МУСТАҲКАМ МАФКУРАВИЙ ИММУНИТЕТ-ЁВГА ҚАЛҚОНДИР

Мустақилликнинг тақдири, Ўзбекистоннинг келажаги, биринчи навбатда, ёшларга, уларнинг амалий фаолиятига, ахлоқий баркамоллигига, ғоявий-сиёсий етуклик даражасига, миллий ўзлигини қанчалик чуқур ва мукаммал англаб олишларига бевосита боғлиқ. Жамият тараққиётини, мустақиллик билан боғлиқ бўлган улкан вазифаларни бажаришга оммани сафарбар этишни мафкурасиз тасаввур этиш мумкин эмас.
Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда ёшларнинг ижтимоий фаоллиги ўсиб бораётганлигини кузатиш мумкин. Бу борада уларда шаклланаётган ижтимоий ва мафкуравий тушунча ва ғояларнинг аҳамияти каттадир. Ёшлар тафаккурида миллий ва маънавий мафкурасини шакллантириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, аждодларимиз меросига, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш муҳим аҳамиятга эга.
Минтақамизда ёшлар маънавий хавфсизлигини таъминлаш заруриятининг сабабларидан бири шундан иборатки, бозор иқтисодиёти чет эл сармоялари, замонавий техника ва технология, бозорни шакллантириш усуллари билан бир қаторда мамлакатимизга ўзининг маданияти, турмуш тарзи, дунёқараши ва тасаввурларини ҳам олиб кирмоқда. Бу табиий жараён, албатта ва уни ҳеч қандай тўсиқ билан тўхтатиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам кейинги пайтда ҳудудимизга айрим нохуш маҳсулотлар кириб, кенг тарқала бошлади.
Бу маҳсулотлар “оммавий” маданият таъсири остида шаклланган тасаввур ва маданий “тўлқинланишни” ўзида мужассамлаштирган, ўз “жозибадорлиги”, кўп йиллар давомида “мумкин бўлмаган” мавзуларни ўзида акс эттирганлиги билан айрим ёшларимизни ўзига ром этмоқда. Ёшлар орасида сочи “олинганлар”га, скхиндерларга ва чет эл қўпол металлистларига ихлос қўйганлар учрамоқда.
Масаланинг иккинчи томони, афсуски, ҳозирги кунда ҳам орамизда маънан қашшоқ, дунёқараши тор, ўзини-ўзи ўйлайдиган одамлар учраб туришидадир. Айнан шундай кимсалар афюн маҳсулотларига бўлган талаб бозорини вужудга келтирадилар. Хорижий мамлакатлар ҳаётига кўр-кўрона, беморларча ҳавас қилаётган ёшлар ҳам учрамоқда.
Турли йўналишдаги ҳаракатлар, оммавий маданият таъсири остида шаклланган қарашлар бугунги кунда бизнинг ўлкамизга ҳам кириб келмоқда ва ўз салбий таъсирини ёшларимизга кўрсатиши мумкин. Уларнинг олдини олиш, ёшларимиз онгининг заҳарланишига йўл қўймаслик муҳим аҳамиятга эга.
Таҳдид ҳақида гапирар эканмиз, энг аввало, диққат ва эътиборимизни XХ аср охирига келиб кучайган умумсайёравий муаммоларга қаратмоғимиз лозим. ҳозирги кунда ана шундай муаммолар қаторида террорчилик, гиёҳвандлик, диний экстремизм ва ақидапарастлик каби иллатларни алоҳида таъкидлаш мумкин.
Дарҳақиқат, терроризм кўпгина давлатларда жиддий хавфга айланиб, халқаро миқёсдаги муаммо бўлиб бормоқда. Бу ёвузликка қарши самарали кураш олиб бориш учун курашнинг янги, ноанъанавий шакллари ва усулларини ишлаб чиқиш зарур. Хусусан, ҳар қандай тажовуз ва террорчилик хуружларининг олдини олиш, уларнинг мафкуравий заминини йўқотиш ва аввало, ёшларимизнинг қалби ва онги, соғлом тафаккури учун курашни тақозо этмоқда.
Чунки, ҳозирги пайтда Интернет тармоғида деярли барча радикал ислом ташкилотларининг сайтлари бор. Ушбу сайтларнинг кўпчилиги Интернетда ўзига хос тармоқни ташкил қилади. У, ўз йўналиши жиҳатидан, таъбир жоиз бўлса, виртуал жиҳоддир. Сайтларнинг аксарият кўпчилиги жиҳод ғояларини, ғарбга қарши ҳамда ислом мамлакатларидаги исломдан чекинганликда айбланаётган ҳукмрон тузумларга қарши кураш ғояларини тарқатмоқда.
Бунинг учун нима қилиш керак? Демак, биз бегона, беқарорлаштирувчи мафкурага – мустаҳкам миллий ва маънавий мафкурамизни, жисмоний азоб ва қон тўкилишларга — меҳр-мурувват, диёнатсизликка – руҳий поклик, беҳаёликка – камтаринлик, бемаъниликка – маънавий бойлик, бошқача айтганда, халқимизнинг кўп асрлик тараққиёти давомида яратилган Шарқона ахлоқ-одоб қоидаларини, юксак маънавият ва бой маданиятимизни, қадриятларимизни қалкон қилиб қўйишимиз керак. Биз маънавий хавфсизлик ҳақида қайғурар эканмиз, энг аввало, фуқароларда юксак маънавиятни шакллантиришнинг аҳамияти қанчалик баланд эканлигини тушуниш муҳим аҳамиятга эга.
Биз ҳам фарзандларимиз юрагида она – Ватанга, бой тарихимизга, ота – бобаларимизнинг муқаддас динига соғлом муносабатни қарор топтиришимиз, уларнинг мафкуравий иммунитетини кучайтиришимиз зарур. Токи, улар миллий илдизлари бақувват, дунёни чуқур англайдиган, замон тараққиёти билан баробар қадам ташлайдиган инсон бўлиб етишсин.

Раҳимов Аминбой
Ҳазорасп тумани Сулаймон Боқирғоний масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.