Ислом илму-маърифат ва эзгулик динидир

Барчамизга маълумки, Ислом дини тинчлик ва омонлик дини бўлиб, у доимо инсонларни аҳиллик бирдамлик ва тотув яшашга, нафақат инсоният балки, нохақ бирор жонзотга, атроф муҳитга зарар етказмасликка  ва илму маърифатга чақиради. Бизнинг диёримизга ҳам ислом дини кириб келгандан буён  буюк аждодларимиз, мужтаҳид уламоларимиз томонидан Қуръони карим, ҳадиси набавияга асосланган  ва мўътадил ҳанафий мазҳаби таълимотига мувофиқ бўлган шоҳ асарлар яратилди.

Шундай буюк олимларнинг бой меросини чуқур ўрганиш, муборак динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини кенг ёйиш мақсадида, 2023 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 78-сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш таклифини илгари сурган эди.

Ушбу ташаббусга мувофиқ, 2024 йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказилади.

Дарҳақиқат, Ислом тинчлик, ҳамжиҳатлик ва омонлик динидир. Муқаддас Қуръони каримда: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” , дея хитоб қилиниши барча бирдек тинчлик-осойишталикни таъминлашга масъул эканига ундайди.

Шу боис, нуфузли халқаро тадбирда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллари, АЙСЕСКО, ИРСИКА каби халқаро ислом ташкилотлари раҳбарлари, Саудия Арабистони, Миср, Россия, Туркия, Озарбайжон ва Марказий Осиё давлатлари муфтийлари, Покистон, Ҳиндистон, АҚШ ва Европа давлатларининг таниқли уламолари ҳамда тадқиқотчилари иштирок этади.

Мазкур конференцияда бугунги ниҳоятда мураккаб ва таҳликали даврда минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича маърузалар ўқиш, ўзаро тажриба алмашиш ва бу йўналишда ҳамкорлик қилиш масалалари кенг муҳокама қилинади. Зеро, мустаҳкам тинчлик ва фаровонликка биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан эришилади.

Маълумки, тарихда нафақат ислом дини тараққиёти йўлида, балки, дунёвий илм-фан ривожи йўлида мутафаккир юртдошларимиздан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Аҳмад Фарғоний, Беруний, Ибн Сино каби юзлаб алломалар муносиб хизмат қилганлар. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «То мўмин бўлмагунларингча жаннатга кирмайсизлар, то бир-бирларингга меҳр-мурувватли бўлмагунларингча мўмин бўлмайсизлар» (Имом Муслим ривояти), деган таълимлари бизларни ўзаро меҳр-мурувватли бўлишга чорлайди.

Атрофдагиларга тили ва қўли ила азият етказмаган, кечиримли бўлган, ҳеч кимга душманлик қилмаган, муросали бўлган кишининг обрўси ортиб бораверади. Ширин сўз ва яхши муомала меҳру оқибат калитидир. Шунинг учун Парвардигор ўзининг каломи шарифида мўминларни ширин сўз бўлишга чақиради. Ҳадисда: «Ким бирор кишини яхши ишга далолат қилса, унга ўша яхшиликни бажарганнинг савоби берилади», дейилган (Имом Муслим ривояти). Демак, бир-биримизни яхши ишларга чақирсак, муҳтож кишиларга мурувват кўрсатишга далолат этсак, қилинган хайру эҳсоннинг савоби бизга ҳам етаркан. Ширинсўзлик ва яхши муомала тил орқали бўлиши маълум. Шу боис тилга катта эътибор берилади.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, мазкур ҳолатларни эътиборга олган ҳолда, ҳозирги даврда ислом дунёсининг барча олим ва уламолари ҳамкорликда ислом таълимотини соф ҳолда асраб-авайлаш, унинг аҳкомларини бузиб кўрсатишга ҳаракат қилаётган ёвуз кучларга қарши маърифий услублар билан курашишни янада фаоллаштиришни зарурий ишлардан деб ҳисоблайдилар. Биз ҳам бу фикрга қўшилган ҳолда, юртимиздаги тинч, осуда ҳаётни сақлаш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарз ҳисобланади.

 

Муҳаммадамин Муҳаммадзариф

Урганч тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *