада яхши. Бундан бошқа сўзлар билан салом бериш саломлашиш одобларига зиддир.

2.Киши доимо аввал салом беришга интилиши керак. Зеро, бу борада Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли намуна бўлганлар. У зот йўлиққан ҳар бир кишига доим биринчи салом берганлари ҳадисларда таъкидланган.

3.Шунингдек, инсонларнинг ҳолатларига қараб ҳам ким кимга салом бериши кераклиги таъкидланган. Масалан, уловдаги киши пиёдага, пиёда киши ўтирганга, ёши кичиклар ёши катталарга, озчилик кўпчиликка ва юқори мавқедаги киши пастроқ мавқедагига аввал салом бериши фазилат ҳисобланади.

Афсуски, кейинги пайтларда ёш-у қари орасида салом бериш тобора камайиб бормоқда. Айримлар ҳатто таниган яқинига ҳам базўр салом беради. Мўмин банда қаерда бўлмасин, қаерга кирмасин, ким билан учрашмасин, биринчи калимаси “Ассалому алайкум” бўлиши суннатдир.

Х.Аҳмедов

Шовот тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *