ИСЛОМ ДИНИ ИНСОНИЙ ФАЗИЛАТЛАРНИ АСРАБ-АВАЙЛАШГА ЧОРЛАЙДИ

Миллий ва диний қадриятларимиз билан чамбарчас боғланиб кетган муқаддас динимиз – ислом динида ҳам инсон, шахс манфаати энг биринчи ўринга қўйилади. Зотан, ислом динининг нозил қилинишининг бош сабаби ҳам ва бу муқаддас диннинг асл моҳияти ҳам инсон манфаатини олийларга кўтариш эди.

Қуръони каримнинг бир қатор ўринларида, бу умуминсоний юксак қадрият алоҳида таъкидланган. Инсон манфаатлари ҳақида сўз юритилар экан, аввало ислом дини инсон зотига дунёдаги барча нарсалар унга беминнат хизмат қилиши учун яратилган зот сифатида қарашлигини алоҳида таъкидлашимиз лозим. Ислом инсон учун лозим бўлган маънавий ва моддий манфаатлар уйғунлигини ўзида мужассам эта олган диндир.

Шунинг учун ҳам мусулмон кишисига яхшилик эшиклари доимо очиқ. Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади. Савоб ишлар сирасига яхши ва эзгу ишлар, яъни жамиятга фойдаси тегадиган амаллар киради. Шу жумладан, қуйидагиларни ҳам кўрсатиш мумкин: хайру саховат, муҳтожлар ва етимларга яхшилик қилиш, омонатдорлик, кечиримлилик, қариндош-уруғ билан силаи-раҳмда бўлиш, яхши қўшничилик, беморларни зиёрат қилиш, илм олишга ҳаракат қилиш ва ёшларни илмга даъват қилиш, жамиятда тинчлик-хотиржамликни таъминлашда фаол бўлиш; гуноҳ-маъсият ишлардан тийилиш ва ҳоказо.

Ҳар-бир яхшилик бесамар қолмайди. Банданинг ихлоси, ниятига қараб, зарра миқдоридаги амалига ҳам Аллоҳ таоло ажр беради. Мўъмин ҳалол меҳнат қилиб, ўзига, оиласига нафақа қилиши, ортганидан муҳтожларга улашиши, мазлумга ёрдам бериши, ожизларнинг ҳолидан хабар олиши, кишиларни яхшиликка чақириши, ёмонликдан қайтариши ва гуноҳлардан тийилиши айни савобдир. Аммо санаб ўтилганлардан баъзисига қурби етмайдиган ожиз киши яхши ният қилса, яхшилик йўлида имкони борича ҳаракат қилса, ҳеч бўлмаганда, ёмонликни тарк этса ҳам охиратда даражаси юксалади.

Муфассир уламоларнинг таъкидлашларича, “эзгу ишлар” деганда Аллоҳ ва бандаларининг ҳақ-ҳуқуқларидан иборат барча яхшиликлар, жумладан, Аллоҳга ибодат қилиш ва одамларга манфаат етказиш тушунилади. Одамларга манфаат етказувчи инсоннинг мартабаси шу даражада юксалтирилдики, у Аллоҳга энг суюкли ва маҳбуб бўлган бандалар қаторидан жой олди. Набий алайҳиссаломга “қайси одам Аллоҳга энг суюкли бўлади?” дея савол беришганда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “одамларнинг Аллоҳга энг маҳбуби инсонларга энг кўп манфаат етказувчисидир”, деб марҳамат қилдилар (Табароний ривояти).

Оламдаги барча маҳлуқотларнинг ашрафи бўлган инсон илоҳий каромат, иззат ва қадриятларнинг соҳибидир. Аллоҳ таъоло инсонни ўзининг Ердаги халифаси деб атаб, унинг мақом-мартабасини жуда юксак кўтарган.

«Исро» сурасининг 70 ояти каримасида бани одам фарзандларининг жуда кўп махлуқотлардан кўра афзалликлари баён этилади.»Дарҳақиқат, биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни барру-баҳрда—қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол –пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал- устун қилиб қўйдик».

Бошқа бир оятда осмонлар ва заминдаги барча нарсалар оламдаги мавжудотларнинг афзали бўлган инсон учун яратилганлиги таъкидланади. Инсонга барча афзалликлар эсаАллоҳ таъолога итоат этганлиги учун берилган. Аллоҳга итоат қилиши натижасида инсон фарзанди руҳий комилликка эришади, барча тубанлик ва нопокликлардан покланади. Парвардигор раҳмати оғушидаги пок ва абадий ҳаёт деб аталмиш ҳақиқий саодатга эришади.

Аллоҳ таоло инсонлару оламларнинг мутлақ ва ягона Роббисидир. У олий ҳукмдор, қувват эгаси ва Раззоқдир. Унинг раҳмати бутун борлиқни тебратади. Аллоҳ таоло ҳар бир одамни инсоний қадр-қиммат ва ҳурмат билан тақдирлаган. Инсонлар аслида бир хилдир. Сезиларли даражада ва муҳим фарқ одамлар орасида барпо қилинмаган. Улар миллати, ирқи

ва ранги билан ажралиб туради, холос. Ҳар ким шарафли ва севимли бандалиги билан мағфиратли Парвардигори – оламлар Роббисига боғлангандир.

Ислом дини бутун инсониятга ҳар томонлама мустаҳкам ҳуқуқларни жорий қилган. Ҳар қандай шахс Исломнинг хоҳ ичида бўлсин, хоҳ унинг ташқарисида; хоҳ у тинчлик даврини, хоҳ уруш лаҳзаларини ўз бошидан кечираётган бўлсин, уларга риоя қилинади ва барча шароитда эътибор берилади. Қуръони Каримда очиқ-ойдин келтирилган:

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг. Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни (уларга нисбатан) адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалингиздан хабардор Зотдир» (Моида сураси, 8-оят).

Инсон жони ҳар қандай шароитда муқаддас ҳисобланади ва унга ноҳақдан тажовуз қилинмайди. Агар ким шу муқаддас инсониятнинг жонига ноҳақ қасд қилса, Қуръони Каримда бу кимса бутун инсониятни ўлдириш билан тенглаштирилади:

Аёллар, болалар, қариялар, касал ва дардманларни таҳқирлаш таъқиқланган. Хотин-қизларнинг номуси ва иффати ҳар қандай шароитда ҳурмат қилиниши шарт. Қорни оч қолган кишилар тўйдирилиши зарур, яланғоч қолганлар кийинтирилади ва жабр кўрган, дардга чалинган одамлар учун тиббий ёрдам кўрсатилади. Ҳаттоки Ислом динига алоқаси бўлмаган инсонлар ҳам бундан мустасно эмаслар.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўзларининг видолашув хутбаларида қуйидагиларни марҳамат қилганлар: «Бу кунингиз қандай муқаддас бўлса, бу ойингиз қандай муқаддас бўлса, бу шаҳрингиз қандай муқаддас бўлса, билингки, жонларингиз, молларингиз ҳам то Аллоҳнинг ҳузурига чиққунга қадар бир-бирларингизга бу муқаддас кун, бу муқаддас ой, бу муборак шаҳар каби муқаддасдир. Буларга қилинган ҳар қандай тажовуз ҳаромдир».

Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Бирортангиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи, раҳмлидир» (Ҳужурот сураси, 11–12-оятлар).

Ҳазрат Абу Бакр (р.а.) шундай деган эдилар: «Тўғри иш қилаётганимда менга ёрдам беринг. Лекин хато содир этганимда мени тўғрилаб қўйинг. Аллоҳ ва Унинг расули буйруқларига эргашаётганимда менга бўйсунинг. Мабодо, тўғри йўлдан оғсам, мендан юз ўгиринг».

Ислом дини барча фуқароларга фикрлаш ва ўз фикрини билдириш ҳуқуқини беради. Шундай шарт биланки, унда фақат яхшиликни ва ҳақиқатни тарғиб қилиш керак. Лекин ёмонлик ва камчиликларни тарқатиш учун рухсат берилмайди. Ҳар қандай шароитда ҳам ёмонлик ва мункар ишларни тарғиб қилишга йўл қўйилмайди. Бу, шунингдек, ҳеч кимга ҳақоратомуз ва тажовузкорона тилда танқидни қўллашга ҳуқуқ бермайди.

Аллоҳ таоло инсоннинг бошқа махлуқотга нисбатан мукаррам бӯлганлиги ҳақида буюради: Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик. (Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи учун турли уловларни яратиб, шунга биноан қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди.

Бу ҳам Аллоҳ одам боласини азизу мукаррам қилганидандир. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқдир.

Ф.Матяқубов

Хонка туман «Бобо хўжа бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *